Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Геннадий Денисов: "Таркиб ҳар йили эллик фоизга ўзгариб тургач, барқарорлик бўладими?"

Баҳо:
+ | -

«Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Геннадий Денисов. Шундай бўлиб чиқдики, Геннадий Анатольевич билан суҳбатлашиш учун Олмалиққа боришимиздан олдин Ўзбекистоннинг 2013 йилги энг яхши футболчиси номи эълон қилинди - Виталий Денисов. Хуллас, биз нафақат машҳур собиқ ҳимоячи, балки мамлакатнинг энг яхши футболчиси отаси билан бафуржа гурунглашишга муяссар бўлдик.

- Геннадий Анатольевич, сизни энди Ўзбекистоннинг 2013 йилги энг яхши футболчиси отаси сифатида табриклаймиз...

- Раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, ўғлимнинг муваффақиятидан қувонган ва бизни қутлаган барча кишиларга миннатдорчилик билдираман. Ҳаттоки, ҳозиргача табрик қўнғироқлари тинмаяпти. Шу ўринда Виталийнинг келажагига ишонган ва овоз берган, шунингдек, унга меҳнатлари сингган мураббийларга ҳам катта раҳмат дейман...

- Бу гапларни шундай ҳаяжон билан айтяпсизки, Виталийнинг бу ютуғи сизга нақадар қадрли эканлигини кўриш ғоят ёқимли бўляпти...
- Виталийнинг нималарни ҳис қилаётганлигини билмайман. Аммо шахсан мен ҳалигача нима юз берганлигини тўла англай олмаяпман. Ҳа, ўғлимнинг қобилияти, меҳнатсеварлиги, мавсумни юксак даражада ўтказганлигини биламан. Лекин йилнинг энг яхши футболчиси мақоми мен учун кутилмаган ёқимли ҳолат бўлди.

- Энди ўзингизга қайтсак, аввало, футболга кириб келишингиз тарихи хусусида батафсил тўхталиб ўтсангиз...
- Миллионлар ўйинига болалигимдан меҳр қўйганман. Эрталабдан кечгача кўча-кўйда ўйнардик. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, барчасида онамнинг ҳиссаси катта. Футболга қизиқишим ўта кучлилигини кўрган онам мени Тошкентга, Титов номли спорт интернати (ҳозирги Республика олимпия захиралари коллежи)нинг футбол тўгарагига олиб борди. Кўриб турибсизки, унинг қарори тўғри бўлган. Она-оналарнинг ўз фарзандларининг қизиқишларига кўпроқ эътибор қаратишлари жуда муҳим. Баъзан шундай ҳоалатлар ҳам бўладики, ота-оналар ўз ўғилларининг футбол билан шуғулланишларини хоҳлашади, болада эса умуман қизиқиш йўқ...

- Хўш, сиз мактабдаги таҳсилни неча ёшда бошлагансиз?
- 11 ёки 12 ёшда эдим ва мени 5-синфга қабул қилишганди.

- Демак, 11 ёш футбол билан шуғулланиш учун кеч эмас эканда? Айрим мураббийлар эса миллионлар ўйини билан 7-8 ёшдан шуғулланиш зарурлигини таъкидлашади...
- Йўқ, албатта. 7-8 ёшдан бошлаб шуғулланиш яхши. Лекин 10-12 ёшда ҳам кеч эмас. Умуман, ёшнинг унчалик аҳамияти йўқ. Айтайлик, иқтидор соҳиблари футболга жуда кеч келишлари, шунга қарамай, катта муваффақиятларга эришишлари мумкин. Аксинча, 7 ёшдан бошлаб майдондан чиқмайдиган, лекин ҳеч нарсага эришолмайдиганлар ҳам йўқ эмас.

- Биринчи устозингиз...
- ...Марҳум Виктор Моисеевич Науменко. У ўз вақтида «Пахтакор»нинг таниқли ўйинчиларидан бири бўлган.

- Спорт-интернатида кимлар билан бирга ўқигансиз? Уларни эслай оласизми?
- Албатта, эслайман. Бироқ уларнинг номлари мухлисларга ҳеч нарсани англатмайди, деб қўрқаман.

- Дастлабки профессионал жамоангиз...
- «Пахтакор». 1978 йили ўринбосарлар таркибига таклиф этишгач, деярли бутун фаолиятимни шу жамоада ўтказдим. «Пахтакор» у пайтда собиқ иттифоқнинг ўзига хос жамоаларидан бири эди. Ҳатто етакчи клублар ҳам ундан чўчиб туришарди. Бундай жамоада тўп суриш катта шараф ҳисобланарди.

- Илк маошингиз ҳам эсингиздами?
- Бундай воқеани унутиб бўлармиди? Албатта, эслайман. У пайтда ёш эдим, маошимнинг 3 ойлиги йиғилиб қолганди. Шу сабабли бир йўла 120 сўм олгандим. Бу жуда катта маблағ эди. Ўша даврда ёш футболчиларга стипендия ажратиларди. Аниқроқ айтганда, биз талабаларга бериладиган стипендиядан ташқари, яна 40 сўмдан олардик.

