Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Рауф Инилеев: «Мессига мухлисман, аммо «Олтин тўп»ни Роналду олса керак»

Баҳо:
+ | -

Рауф Талгатович Инилеев - ўзбек футболи мухлислари ҳурмат қиладиган мутахассислар сирасига киради. Инилеевнинг Ўзбекистон терма жамоасидан кетганига бир неча йил бўлса-да, ҳамон мухлислар эътиборидан қолмаган.

Шу билан бирга Рауф Талгатович матбуот билан ҳам мудом алоқада бўлиб келган. «Йилнинг энг яхши футболчиси»ни аниқлаш борасида фикрларини билиш учун мурожаат қилганимизда ҳам бу истисно бўлмади. У билан суҳбатимиз анча самимий руҳда кечди.

- Рауф Талгатович, ҳозир дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам йилнинг энг яхшилари аниқланмоқда. Сизнинг наздингизда бу йил юртимизда энг яхши футболчи бўлишга ким кўпроқҳақли?
- Бу саволга жавоб бериш жуда мушкул. Чунки айни вақтда бошқа футболчилардан яққол устунлик билан ажралиб турган ўйинчининг ўзи йўқ. Тўғри, мавсум давомида етакчи футболчилар бўлди, аммо улар вақт алмашиши билан ўзгариб турди. Йил бошида Игнатий Нестеров барқарор ўйини билан кўзга ташланиб турганди, кейин Одил Аҳмедов ажойиб ўйин намойиш қила бошлади, сўнгги ойларда эса Виталий Денисов бу устунликни ўз томонига оғдириб олди. Шундай экан, ҳозир аниқ бир гап айта олмайман. Аммо йилнинг энг яхши футболчиси мана шу уч даъвогар орасидан чиқса, ҳайрон қолмайман.

- «Олтин тўп» учун бораётган кураш ҳақида нима дея оласиз? Роналду зўрми ёки Месси?
- (Кулади). Шу ўринда сизга бир сирни очсам. Аслида, тўғрисини айтсам, мен Мессининг мухлисиман. Аммо шуни тан олиш керак, бу йил «Олтин тўп»га Роналду кўпроқ ҳақли. Бунга сабаблар кўп. Бир томондан португалиялик футболчининг ўзи ажойиб ўйин намойиш қилган бўлса, бошқа томондан Месси жароҳат олди ва унга қарши рисоладагидек рақобатда бўла олмади. Бироқ шу билан биргаликда Франк Риберини ҳам тилга олмасак бўлмайди. У ҳам кучли учликка кирган ва «Олтин тўп»га бошқалар билан теппа-тенг даъвогар. Мен ҳам уни бу мукофотга ҳақли деб биламан. Шунингдек яна бир футболчи - Андрес Иньестани айтиб ўтмасам бўлмайди. Афсуски, «Олтин тўп»ни олиши мумкин бўлган уч футболчи орасида у йўқ.

- Бир масалада фикрингизни билмоқчи эдим. Роналду ажойиб ўйин намойиш қилмоқда, аммо жамоаси билан ҳеч қандай совринга эга чиқмаган. Аксинча, Рибери «Бавария» билан қўлга киритиши мумкин бўлган мусобақаларнинг барчасида ғолиб чиқди. Қай бири «Олтин тўп»га ҳақлироқ?
- Менимча Криштиану Роналду! Тўғри, бу ўринда сизнинг гапингизда ҳам жон бор. Франк Рибери ҳар қачонгидан ҳам ҳозир «Олтин тўп»ни олишга муносиброқ бўлиб турибди. Аммо Роналду шу қадар ёрқин ўйин намойиш қилиб юбордики, ҳар ҳолда барибир бу сов-ринни унга беришса керак. Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг, у ёлғиз ўзи Португалия терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа олди. Швеция терма жамоасига қарши кечган учрашувларда урган голларига бир қаранг. Мана шундай муҳим баҳсларда тўртта тўп киритишнинг ўзи бўладими? Шу хизматлари эвазигаёқ «Олтин тўп»ни Роналду берса бўлади. Юлдуз футболчилар шундай учрашувларда ўзларининг ким эканликларини исботлайдилар...

- Яқинлашиб келаётган жаҳон чемпионатидан нималарни кутмоқдасиз? Сизнингча бу мусобақада ғолиб бўлиш учун кимда имконият катта?
- Ўйиндан олдин башорат қилиш - унчалик ҳам ўзини оқлайдиган иш эмас. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Асосий даъвогарлар сифатида Бразилия, Испания, Аргентина ва Германия терма жамоаларини кўрсатиш мумкин. Бу ўринда яна бир нарсани эслаш лозим. Ҳали бирор марта Жанубий Америкада бўлган мундиалда Европа жамоалари ғолиб чиқмаганлар. Аксинча, Европада бўладиган мусобақада ҳам худди шундай ҳолат. «Кўҳна қитъа»да Жанубий Америка жамоалари мудом омадсизликка учраганлар. Шундай экан, бу омилга ҳам аҳамият қаратса бўлади. Шунингдек иқлим, мухлислар ва стадион ҳам мезбонларга қўшимча устунлик бериши табиий.

- Энди ўз клубларимизга эътиборни қаратсак. Сизнингча, келаси йили ОЧЛда иштирок этадиган ўзбек клубларидан нималарни кутсак бўлади?
- Шу вақтга қадар биз учун энг яхши натижа ОЧЛ ярим финали бўлиб келмоқда. Менимча мана шу натижа такрорланишини кутсак бўлади. Аммо бу осон бўлмайди. Ҳозир Осиё футболи ҳам кучайиб бормоқда. Хитойда ва араб жамоаларида Европа даражасидаги кучли футболчилар тўп суриб, юқори мақсадларни кўзлаб майдонга тушадилар.

- 2014 йилда «Бунёдкор» олдига раҳбарият томонидан ОЧЛ финалига чиқиш ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бориш вазифаси юклатилди. Аммо борган сари етакчиларини йўқотиб бораётган клуб бу вазифани бажара олармикан?
- Бу ўринда кетган футболчилар ким эканига эътибор қаратиш лозим бўлади - Жасур Ҳасанов, Анвар ғо-фуров, Лутфулла Тўраев ва Игнатий Нестеровлар «Бунёдкор»дан кетдилар. Албатта уларнинг барчаси кучли ва тажрибали футболчилар. Аммо тўғрисини айтганда, менимча, фақат Игнатий Нес­теровнинг ўрнини тўлдириш қийин бўлса керак. Қолган ўйинчиларнинг йўқлигини билдирмаслик клубнинг қўлидан келади. Чунки жамоа бир қатор ёшларни тарбиялашга муваффақ бўлган. Сардор Рашидов борасида алоҳида илиқ фикр билдириш мумкин. Шунингдек мавсумолди тайёргарлик жараёни давомида икки-учта позицияни мустаҳкамлаб олишса, бемалол бу вазифани бажариш учун киришса бўлади. Бу борада «Бунёдкор» самарали иш олиб борса керак. Масалан 2013 йилги мавсум бошланиши олдидан Александр Пишур таркибга қўшиб олинган эди. Келаси йили ҳам шундай муваффақиятли харидлар қилинса, бу вазифани бажарса бўлади.

Умид АЛИ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 07:14, 23.12.2013.
Ўқилди: 4522 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.