Хабарларга қараганда, 1-лиганинг бир қатор клублари янги мавсумда ўз олдиларига Олий дивизионга чиқиш вазифасини қўйишибди. Шундан илҳомланиб, элитанинг собиқ жамоалари ҳақидаги мақолаларни давом эттиришга қарор қилдик.
Бу сафарги «нишони»миз Сурхондарё вилоятининг бош жамоаси - «Сурхон»га қаратилди. Термиз клуби олий лигада 12 мавсум иштирок этган. Таъкидлаш жоиз, шу вақт мобайнида термизликлар ўзига яраша натижалар қайд этишган. Жамоа жами 374та учрашув ўтказиб, 109 марта ғалаба қозонган, 66 марта дуранг ўйнаган ва 199 марта мағлубиятга учраган.
Тўғри, «Сурхон» элитадаги дебют мавсуми (илк биринчилик)да бирорта ғалаба қозонолмай, 1-лигага тушиб кетади. Аммо бир йиллик танаффусдан сўнг яна «олий»га қайтади. Эътиборлиси, «Сурхон» кучлилар сафига қайтганини ажойиб тарзда нишонлайди. Тошкентда амалдаги вице-чемпион «Пахтакор»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратади. Энг қизиғи, 2-даврадаги жавоб ўйинида хам сурхонликлар 3 очко олишади.
«Сурхон» 1996 йилги чемпионатда охирги ўринни банд этади, аммо келаси мавсум ислоҳотлари натижасида олий лигада қолади. Шу тариқа сурхондарёликлар 2004 йилгача олий лигада узлуксиз тўп суришади. Ўша йили ҳам жамоа юқори лигада қолиши мумкин эди. Бироқ федерацияга вақтида қарзларини тўламаганлиги сабаб ундан 3 очко олиб ташланади. Натижада «Самарқанд» билан очколари сони тенг бўлиб қолади. Тўплар нисбати эса кўҳна шаҳарликларда яхшироқ эди ва «Сурхон» олий лига билан хайрлашади, бутунлай.
Ўшандан бери жамоага олий лигага қайтиш насиб этмаяпти. Яқин орада ҳам насиб этиши даргумондек. «Сурхон»нинг Ўзбекистон чемпионатида қайд этган энг юқори натижаси: 9-ўрин (1998, 2000 ва 2003 йиллар).
Энди «Сурхон»нинг рақиблар билан қайд этган натижаларига тўхталиб ўтсак. Клуб олийда жами 31та жамоа билан ўйнаган. Улардан «Трактор», «Андижон», «Навбаҳор», «Бухоро», «Пахтакор» ва «Нефтчи»га қарши 24 мартадан майдонга тушган. Термизликларнинг энг ноқулай рақиблари - «Нефтчи». Саркисян шогирдларига қарши ўтказилган 24та ўйиннинг атиги 1тасида ғалаба қозонишган, холос. Энг қулай рақиблар эса - «Турон», «Гулистон» ва «Семурғ». «Сурхон» энг кўп голни «Андижон» ва «Сўғдиёна» дарвозасига урган: 32тадан. «Пахтакор» билан ўйинларда эса жами 80 марта тўп ўтказиб юборган. Ўз ўрнида «пахтакорчилар»ни 5 марта мағлубият кўчасига етаклаганини ҳам айтиш жоиз.
Энг йирик ғалабаси: 19.08.1997. 21-тур. «Афросиёб» (Самарқанд)-8:0
Энг йирик мағлубияти: 29.09.1992. 30-тур. «Сўғдиёна» - 0:10
Тарихий ғалабаси: 29.03.2000. 3-тур. «Пахтакор»-3:0
Йирик ғалабалари сони: 17
Йирик мағлубиятлари сони: 71
Техник мағлубиятлари сони: 3
Техник ғалабалари сони: 2та