Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Артур Геворкян: «Ҳали орзуларим бор»

Баҳо:
+ | -

«Насаф»нинг туркманистонлик ярим ҳимоячиси Артур Геворкян мана, узоқ йиллардан буён Ўзбекистон чемпионатида тўп суриб келмоқда. У ўтган вақт давомида ўз иқтидорини бир неча бор намойиш эта олди.

Хусусан, мавсум-2013да «Насаф»нинг муваффақиятли иштироки ва совриндорлар қаторига киришида ҳам бу йигитнинг меҳнати катта бўлди. Табиийки, Артурнинг ёрқин ўйинлари журналистлар, мутасадди ва мухлислар назаридан четда қолмади ва мавсум якунига кўра, футболчи «Энг фойдали ўйинчи» совринига муносиб кўрилди. Артур билан тақдимот маросими якунига етгач, бафуржа суҳбатлашдик. Олдинга ўтиб айтиш лозимки, гарчи суҳбат аввалдан режалаштирилмаган бўлса-да, анча самимий руҳда кечди.

- Артур, аввало, соврин билан табриклашга изн берсангиз. Ҳиссиётлар эса табиийки, жўш уриб турган бўлса керак...

- Албатта. Бутун бошли соврин-ни беришади-ю, қувонмайманми? Очиғи, ҳозирги ҳиссиётларимни таърифлаб беролмайман. Ахир юзлаб инсонлар йиғилган даврада юксак соврин олиш ҳазил гапми? Албатта, катта ҳаяжон сезилди. Аслида ҳар қандай эътироф ҳам одамни хурсанд қилади. Бу ерда эса бутун бошли мамлакат футболининг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилдим...

- Бу совринни олишингизни олдиндан билганмидингиз? Ҳар ҳолда, лауреат йил давомида берилган овозлар натижасида аниқланган...

- Аниқ билардим, деб айтолмайман. Аммо менга берилишини айтишганди. Аслида чемпионатнинг «Энг фойдали футболчиси» совринини олганим билан буни бутун жамоамизники, деб биламан. Зеро, жамоадошларимсиз ҳеч нарсага эришолмасдим. Айтмоқчиманки, бу совринда «Насаф»даги ҳар бир футболчининг ўзига яраша ҳиссаси бор. Айнан шерикларимнинг ёрдамлари билан шу эътирофга сазовор бўлдим. Шунингдек, ўз ўрнида менга овоз берган журналистларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг эътирофлари кўп нарсани англатади. «Насаф» - барча футболчилари якдил бирлашган клуб. Шундай жамоа сафида тўп сураётганимдан бахтиёрман. Насиб қилса, келаси мавсумни янада самаралироқ ўтказамиз. Ҳаракат шунга.

- Аммо янги мавсумни бошқа клуб сафида бошлашингиз ҳам ҳеч эмасди. Айтишларича, бир қатор етакчи клублардан молиявий жиҳатдан яхши таклифлар олган экансиз. Нима учун «Насаф»да қолишга қарор қилдингиз?

- Мана, узоқ йиллар давомида «Насаф» таркибида ўйнаб келмоқдаман. Шундай экан, бу жамоадан кетишим қийин. Яшириб нима қилдим, бир қатор чорловлар бўлгани рост. Улар орасида етакчи клублардан тушгани ҳам бор эди. Аммо Қаршига қаттиқ боғланиб қолганман. Жамоамиз жуда аҳил, мураббийимиз ақлли, раҳбарият тадбиркор. Шундай экан, «Насаф»дан кетиб нима қиламан? Боз устига, энди Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этамиз. Айтиш мумкинки, катта иш бошлаб қўйганмиз. Хуллас, шу ишни охирига етказмасдан туриб, кетишни истамайман. Албатта, бошқа клублардан қизиқиш бўлганидан бошим осмонга етди. Бу нарса ўз ишимни қай даражада яхши бажараётганимни билдиради. Шунинг учун мен билан қизиқишган барча клубларга миннатдорчилик билдираман. Аммо ҳозирча «Насаф»да қолишни маъқул кўрдим.

- Келаси мавсум «Насаф»га осон бўлмаслиги аниқ. Чунки рақиблар кучайиб бормоқдалар.

- Футболда қачон осон бўлган? Агар ҳамма нарса осонликча қўлга киритилса, футболнинг қизиғи қоладими? Шундай экан, курашишда давом этамиз. «Насаф» ўз анъаналарига эга клуб ва ҳеч қачон осонликча чекинмайди. Биз буни ўтган мавсумда ҳам исботлай олдик, деб ўйлайман.

