Махачқалъанинг "Анжи" клуби қишки трансфер мавсумида Россия клублари орасида энг фаоли бўлиб турибди. Жамоа раҳбарияти "Анжи"ни Премьер-лигада сақлаб қолиш учун жиддий ҳаракатларни бошлаб юборишган.
Клуб бир қанча футболчилар билан музокаралар олиб боряпти. Яқин орадаа жамоа таркибини Саммир («Динамо» Загреб), Динияр Билялетдинов, Веллитон (иккаласи — «Спартак»), Артур Юсупов, Федор Смолов (иккаласи — «Динамо»), Александр Алиев, Артем Милевский, Шамиль Асильдаров (клубсиз) ва Антон Путило («Волга») тўлидиришлари кутилмоқда.
"Анжи" собиқ мураббийларидан бири Андрей Гордеевнинг фикрича, жамоа Премьер-лигада ўз ўрнини сақлаб қола олади.
"Клуб раҳбарияти янги ўйинчиларни таклиф қилиш мақсадида катта пул сарфлаётгани шундан далолат берадики, хўжайинлар муваффақиятга ишонишади ва жамоани тақдир ҳукмига ташлаб қўйишмоқчи эмас. Холис қарайдиган бўлсак, "Анжи" Премьер-лигада қолиш имконияти паст. Шахсан ўзим клубнинг кўп ходимлари билан танишман. Ишончим комил, улар охиригача курашишади. Мен ҳам "Анжи"га бефарқ эмасман ва улар пастга тушиб кетишмайди деб умид қиламан. Бунинг учун барча футболчилар жипслашиши ва мақсадга эришиш учун бор кучларини сарфлашлари лозим", дейди Гордеев.
Жамоага янги футболчилар таклиф этилаётган бўлса-да, жамоани баъзи етакчи футболчилар тарк этишди. Ласина Траоре "Монако" билан шартнома имзолаган бўлса, Жусилей Бразилияга қайтишни истамоқда. Андрей Ешенко эса Москва клубларидан бирига ўтиши мумкин. Шунингдек, Одил Аҳмедов ҳам "Краснодар" билан музокараларнинг сўнгги босқичини бошлади.
Эслатиб ўтамиз, "Анжи" 19 турдан кейин мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди. Ҳали бирорта ҳам ғалабани қўлга киритмаган Гаджи Гаджиеа жамоаси ҳисобида бор-йўғи 8 очко бор.