Кириш Регистрация

Дубайдан Сянгангача

Баҳо:
+ | -

Бир неча кундан сўнг, 2013 йил ҳам тарихга айланади. Якунига етаётган йилда ўзбекистонлик футбол мухлислари мундиал орзуси билаш яшашди, десак муболаға бўлмайди. Аммо бу сафар ҳам орзулар саробга айланди. Бугун миллий терма жамоамизнинг йил давомидаги ўйинларига тўхталиб ўтишни лозим топдик. Аниқроғи, йилни сарҳисоб қилишга қарор қилдик.

Олти ғалаба
Терма жамоамиз 2013 йилги мавсумда 12 учрашув ўтказди. Ўйинларнинг 10 таси расмий мақомга эга бўлди. Иккита учрашуви ўртоқлик мақомини олди. Баҳсларнинг олтитасида бош жамоамиз ғалаба қозонди. Тўртта ўйинда рақиблар билан кучлар тенг келди. Иккита баҳсда мағлубиятга учради. Тўплар нисбати – 19-8, бизнинг фойдамизга.

Голлар
Терма жамоамизнинг жорий йилдаги биринчи голини “Насаф” вакили Шохруҳ Гадоев киритди. Ёш ҳимоячи Осиё Кубоги-2015 саралаш баҳси доирасидаги БААга қарши кечган ўйинда тўп киритишга муваффақ бўлди. Аммо ўша баҳсда вакилларимиз мағлубиятга учрашди.
Умуман олганда, терма жамоамизннг 19та голини Сервер Жепаров (3та), Воҳид Шодиев, Игорь Сергеев, Сардор Рашидов, Улуғбек Бақоев, Одил Аҳмедов, Баҳодир Насимов (2тадан), Шохруҳ Гадоев, Анзур Исмоилов, Олег Зотеев (биттадан) киритишган. Битта ўйинда автогол қайд этилган. Вьетнам футболчиси Ау Ван Хоан Тошкентдаги баҳсда ўз дарвозасини ишғол этган.

Биринчи ғалаба
Терма жамоамиз 2013 йилдаги биринчи ғалабасини 26 март куни қўлга киритди. Шу куни “Бунёдкор” стадионига ташриф буюрган 35 минг мухлис қаршисида Қосимов шогирдлари Ливан терма жамоасини 1:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Энг қизиғи, бунгача бош жамоамиз учта ўйинда ғалаба қозона олмаганди.

Сеулдаги аламли мағлубият
Юқорида айтиб ўтгамиздек, йил бошида ўзбекистонлик футбол мухлислари Жаҳон чемпионатига чиқиш орзуси билан яшашди. Бироқ, 11 июнь санасида Сеул шаҳрида бўлган учрашувдан кейин барчанинг хафсаласи пир бўлди. Жанубий Кореяга қарши ўйиндаги дуранг ҳам бизнинг имкониятимизни оширарди. Лекин ўша баҳсда терма жамоамиз аъзоси Акмал Шораҳмедовнинг автоголи кореяликларга қимматли уч очкони тақдим этди. Кейин эса корейслар ўз майдонида Эронга ютқазиб қўйди. Биз эса Қатарни йирик ҳисобда енганимизга қарамай, ЖЧ-2014га тўғридан-тўғри чиқа олмадик.

Иорданча футбол
Ҳа, мухлисларимиз энди Кореядаги аламли мағлубиятни унута бошлашган бир пайтда терма жамоамиз Иордания тўсиғидан ўта олмай, ярамизни баттар тирнади. Тан олиш лозим, плей-офф баҳсларидан олдин ҳамма Уругвай ҳақида ўйлай бошлади. Лекин Иордания терма жамоаси бизга рақибни менсимаслик қандай оқибатларга олиб келишини намойиш этди.

Энг аламлиси шундаки, худди 2005 йилда бўлгани каби бу сафар ҳам плей-оффда мағлубиятга учрамай, мундиалдан маҳрум бўлдик. Иорданияга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйганимиз ғели ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

Дебютантлар шижоати
Айнан плей-оффдаги муваффақиятсизликлар барчанинг кайфиятини бузиб юборди. Натижада мухлислар орасида ишончсизликлар пайдо бўла бошлади. Кўпчилик Қосимовнинг истеъфосини талаб қилди. Аммо ЎФФ президенти Мираброр Усмонов бош жамоамиз устозига мавсумни якунлаб бериш имкониятини тақдим этди.

Терма жамоамиз қолган учта учрашувда ишончли ғалабаларни қўлга киритиб, Осиё Кубоги-2015 иштирокчисига айланди. Мазкур учашувларда Сардор Рашидов, Игорь Сергеев, Воҳид Шодиев сингари терма жамоамиз дебютантлари ўзларини кўрсатишди.

2013 йилги ўйинлар натижаси:
1 февраль. Дубай Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон – Озарбайжон – 0:0

6 февраль. Тошкент.Осиё кубоги -2015 саралаш учрашуви.
Ўзбекистон – Гонконг – 0:0

22 март. Абу Даби.Осиё кубоги -2015 саралаш учрашуви.
БАА – Ўзбекистон – 2:1
Голлар: Аҳмад Халил 59, Али Мабхут 61. - Шохруҳ Гадоев 16.

26 март. Тошкент. ЖЧ-2014 саралаш учрашуви.
Ўзбекистон – Ливан – 1:0
Гол: Сервер Жепаров 64.            

6 июнь. Хуххот. Ўртоқлик учрашуви.
Хитой            - Ўзбекистон – 1:2
Голлар: Ванг Ёнгпо 31. - Улуғбек Бақоев 45, Сервер Жепаров 54.

11 июнь. Сеул. ЖЧ-2014 саралаш учрашуви.
Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:0
Гол: Акмал Шораҳмедов 43 автогол

18 июнь. Тошкент. ЖЧ-2014 саралаш учрашуви.
Ўзбекистон – Қатар – 5:1
Голлар: Баҳодир Насимов 60, 74, Олег Зотеев 72,Одил Аҳмедов 87, Улуғбек Бақоев 90'+1. - Абдулқодир Адам 37.                    

6 сентябрь. Амман. ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари. Осиё плей-офф босқичи. Биринчи ўйин.
Иордания – Ўзбекистон – 1:1
Голлар: Мусъаб Ал Лаҳам 30. - Сервер Жепаров 35.

10 сентябрь. Тошкент. ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари. Осиё плей-офф босқичи. Жавоб ўйини.
Ўзбекистон – Иордания – 1:1
Голлар: Анзур Исмаилов 5. - Саид Муржан 42.
Пенальтилар серияси     8:9     

15 октябрь. Тошкент. Осиё кубоги -2015 саралаш учрашуви.
Ўзбекистон – Вьетнам – 3:1
Голлар: Сардор Рашидов 69, Игорь Сергеев 90+2. - Ау Ван Хоан 74' автогол, Хоанг 77.

15 ноябрь. Ханой. Осиё кубоги -2015 саралаш учрашуви.
Вьетнам – Ўзбекистон – 0:3
Голлар: Воҳид Шодиев 40, Игорь Сергеев 46, Сардор Рашидов 89.

19 ноябрь. Гонгконг. Осиё кубоги -2015 саралаш учрашуви.
Гонконг – Ўзбекистон – 0:2
Голлар: Воҳид Шодиев 84, Одил Аҳмедов 89.

Аброр Деҳқонов тайёрлади

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 09:37, 27.12.2013.
Ўқилди: 4265 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.