Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Аваз Бердиқулов: "26 январь куни ОК ва ЖЧ саралашини бирлаштириш масаласи кўриб чиқилади"

Баҳо:
+ | -

Уммонда старт олган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзоларидан ташқари, яна 3 нафар юртдошимиз, аниқроғи, мутахассисларимиз ҳам бўлиб туришибди. ФИФА рефериси ассистенти Жамшид Саидов бош ҳакамга қанотда ёрдам беряпти.

Фарҳод Абдуллаев назоратчи ҳакам вазифасини бажаряпти. Афсуски, бу сафар қитъа чемпио­натига Ўзбекистондан бош ҳакам таклиф этилмади. ОФКда фаолият юритаётган ягона ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов эса Осиё чемпионатининг бош стадиони - «Султон Қобус»да ўтказиладиган ўйинларга масъул шахс сифатида тайинланган. ОФК «Мусобақаларни ўтказиш бўлими»да менежер лавозимида ишлаётган ёш мутахассисимизнинг таъкидлашича, Осиё кубоги ва ЖЧ саралашининг Осиё минтақаси бўйича мусобақаси бирлаштирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Ушбу масалага 26 январь куни аниқлик киритилади.

- Аваз, Уммон давлатининг Осиё чемпионатига кўрган тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
- Уммон биринчи маротаба Осиё чемпионати даражасидаги йирик мусобақага мезбонлик қиляпти. Биринчи галда шу нарсага эътибор қаратиш керак. Тўғри, мамлакатда шу пайт­гача турли ёш тоифасидаги қитъа чемпионатлари саралаш ўйинларини ўтказиб келинган. Ўтган йили 14 ёшлилар ўртасидаги қитъа биринчилиги саралаш босқичи ҳам шу давлатда ташкиллаштирилди. 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ОЧнинг ўзи илк маротаба ташкил этилмоқда. Бу ОФК учун ҳам ўзига яраша синов. Демак, Уммон учун янада катта синов бўлиш баробарида яхшигина тажриба мактабини ўтаб беради. Қолаверса, Уммон катталар ўртасидаги ОЧ-2019 мезбонлигига ҳам даъвогарлик қиляпти. Шу қитъа чемпионати орқали ОФК мутасаддилари Уммонда футболга нисбатан эътиборни кўздан кечиришади. Бу мусобақанинг муваффақиятли ўтказилиши 2019 йилги Осиё чемпионати мезбонлиги учун курашда катта аҳамият касб этади. Энди тайёргарликка келсак, бу борада ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Ҳатто Уммон ўз имкония­тидан баланд сакради, дейиш мумкин. ОФКнинг ОЧга жавобгар гуруҳи чемпионат бошлангунига қадар ҳам бир неча марта Уммонга келиб кетди. Шахсан ўзим ўтган йили 4 марта Уммонда бўлдим. Тайёргарликни бевосита кўриш мақсадида Уммон - Сурия ўйинига комиссарлик ҳам қилдим. Мамлакатда футболга қизиқиш юқори. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Уммон бошқа араб давлатларидан фарқ қилади. Биринчи галда, давлатда хорижликлар жуда кам, асосан маҳаллий аҳоли истиқомат қилади. Ҳатто такси ҳайдовчилари ҳам уммонликлар. Менталитет ҳам бошқа­ча. Англия премьер-лигасида бир неча йиллардан бери муваффақиятли ўйнаётган дарвозабон Али ал Ҳабси Уммоннинг барча даврлардаги биринчи рақамли футболчиси ҳисобланади. Кўчаларда, ҳатто давлат ташкилотларида ҳам унинг суратларига кўзингиз тушади. У туфайли Уммонда миллионлар ўйинига эътибор кундан-кунга ортиб боряпти. Шуларни инобатга олган ҳолда, U-22 белгисидаги илк Осиё чемпионати мезбонлигини Уммонга ишониб топширдик. Бу билан ОФК байроғи остида ўтказилаётган мусобақалар географиясини кенгайтиришга эришдик. Ҳозирча мусобақани Уммонга топширганимиздан афсусланмаяпмиз. Ўйинлар ўтказилувчи «Султон Қобус», «Сиб» ҳамда «Роял Полис» стадионларида барча зарурий шароитлар яратилган. Тўғри, баъзи камчиликлар ҳам йўқ эмас. Бусиз иложий йўқ. Лекин умумий олганда, жиддий эътирозлар йўқ.

- Стадионлар ва машғулот майдонларининг ҳолати қандай?
- 5 январь куни, яъни мусобақа бошланишидан бир ҳафта аввал Маскатга етиб келдим. Ўзи январь ойида араб мамлакатларида унчалик иссиқ бўлмайди. Ҳаво ҳарорати 17-20 даража атрофида. Футбол ўйнаш учун жуда яхши иқлим шароити. Лекин тез-тез ёмғир ёғяпти. Бу майдон майсасининг ҳолатига таъсир ўтказяпти. Кечқурун ҳатто қалинроқ кийиниб юришга ҳам тўғри келяпти. Майдоннинг ҳолатини яхши сақлаш мақсадида жамоалар билан ўзаро келишган ҳолда машғулот ўтказмасликка қарор қилинди. Аниқроғи, учрашувдан бир кун олдинги расмий машғулотлар ҳам бошқа майдонда ўтказиляпти. Жамоалар бир кун олдин бориб, стадион ва майдон билан шунчаки, танишиб қайтишяпти. 6та машғулот майдони танлаб олинган. Улардан бири «Султон Қобус» стадиони олдида жойлашган. Султон Қобус университетида 2та машғулот майдони бор. «Аҳли Седаб», «Боушир» ҳамда «Маскат» клубларига қарашли стадионлар ҳам машғулот учун ажратилган. Барча иштирокчи жамоалар аввалдан белгиланган жадвал бўйича машғулот ўтказишади.

