Кириш Регистрация

Эйсебионинг қора икраси

Баҳо:
+ | -

5 январь куни тунда Португалиянинг афсонавий собиқ футболчиси — Эйсебио 72 ёшида вафот этди. Бугунги саҳифамизда эса ана шу инсонни хотирлаймиз.

— Саида... Саида...
Бир маҳал қорачадан келган, чиройли костюм кийган киши Россия термасининг кийиниш хонасидан қўлида қора икра банкасини кўтариб олган ҳолда пайдо бўлди. Черкизов йўлагида бир қанча мухбирлар турарди. У инсон ўзини ҳамда қўлидаги банкасини қаерга қўйишни билмай, вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини қидира бошлади.
— Саида... Саида, — деди у яна.
Биз уни танидик, албатта. Унга керакли чиқиш йўлини ҳам кўрсатдик “saida” португалчада чиқиш дегани. Мен шунда ўзига номуносиб бўлган хатти-ҳаракатни пайқадим. Афсонавий Эйсебио 2005 йили Москва ҳамда Португалия терма жамоалари ўзаро дуранг натижа кўрсатганида рақиб жамоани чиройли ўйин билан табриклаш учун келган эди. Шу билан бир қаторда, мухлисларнинг қийқириқларидан ўзини йўқотиб қўймай, бирозгина хижолат тортди, холос. У бегона жой, нотаниш кўз ва қўлидаги беўхшов банкадан хижолат тортарди.
— Саида... Саида!

Орадан етти йил ўтгач, Эйсебио ўша ўйин ҳамда икрани ёдга олди. Эндиликда фақат хижолат билан эмас, балки илиқлик билан хотирлади. Мехмонхонага ташриф буюргани ҳамда банкани очиб, икрани тановул қилгани ҳақида сўзлаб берди. Португалияда бундай мазали нарсани истеъмол қилолмаслигини, бу жуда қимматлик қилишини ҳам таъкидлаб ўтди.

Бир йилдан сўнг эса у ўзининг “ultima saida”си, яъни сўнгги чиқишини ҳам топди.
Эйсебионинг ўлими ҳақида эшитиб, «Ким ўзи у?» деган саволни бериши мумкин бўлган бўлган инсонларни биламан. Улардан ўпкалаб ҳам бўлмайди. Португаль бундан қирқ йил аввал футбол ўйнашни тўхтатган ва шундан бери жаҳоннинг энг зўр футболчилари бешталиги ва ўнталиги рўйхатида номини сақлаб қолган. У ҳеч қачон мухбирлар билан жанжаллашмаган. Ҳамманинг эътиборига тушиш учун гиёҳвандликка чалинмаган. Афсонавий клубларни бошқармаган. Каҳва ҳам ишлаб чиқармаган, спорт вазири лавозимини ҳам эгалламаган.

Эйсебионинг ўйин услуби ҳам шунга мос эди. Келиб чиқиши ҳамда ҳаётга бўлган муносабати каби футболда ҳам у яхши таассурот қолдиришга эмас, балки, фойдали бўлишга интилди. Тезлиги, кучи, майдонни кўра олиши, ички ҳис ҳамда зарбаси ўзиха хос эди. Шунинг учун бўлса керак, болалигимда «Бу — Пеле» номли фильм хотирамда сақланиб қолган. Лекин «Бу — Эйсебио» номли фильм бўлмаган. Лекин дунё у билан фақатгина футболчи сифатида видолашмади. Сўнгги ўн йиллик ичида собиқ буюк футболчи ҳақиқий инсон эканлиги кўрсата олди. У билан бўлган иккинчи учрашув бир йилдан бироз кўпроқ олдин, 2012 йилнинг ноябрь ойларида бўлган эди. Лиссабонга иккита иш билан боргандим, лекин уларнинг ҳеч бири Эйсебио билан боғлиқ эмасди. Кейин эса дўстларим билан боғландим, улар ҳам дўстларини чақиришди. Бу эса унинг «Бенфика» жамоасининг «Да-Луж» стадиони ёнида ўрнатилган ёдгорлигини суратга олаётганимда содир бўлганди. Танишларим билан ресторанда ўтирибмиз, қўшни столда эса Эйсебио — у ҳам дўстлари билан тановул қилишга келибди.

