ЖЧ-2014 саралаш босқичи қуръаси Чезаре Пранделли жамоаси учун омадли келганди: Италия термаси ўз гуруҳида Дания, Чехия, Болгария, Мальта ва Арманистон билан баҳс олиб борди.
Футбол тожининг 4 карра соҳиби мусобақани Софиядаги жанговар дуранг (2:2) билан бошлади. Ўйин давомида меҳмонлар ҳисобда ортда боришган бўлишсада, пировардида мағлубиятдан қутулиб қолишди. Пранделли итальянлар учун муваффақиятли кечган Евро-2012дан кейин Антонио Кандрева ҳамда Пабло Освальдони жалб этиш орқали таркибни бироз ўзгартирди. Натижада «хонакилаштирилган» аргентиналик 4та гол билан жамоанинг 2-тўпурарига айланди. Ундан яхшироқ натижа (5та гол)ни фақат Марио Балотелли қайд этди. Сўнгги ЕЧ бош қаҳрамони - Андреа Пирлонинг ўйинлари унчалик ёрқин чиқмади, лекин у жамоадаги етакчилар мавқеини сақлаб қолди. Пирло бошқа футболчилардан кўра, кўпроқ майдонга тушди (10та ўйиннинг 9тасида) ва 5та голга ассистентлик қилди. «Ювентус»да асосан захирада қолиб кетаётган Жаккеринининг статистикаси Пирлоникидек ёрқин эмас, аммо у ҳам ўйин суръатини бузмади. Умуман, италияликлар мусобақани бир текисда ўтказишди: йирик ҳисобдаги натижалар қайд этилмади, шунингдек, мағлубиятга ҳам учрамадилар. Охир-оқибат, мусобақа якунланишига 2 тур қолганида, «Мовий гвардия» ЖЧ йўлланмасини нақд қилди. Бироқ ўз тарихида рекорд кўрсаткич билан мундиалга йўл олган «Скуадра Адзурра»ни Бразилияда «ўлим гуруҳи» кутиб турибди. Жамоа «плей-офф»га чиқиш учун Англия, Уругвай ва Коста-Рика билан куч синашади. Шунга қарамай, Чезаре уммон ортига ягона мақсад билан йўл олажагини таъкидлаб ўтди: «Мен доимо ўз шогирдларимга шундай ўгит бераман: «Осилсанг - фақат баланд дорга осил!» Ҳа, 56 ёшли мутахассисни фақат 5-футбол тожи қаноатлантиради.
«А» серияси 5,49 млрд. евро оладиИталия олий дивизиони амалдаги шартномага асосан телетрансляциялар учун ҳар мавсум 829 млн. евро олади. Бу Европада АПЛдан кейин 2-яхши кўрсаткичдир. Аммо даромад миқдорининг ўсишда давом этишига шубҳа йўқ: 2015 йили ниҳоясига етадиган шартнома қиймати қайта кўриб чиқиш чоғи 10-12 фоиз қимматлашиши кутилмоқда. Яъни 6 йиллик янги келишув «А» серияси ғазнасига 5,49 млрд. евро келтиради.
Мораттининг даври ўтди...Италиянинг афсонавий клубларидан бирига тегишли акциялар пакетига оид жараён қарийб 6 ойга чўзилди. Баҳорда ОАВ индонезиялик бизнесмен Эрик Тоҳир «Интер» клуби ривожи учун ўз сармояларини киритишга тайёр эканлиги ҳақидаги хабарларни эълон қилишди. Массимо Моратти эса сўнгги йилларда ўз клубини ҳеч кимга сотмаслигини қайта-қайта таъкидлаб келарди. Италиялик журналистлар жамоанинг 51 фоиз акцияси сотувга қўйилишини тахмин қилишди. Ўзини «Интер»нинг ашаддий мухлиси, деб биладиган 43 ёшли Тоҳир спорт соҳасида маълум тажрибага эга. У MLSнинг «Ди Си Юнайтед» клуби соҳиби бўлибгина қолмасдан, Жанубий-Шарқий Осиё баскетбол ассоциацияси президенти сифатида ҳам фаолият олиб боради. Анчайин мураккаб вазиятда ўтган музокаралар якунида «Интер»нинг 70 фоиз акцияси Тоҳир ва унинг 2 нафар бизнес-ҳамкори ихтиёрига ўтди. 15 ноябрь куни индонезиялик тадбиркор «Интер»нинг янги соҳиби ва президенти сифатида расман таништирилди. Моратти эса фахрий президент лавозими ҳамда 28,3 фоиз акцияни ўз измида сақлаб қолди. Орадан бир неча кун ўтгач, ҳамкорларнинг ривожланиш стратегияси бобида ҳамфикр эмасликлари ҳақида миш-мишлар тарқалди.