- 1986 йили Москванинг ЦСКА клубига ўтишингиз сабаблари нимада?
- Ўшанда жамоадаги кўплаб футболчиларни ҳарбий хизматга жалб этишганди. Хуллас, мени ЦСКАга, Игорь Шквиринни Львовнинг «СКА-Карпати»сига, Марат Кабаевни эса Ростовнинг СКА клубига сафарбар этишди. «Армиячилар» либосида 19 марта майдонга тушдим. Иккинчи фарзандим - Виталик туғилганидан кейин мени муддатидан аввал ҳарбий хизматдан озод қилишди ва яна «Пахтакор»га қайтдим.

- Сиз Ўзбекистон чемпионатининг ғолиби ҳамда совриндори ҳам ҳисобланасиз. Лекин жонажон клубингиз - «Пахтакор» сафида эмас...
- Собиқ иттифоқ биринчилиги парчаланиб кетгач, мени Владикавказнинг «Спартак» клубига таклиф этишди. Бу жамоа шарафини 3 йил ҳимоя қилиб, Россия чемпионати кумуш медалини қўлга киритдим. Кейин 1995 йили Биродар Абдураимовнинг чорловига асосан «Навбаҳор» таркибига қўшилдим. Биродар Ҳасанович ўшанда анчайин жанговар жамоа шакллантирганди. Бироқ ўз майдонимизда азалий рақиб - «Нефтчи»га имкониятни бой бердик. «Водий дербиси»да мағлубиятга учрашнинг аҳамиятини яхши билсангиз керак. Хуллас, шундан сўнг Абдураимов истеъфо сўраб, ариза ёзди.

- Чемпионликка сазовор бўлган жамоадошларингиз билан алоқангиз сақланиб қолганми?
- Ҳа, лекин ҳамма билан эмас. Фарҳод Магометов, Сергей Арслонов, Тоҳир Мадраҳимов ва Сайдулло Турсунов билан тез-тез қўнғироқлашиб турамиз.

- Геннадий Анатольевич, ҳозирда қайси мураббийлик тоифасига эгасиз?
- «А» лицензиясига.

- Унда нима учун бош мураббий сифатида ишламаяпсиз? Таклифлар йўқми ёки ўзингизни мустақил фаолият олиб боришга тайёр эмасман, деб ҳисоблайсиз...?
- Бутсаларимни михга илгач, болалар футболида ишлай бошладим. Чиғатойда мендан сабоқ олган болалар орасида иқтидорли йигитлар анчагина эди. Бир куни Игорь Шквирин мени ўз штабига таклиф қилди. Шундан буён у билан ҳамкорликда ишлаяпман. Таклифлар ҳам бўлди, ҳозир ҳам йўқ эмас. Уларнинг бирортаси қизиқтириб қолса, албатта, ўз омадимни синаб кўраман.

- Кўпчилик анчадан буён Шквирин-Денисов тандемидан ўзига хос «портлаш»ни, яъни «Олмалиқ»нинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишини кутяпти. Бироқ жамоа ҳанузгача барқарорликка эришолмаяпти. Бир қарасанг, грандлар додини беради, кейин эса кутилмаганда, аутсайдерларга очко улашади...
- Ҳар мавсум таркиб 50 фоизга ўзгаргач ва жамоани қайтадан шакллантиришга тўғри келгач, қандай қилиб барқарорликка эришиш мумкин? Хайриятки, бу йил жамоа ўзагини сақлаб қолишга эришдик.

- Айнан шу хусусда сўрамоқчи эдик: нима учун аксарият футболчиларимиз фақат 1 йиллик шартнома имзолашади?
- Бу саволга жавоб беролмайман. Яхшиси, футболчиларнинг ўзларидан сўраш керак. Мен шартномаларга оид масалаларга аралашмасликка ҳаракат қиламан.

- «Олмалиқ» мураббийлар штабида селекция масалалари билан шуғулланадиган мутахассислар борми?
- Йўқ, фақат шу масала бўйича алоҳида штатга эга эмасмиз. Иқтидорларни излаб топиш - мураббийлар штабининг умумий вазифаси. Баъзан изланишларимиз самара беради, баъзида иқтидорли футболчиларнинг ўзлари келишади. Биз уларни синовдан ўтказиб, лозим топсак, жамоага қабул қиламиз.

- Бизда фақат 2-3та жамоага футболчилар ўз ихтиёрлари билан бориб, йиғинларда омадларини синаб кўрадилар. Қолган клублар эса номзодларни қидириб топишга мажбурлар. Бу фикрга қўшиласизми?
- Футболчи, умуман, спортчининг фаолияти жуда қисқа бўлади. Ана шу давр ичида ўзини моддий жиҳатдан таъминлайдиган маблағни жамғаришга улгуриши шарт. Шу сабабли тез-тез жамоа алмаштириб турадиган футбочлиларга танбеҳ бериш фикридан йироқман. Клубларга келсак, қаерда молиявий масалалар талаб даражасида бўлса, ўша ерда номзодларни саралаб олиш имкони бор.