- Яқинда Рўзиқул Бердиев билан суҳбатлашганимизда, асосий эътибор ёшларга қаратилиши ва таркибга легионерларнинг таклиф этиш эҳтимоли паст эканлигини айтди. Бунга қандай қарайсиз?

- Бош мураббийимиз фикрига тўлиқ қўшиламан. «Насаф»да ғоят иқтидорли бир қатор ёш футболчилар бор. Уларга албатта, имкон бериш лозим. Клуб ёшларга эътибор қаратаётган экан, бу ҳолат кишини фақат хурсанд қилади. Чунки футболнинг кейинги ривожи айнан уларга боғлиқ.

- Тўғрику-я, аммо мавсум узоқ давом этади, жамоангиз эса бир йўла 3та мусобақада иштирок этиши лозим. Қийналиб қолмасмикинсизлар?

- Қийин бўлиши аниқ. Аммо легионер футболчи келгани билан дарҳол ўйнаб кетишига ким кафолат беради? Боз устига, бизда шундоқ ҳам яхши таркиб шаклланган. Қайтараман, жамоамиз сафида келажаги порлоқ иқтидорли ёшлар етарли. Ўтган йил давомида ўринбосарлар сафидаги бир қатор футболчилар асосий таркиб машғулотларига қўшилдилар. Биз уларнинг иқтидорларини кўриб улгурганмиз ва уялтириб қўймасликларига ишонамиз. Дарвоқе, насиб қилса, келаси мавсум давомида мухлислар ҳам бунга ишонч ҳосил қилишлари мумкин...

- Демак, «Насаф»дан янги Шоҳруҳ Гадоевлар чиқишини кутсак бўлар экан-да...

- Албатта.

- Келаси мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнайсизлар. Яхши биламизки, 2 йил олдин бу мусобақа «Насаф» учун муваффақиятсиз кечган эди. Қисқаси, энди аччиқ бўлса-да, ҳар ҳолда, тажрибага эгасизлар. Шахсан сиз ОЧЛ ўйинларидан нима кутмоқдасиз?

- Фақат яхши натижалар. Тўғри айтдингиз, 2 йил олдин орттирган тажрибамиз фақат аччиқ таассуротлар қолдирганди. Аммо эндиги умидларимиз анча катта. Албатта, халқаро ўйинларнинг масъулияти ҳам шунга яраша катта. Шундай экан, бир томондан, шундай нуфузли мусобақада қатнашишимиздан хурсандмиз, бошқа томондан, унинг ташвиши ҳам босади. Аммо чўчиётганимиз йўқ. Жамоамиздаги ҳар бир футболчи Чемпионлар Лигасини ўзгача умид ва ҳаяжон билан кутяпти. Бу ўйинларда ўзимизни кўрсатиш ва мухлисларимизни хурсанд қилишни истаймиз. «Насаф» футболчилари Осиё Чемпионлар Лигасида нафақат клуб, балки улкан мамлакат - Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишларини яхши биладилар. Демак, ҳар бир футболчи бор маҳоратини ишга солиши тайин. Хуллас, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ўйлайманки, бунинг учун жамоамизда салоҳият етарли.

- Мавсум-2011 «Насаф» учун жуда омадли ўтганди. Зеро, клуб ОФК кубогида ғолиб чиқибгина қолмай, Ўзбекистон чемпионатида ҳам кумуш медаль ютди. Фаолиятингизнинг юлдузли дамлари ўша мавсумга тўғри келган, дейиш мумкинми?

- Бир ҳисобдан гапингиз тўғри, ҳақиқатан ҳам, ўша йили кўтаринки руҳда ўйнагандик. Айниқса, ОФК кубоги финалини ўзимизнинг қадрдон стадионда ўтказганимиз ва мухлислар кўз ўнгида ғалабага эришганимизни унутиб бўлмайди. 2011 йил ҳар биримиз учун том маънода кўтарилиш даври ҳисобланади. Аммо ўша ғалаба фаолиятимнинг энг юқори чўққиси бўлиб қолади, деб ўйламайман. Умид қиламанки, энг ёрқин ўйин­ларим ҳали олдинда. Бундан ҳам арзирли ғалабаларга эришишимизга ишончим комил.

- Нима деб ўйлайсиз, қандай сабабларга кўра, ОФКдаги ғалабадан сўнг «Насаф» учун қийин кунлар бошланди? Ахир ҳаммаси яхши кетаётганди, кейин бирданига муваффақиятсизликлар бошланди. Фақат, бу йил ҳаммаси бироз изга тушгандек...