...Галлиани даври эса давом этмоҚда«Милан» клубининг афсонавий функционери вице-президент лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. Ваҳоланки, кузда унинг истеъфога чиқиши ҳақидаги гап-сўзлар роса авж олганди. Зеро, ўшанда Галлиани клуб соҳибининг қизи - Барбара Берлускони билан келишолмай қолганди. Кейинчалик матбуотда Барбаранинг отасидан Галлианини ишдан бўшатишни талаб қилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Табиийки, вице-президент ҳам жавоб беришни узоққа чўзиб ўтирмади ва истеъфога чиқишини маълум қилди: «Менинг мавқеимга кучли зарба берилди. Энди ҳатто товон пули масаласини ҳал қилмасдан ҳам, ишдан кетишга тайёрман». Шундан кейин ОАВда менежернинг келажагига оид турли тахминлар билдирилди. Жумладан, унинг «ПСЖ» ёки «Челси»га ўтиши хусусидаги хабарлар эълон қилинди. Бироқ секин-аста эҳтирослар пасайди. Декабрда дон Адриано бошқа ҳеч қандай футбол тузилмасида ишламаслигини таъкидлади, кейинчалик «Милан»дан кетмаслигини ҳам. Ўтган ҳафта эса 1986 йилдан буён ишлаб келаётган вице-президент жамоа билан янги 5 йиллик шартномага имзо чекди.
Тотти кимсан Пиолани Қувишга киришди«Рома»нинг афсонавий ҳужумчиси 17 март оқшоми «Парма» дарвозасини ишғол этиш орқали Италия чемпионатлари тарихидаги тўпурарлар орасида иккинчи ўринга чиқиб олди. Франческонинг жаримадан йўллаган ажойиб зарбаси унга швециялик Гуннар Нордал (225 гол)дан ўзиб кетиш имконини берди. Сўнгги пайтда «бўрилар» сардори айнан жарима зарбалари эвазига ўз голлари сонини ошириб бормоқда. Ўтган мавсумни «Рома» бир текисда ўтказолмади. Чемпионат авжига чиққан палла романтик Зденек Земан ўрнини прагматик Аурелио Андреаццоли эгаллади. Аммо ўйин фалсафасидаги кескин ўзгариш Тоттининг нуфузига соя солмади. У Эрик Ламела билан ҳамкорликда «бўрилар» сафидаги энг барқарор ўйинчилардан бири бўлди. Мусобақа якунида эса «А» сериясидаги голлари сони 227тага етди. Янги мавсумда ҳам Тотти рақиб дарвозабонларини 3 марта ранжитди. Шу тариқа 30-50-йилларнинг афсонаси - Сильвио Пиола натижаси(274 гол)ни таъқиб қилишда давом этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Пиола энг сермаҳсул мавсумларини «Лацио» таркибида ўтказиб, голларининг салкам 50 фоизини айнан шу жамоа сафида нишонлаган. Тўғри, азалий рақиб жамоанинг тўпураридан ўзиб кетиш 37 ёшли Тотти учун осон эмас. Бироқ Франческо ҳозирча рисоладагидек тўп сурмоқда ва бунинг учун бор куч-маҳоратини ишга солишини қайта-қайта таъкидламоқда.