- Стадионларда ОАВ ходимлари учун шароитлар (Wi-Fi тизими, микст-зона) етарли даражадами?
- Бу биринчи галдаги талаблар сирасига киради. Уммон телекомпания­си билан ҳамкорликда Осиё чемпионатини ёритиш учун келган ОАВ ходимлари учун симсиз (Wi-Fi) интернет тизими йўлга қўйилди. Адашмасам, сониясига 35 мегабайт тезликдаги пакетли шартнома имзоланди. Ҳар бир журналистга алоҳида карточка берилган. У орқали интернет тизимига уланиб, бемалол ишлаш мумкин. 3та стадионда ҳам матбуот марказлари ишлаб турибди. Бевосита «Султон Қобус» ҳақида гапирсам, ўйинолди ва учрашувдан кейинги матбуот анжуманлари стадионнинг ўзида ўтказилади. Микст-зона, яъни футболчилардан интервью олиш учун мўлжалланган ҳудудларни ҳам ташкил қилганмиз.

- Бу ёш тоифасидаги чемпионат илк маротаба ташкил этилгани боисми, мусобақага қизиқиш бироз пастроқдек. Бу фикрга қўшиласизми?
- Қизиқиш пастлиги рост. Лекин бу мусобақанинг илк маротаба ўтказилиши билан боғлиқ эмас. Шунчаки, бу галги Осиё чемпионати ҳеч қандай йўлланма ёки имтиёз бермайди. Масалан, ўсмирлар (U-17) ва ёшлар (U-19) ўртасидаги қитъа биринчиликларида ярим финалга етиб келган терма жамоалар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишади. Табиийки, бундай мусобақага қизиқиш жуда юқори бўлади. 22 ёш тоифасидаги кейинги чемпионатда эса Олимпиада ўйинлари йўлланмалари ўйналади. Фақат орадаги битта мусобақамиз ҳеч қандай имтиёзсиз. Нима учун бу мусобақани ҳар 4 йил эмас, 2 йилда ўтказяпмиз? 19 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этадиган футболчиларнинг миллий жамоага қўшилиб кетишларида муаммолар туғилмаслиги учун шу ёшда алоҳида турнир йўлга қўйилди. Яқинда қўмита йиғилиши бўлади. Шунда ўз таклифларимизни ОФК раҳбариятига тақдим этамиз. Балки 4 йилда бир маротаба ўтказилгани афзалроқмикан? Бу масала ҳали кўриб чиқилади.

- Олимпиадага йўлланма бермайдиган йиллардаги мусобақага қизиқишни ошириш мақсадида қандайдир янгиликлар киритиш ҳақида ўйламаяпсизларми?
- Бу борада алоҳида гуруҳ ишлаяпти. Маълумки, Жаҳон чемпионати олдидан, аниқроғи, бир йил аввал ҳар бир қитъа чемпионлари иштирокида Конфедерациялар кубоги ўтказилади. Шу орқали ўша мундиал мезбонининг тайёргарлиги текшириб олинади. ОФК ҳам худди шу йўлдан боришни мақсад қилган. Унга кўра, 2019 йилги Осиё кубоги мезбонлигини қўлга киритадиган давлатга бир йўла 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати-2018 ҳам автоматик тарзда топширилади. Бу билан ўша мезбон мамлакатнинг тайёргарлиги кўздан кечириб олинади. Ўз ўрнида бу мезбон қидиришда ҳам қи­йинчилик туғдирмайди.     

- Маълумотларга кўра, Осиё кубоги ва ЖЧ саралаш турнири бирлаштирилиши мумкин экан. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- 26 январь куни айнан Уммон пойтахти Маскат шаҳрида ОФК қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, ОФКнинг ке­йинги 4 йиллик тақвими ҳамда мусобақаларни ўтказиш тизими тасдиқланади. Шу йиғилишда сиз айтган масала ҳам кўриб чиқилади. Ҳар хил вариант­лар кўриб чиқиляпти. 2та мусобақа саралашини бирлаштириш ҳам. Лекин бу жуда мураккаб жараён. Тақвим, маркетинг, жамоаларнинг иштироки билан боғлиқ муаммолар юзага келади. ОФКга 47та давлат аъзо ҳисобланади. Лекин саралаш баҳсларида 46та терма жамоа қатнашади. Шимолий Мариана ОФКга аъзо бўлгани билан ҳали ФИФАга қабул қилинмаган. Шунинг­дек, «Чақириқ кубоги» ҳам бор. Бу масалада махсус гуруҳ иш олиб боряпти. Кераксиз ўйинлар сонини камайтириш ва бунинг натижасида молиявий томондан иқтисод қилиш масалалари кун тартибига қўйиляпти. ОФКнинг янги раҳбари биздан мусобақаларни ўтказиш бўйича янги таклифлар сўради. Таклиф ва вариант­лар етарли. Айтиб ўтганимдек, 26 январь куни ОФК «Мусобақаларни ўтказиш қўмитаси»нинг йиғилишидан сўнг бу борада расман маълумот берилади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 08:03, 15.01.2014.
Ўқилди: 6689 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.