- Билмадим, очиғи, нима бўлганини аниқ айтолмайман. Шунчаки, ҳар қандай клубда кўтарилиш ва пасайиш даври кузатилади, деб ўйлайман. Бунга бошқа сабаб келтиролмайман. Муваффақиятсизликларга келсак... Бунда фақат биз - футболчиларни айблаш мумкин. Мағлубиятда клуб раҳбарларини ҳам, мураббийларни ҳам айблаб бўлмайди, чунки майдонга улар эмас, биз тушамиз. Шундай экан, барча масъулиятни футболчилар ўз зиммаларига олишлари лозим. Тўғри, футболда мағлубият учун мураббийни айблаш урфга айланган, аммо мен бундай ўйламайман. Шунчаки, мағлубият ҳам футболнинг бир қисми ва ҳар қандай клуб бошига тушиши турган гап. Ҳа, 2011 йил биз учун ғоят муваффақиятли кечди. Кейин 2012 йили муаммолар бошланди. Ўшанда ҳамма қийналгани аниқ. Чунки жамоа ғалаба қозониб турмаса, футболчининг руҳияти баланд бўлмайди. Бахтимизга 2013 йили вазиятни ўнглаб олдик.

- Ўтган мавсум ҳам «Насаф» учун омадсиз бошлангандек эди, аммо жамоа тезда ўзгарди. Бунинг сири нимада?

- Муваффақият сири - аҳил жамоа ва тадбирли мураббий. Баъзан шундай бўладики, омадсизлик туфайли ички низолар бошланиб кетади. Ҳамма бир бирини айблашга тушади, ўзининг ҳақлигини исботлаш учун бор кучини сарфлайди. Баъзан эса муваффақиятсизликлар ҳаммани баҳамжиҳат қилиб, бирлаштиради. Даст­лабки 2 турда кўнгилдагидек натижа қайд этолмаганимиздан сўнг вазиятга реал баҳо бердик ва қилинадиган ишларни белгилаб олдик. Ҳамма ўз вазифасини бажарди ва яхши натижалар ҳам куттириб қўймади. Бор сир шу. Насиб қилса, келаси мавсумда ҳам ҳамжиҳатликни йўқотмасак, ижобий натижаларга эришамиз.

- Рўзиқул Бердиев кўп бора алоҳида таъкидлаган: «Артур Геворкянни таркибда сақлаб қолиш муҳим». Бундай эътибор сиз учун қай даражада таъсирли?

- Албатта, жуда хурсанд қилади. Бунинг учун жамоамиз бош мураббийидан миннатдорман. Демак, шунга яраша ишлашим лозим, ўзимни кўрсатишим шарт. «Насаф» учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.

- Бир сафар ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга кирганимизда, суратингиз остида қолдирилган изоҳ эътиборимизни тортди: «Артур, сен буюк футболчи бўлмоқчи эдинг, нега бунга эришолмадинг?» Бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз?

- (Кулади). Тўғриси, ўзим кўрмаган эканман ўша изоҳни. Анча бўлди ижтимоий тармоққа кирмай қўйганимга. Бир кўришим керак экан...

- Аммо шундай савол берилса, жавобингиз қандай янграйди?

- (Бироз ўйланиб). Билмадим, ҳозир фаолиятимга баҳо беролмасам керак. Балки кейинроқ, ёш ўтгач, барчасини сарҳисоб қиларман. Яширмайман, ёшликда катта орзуларим бор эди, уларнинг баъзиларига эришдим, баъзиларига эса йўқ. Аммо бир нарсага ишончим комил, ҳеч қачон ишлашдан тўхтаб қолмаганман, мудом ҳаракатда бўлганман. Шу вақтга қадар эришган ютуқларим балки жуда юксак эмасдир, аммо улар - меҳнатларим самараси. Шуниси билан кичиккина муваффақият ҳам мен учун азиз. Футболчилик фаолиятим ҳали якунлангани йўқ, демак, орзуларим ҳам саробга айланмади. Хуллас, ишлашда давом этаман, у ёғига тақдиримда борини кўраман. Бояги саволга келсак... Агарда менинг ютуқларим ўша савол эгасига жуда паст кўринса, демак, у Криштиану Роналду бўлиши керак (кулади).

- Самимий суҳбат учун раҳмат. Умид қиламизки, фаолиятингиз охирига қадар барча орзуларингиз рўёбга чиқади...

- Сизларга ҳам раҳмат. Мен ҳам мудом умид билан яшайман.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 08:37, 03.01.2014.
Ўқилди: 4793 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.