«Рома»нинг суперстарти: Қаторасига 10та Ғалаба!Ёзда Руни Гарсия қўлига ўтган «Рома» жорий мавсум Италия чемпионатлари стартидан бошланган ғалабалар серияси бўйича «Ювентус»га тегишли рекорд(9та ғалаба)ни янгилади. 25 август куни илк ғалабани нишонлаган жамоа қаторасига 10та учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. 3 ноябрь куни «Торино» меҳмони бўлган «Рома» дуранг билан чекланиб, дастлабки очколарни бой берди. Гарсия фақатгина тактика борасида машҳур эмас. Ўзининг катта футболдаги фаолиятини жисмоний тайёргарлик мураббийи сифатида бошлаган мутахассис аср аввалида «Сент-Этьен»да ишлади. Кейинчалик у раҳбарлик қилган «Лилль» клуби 2010|2011 йиллар мавсумида «олтин дубль» қайд этди. Ўшанда жамоавий ўйин ҳамда юксак жисмоний тайёргарлик муваффақиятнинг асосий гарови сифатида баҳоланганди. «Бўрилар» дастлабки 2та ғалабани элитага эндигина қайтган «Ливорно» ва «Верона» билан баҳсларда нишонладилар. Ўйин сифати унчалик юқори бўлмасада, жамоа дастлабки 5та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Қизиғи шундаки, голларнинг барчаси иккинчи бўлимларда қайд этилди. Анъана 6-тургача давом этди. Ана шу ўйинлардаги 12та голнинг ҳаммаси фақат танаффусдан кейин урилди. Қайд этилган рекорд сериядан кейин 30 очко жамғарган «Рома» танҳо пешқадам сифатида турнир жадвалини бошқариб борди, тўплар нисбати ҳам фантастик (24:1) кўриниш олганди. Ке-йинчалик юз берган дуранглар серияси амалдаги чемпион - «Ювентус» фойдасига ишлади. Гарсия скудеттога даъвогарлик хусусида жарангдор ваъдалар беришга шошилмаяпти. Унинг эътирофича, «Рома»нинг жорий мавсумдаги бош мақсади - ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш.
«Гаттузогейт»Италия ИИВ қошида ташкил этилган келишилган ўйинлар бўйича махсус давлат комиссияси кальчони «соғломлаштириш» йўлида 2 йил аввал бошланган ишни давом эттирмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш маҳкамалари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган мамлакат футбол федерацияси июль ойида навбатдаги жазо чораларини эълон қилди. Хусусан, 2008-2009 йилларда келишилган ўйинларга алоқадор бўлган бир гуруҳ футболчилар турли муддатларга дисквалификация қилингани ойдинлашди. Жазоланган футболчилар орасида энг машҳури - Бельгия терма жамоаси собиқ дарвозабони Жан-Франсуа Жийе бўлиб, у профессионал фаолиятини деярли тўлалигича (14 йил) Италияда ўтказган. Жийе 4 йилга футболдан четлатилди. Беларуслик Виталий Кутузов эса 3,5 йиллик дисквалификация билан жазоланди. Декабрь ойида бошқа бир «бомба» футбол оламини ларзага келтирди: «Ҳозирда фаолиятини якунлаб улгурган 2006 йилги жаҳон чемпиони Женнаро Гаттузо ва «Милан» ҳамда «Лацио» клубларининг собиқ аъзоси Кристиан Брокки келишилган ўйинларга алоқадорликда гумон остига олиндилар». Бу нохуш хабар мағрур ва иззатталаб Гаттузони қаттиқ ранжитди. У матбуот вакилларига келишилган ўйинларга умуман алоқадор эмаслигини қатъий ҳолда таъкидлаб, қўшимча қилди: «Агарда мени айбдор, деб топишса, бундай иснодга чидолмаслигим аниқ». Умуман, сўнгги 1,5 йил ичида Италияда 54 нафар собиқ ва ҳозир ҳам тўп сураётган футболчилар, мураббий ва мутахассислар жавобгарликка тортилдилар.
РАҚАМ«Удинезе» ҳужумчиси Антонио Ди Натале қаторасига 4 мавсумдан бери 20тадан гол уриб келмоқда. Бу итальян футболчиси учун юксак натижа.
2013 йилнинг рамзий термаси Дарвозабон: Жанлуижи Буффон («Ювентус»)Ҳимоячилар: Андреа Барцальи («Ювентус»), Гонсало Родригес («Фиорентина»), Кристиан Мажо («Наполи»), Мануэль Паскуаль («Фиорентина»)
Ярим ҳимоячилар: Артуро Видаль («Ювентус»), Марек Гамшик («Наполи»), Поль Погба («Ювентус»), Борха Валеро («Фиорентина»)
Ҳужумчилар: Эдинсон Кавани («Наполи»|«ПСЖ»), Адем Ляич («Фиорентина»|«Рома»)
Захирадагилар: Сиригу («ПСЖ»), Кьеллини («Ювентус»), Верратти («ПСЖ»), Диаманти («Болонья»), Гуарин («Интер»), Балотелли («Милан»), Ди Натале («Удинезе»)
Бош мураббий: Винченцо Монтелла («Фиорентина»)