- Сиз фаолият юритаётган «Олмалиқ»да қандай янгиликлар бор? Хориж мамлакатларига чиқишни режалаштиряпсизларми?
- Ҳозирча ўзимизда шуғулланяпмиз. Хориж сафарлари хусусида айрим режалар йўқ эмас. Лекин ҳали аниқ бир тўхтамга келмадик. Аслида бу ердаги тайёргарлик ҳам чакки эмас. Қор ва изғирин бизни чўчитолмайди (кулади).

- Оилангиз ҳақида ҳам билмоқчи эдик...
- Чинакам - спортчилар оиласи. Рафиқам ўз даврида енгил атлетика билан шуғулланган. Дарвоқе, у сизларнинг касбдошингиз. Лекин бор вақтини фарзандлар тарбиясига сарфлагани боис ҳеч қаерда ишламаган. Ундан жуда миннатдорман. Тўнғич ўғлимиз Вячеслав профессионал баскетболчи. Виталикни эса яхши танийсизлар.

- Геннадий Анатольевич, Виталий футболчилик фаолиятини қай тарзда бошлаган?
- Марҳум онамдан ибрат олган ҳолда Виталикдаги футболга нисбатан иштиёқни тўғри баҳолаб, уни «Пахтакор» футбол мактабига олиб бордим. Ўша пайт болаларга ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган Дилшод Нуралиев сабоқ берарди. Ўғлим айнан унинг гуруҳида шуғулланишини истадим. Бироқ Виталикнинг 1987 йилда туғилганини билган Дилшод унинг гуруҳидагилар 1 ёш катта эканликлари, Виталикни 1 йилдан кейин қабул қилишини айтди. Шунда ундан ўғлимга шунчаки, шуғулланиб туриш учун рухсат беришини сўрадим. Шу тариқа келаси йили синовлардан ўтиши осонроқ бўларди. Бироқ орадан бир йил ўтгач, Нуралиев Виталийни бошқа гуруҳга ўтказишларига қатъиян қарши чиқди. Шу-шу унинг гуруҳида шуғулланишни давом эттирди.

- Россияга қандай бориб қолди?
- Бизни Москванинг «Академика» клубига таклиф этишди. Виталик танловдан муваффақиятли ўтди. Орадан 6 ой ўтгач, бизни яна чақиришди. У ерга етиб борганимиздан кейин ўғлимнинг барча шахсий буюмларини қайтариб беришди. Талабаларнинг таъминотини клуб ўз зиммасига оларкан. Чиндан ҳам, у ерда ўғлимнинг таҳсил олиши, юриш-туриши ва маиший шароити хусусида ҳеч қандай муаммо туғилмади. Мана буни чинакам профессионаллик дейиш мумкин: ёш иқтидор соҳиблари учун маълум сармояни сарфлаб, кейинчалик катта даромад оладилар. Атиги бир нафар савияли футболчининг тран-сфери юзлаб ёш талабалар харажатларини қоплайди. Футбол бозорининг қонунлари шундай. Хайриятки, бизнинг клубларимиз қошида ҳам академиялар очилди.

- Геннадий Анатольевич, мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Соғлиқ ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!
- Раҳмат! Фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқи, шу жумладан, «Интерфутбол» ўқувчиларини Янги йил билан табриклайман. Футболни севинг, у билан яшанг ва ҳеч қачон мағлуб бўлманг!
 
МАЪЛУМОТ УЧУН
Геннадий Анатольевич Денисов
Туғилган санаси ва манзили: 1960 йил 20 август, Сирдарё вилояти
Амплуаси: ҳимоячи
Футболчилик фаолияти: «Пахтакор» (Тошкент) - 1978-1986, 1987-1991, 401та ўйин, 32та гол; ЦСКА (Москва) - 1986, 19та ўйин; «Спартак» (Владикавказ) - 1992-1994; 77та ўйин, 1та гол; «Навбаҳор» (Наманган) - 1995-1997
Ютуқлари: Россия чемпионати кумуш медали соҳиби; Ўзбекистон чемпиони, бронза медали соҳиби (2 марта); собиқ иттифоқ биринчи лигаси кубоги соҳиби (2 марта)
Футболчилик фаолияти якунлангач, «Сергели», «Чирчиқ», «Пахтакор», «Локомотив», «Чиғатой» ўсмирлар футбол мактаби (футбол бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби)да мураббий сифатида ишлади. 2010 йилдан «Олмалиқ» клубида катта мураббий. 2006 йили «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. Собиқ иттифоқ спорт устаси (1982 йили)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 5 марта майдонга тушган.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 08:42, 16.01.2014.
Ўқилди: 6919 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.