Кун жуда оғир кечган, кечқурун ишлаш ҳам керак эди. Шунинг учун Эйсебионикига ташриф буюришни истамагандим. Бундан ташқари, унинг биз билан гаплашишига ким ҳам кафолат бера оларди? Дўстлари билан дам олаётган Эйсебио! Бундан ташқари, кундузи «Бенфики»даги бир одам унинг юлдузлигини ҳам қистириб ўтганди. Ҳамкасбларим қатъий қарорга келди: йўлга чиқамиз. Зўрға рози бўлдим. Лекин кейин бир сония ҳам бунга афсусланмадим.

У ҳақиқатан оддийгина столда ўтирарди, ресторан ҳам шинамгина экан. Эйсебиога кекса жуфтлик ҳамда яна бир ўзи қатори дўсти ҳамроҳлик қиларди. Биз қўшни столдан жой олдик. Олдинига роса иккиландик, португалча гапиришни биладиган дўстимиз қатъият қилиб унинг олдига борди.

— Жаноб Эйсебио.
Юлдуз олдинига рад этди. Кейин эса таклифимизга рози бўлди. Лекин биринчи таомни тановул қилиб олишга рухсат сўради. Бутун суҳбат давомида у бизга оқ протвейнни тановул қилишни таклиф этди. Эйсебио португалча десертни фарқлай оларди.

Биз тезда унинг столига кўчиб ўтдик. Деворга тираб қўйилган ҳассани кўрдим-у, барини тушундим — ахир у 32 ёшида тиззасидан олган жароҳати жиддий из қолдирганди. Тез орада барчамиз у билан қуюқ суҳбатга киришдик.

Афсонанинг дўстлари ҳеч қаерга кетмади. Бизга қўшилиб олдин ҳам эшитган нарсаларини қайта тинглаб ўтиришди. Лев Яшиннинг беваси Валентина Тимофеевна томонидан совға қилинган жунли шубани Эйсебио бутун умри давомида сақлаб келар экан. У, шунингдек, ўша икра ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Бир қанча вақтдан сўнг қўшни столдагилар ҳам бизга келиб қўшилди. Бироздан сўнг бизга Эйсебио ҳақида маълумот берган дўстларимиз, «Бенфика»нинг ишқибозлари ҳам бизга қўшилди. Бу эса Эйсебиога ўзгача қувват берди, шекилли, у янада кўпроқ гапиришга тушиб кетди. Ҳиссиётга берилиб кетганидан бир неча бор ўрнидан туриб, нима демоқчи эканлигини имо-ишора билан кўрсатиб беришга ҳам ҳаракат қилди. Суҳбат якунида эса барча билан қучоқлашиб хайрлашди ва рус тилини билишини мақтаниб ҳам қўйди.

— Мен сени севаман, — деди Эйсебио рус тилида.
Ён-атрофда унга шу тариқа жавоб қайтаришни истамаган одамнинг ўзи қолмади.
Бугун Эйсебионинг орамизда йўқ эканлигини тан олишга мажбурмиз, гарчи бу жуда оғриқли бўлса-да.

Ҳозирда афсоналаридан бирини йўқотган футбол ҳамда жавоҳири, беқиёс ўйинчиси ва умрининг охиригача ҳаётга бўлган муҳаббатини йўқотмаган буюк инсонидан айрилган Португалияга ҳамдардлик билдириб қоламиз.

Евгений Зичковский

Низомжон ИСЛОМОВ таржимаси.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:56, 14.01.2014.
Ўқилди: 5295 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.