Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Бу йилги қитъа чемпионатида йигирмага яқин давлатдан 100 нафардан зиёд спортчи 10 вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда (ўн нафар боксчи билан) иштирок этмоқда. Осиё чемпионатини нимчорак финал босқичидан бошлаган ҳамюртларимиз Абдулҳай Шораҳматов (-52 кг), Фазлиддин Мелибоев (-60 кг) ва Козимбек Мардонов дастлабки жангларда ғалаба қозониб, чорак финалга йўлланма олишди.
Абдулҳай Шораҳматов Хитой Тайпейи вакили По Вей Чиюни очколар ҳисобида мағлуб этган бўлса, Фазлиддин Мелибоев непаллик Саураб Ламани иккинчи раундда накаутга учратди.
Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони Козимбек Мардонов ёшлар ўртасидаги мусобақани ҳам муваффақиятли бошлаб, биринчи жангида Хитой Тайпейи терма жамоаси аъзоси Чинг Фенг Лин устидан ғалаба қозонди.
Қитъа чемпионатидаги иштирокини чорак финалдан бошлаган боксчиларимиздан Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг) ҳамда Азизбек Шукуров (-81 кг) ҳам биринчи жангни муваффақиятли якунлашди. Бектемир Мелиқўзиев фаластинлик Мотасем Бебухни иккинчи раундда нокаутга учратган бўлса, Азизбек Шукуров Жанубий Корея вакили Ким Донг Жу устидан зафар қучди.
Шу тариқа ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бугунга қадар рингга кўтарилган етти нафар боксчимиздан беш нафари дастлабки баҳсларда ғалаба қозондилар (Бекзодбек Турсунбоев (-49 кг) ва Иқболжон Холдоров (-56 кг) биринчи жангда имкониятни бой беришди). Маҳмуд Ғоипов (-64 кг), Асилбек Солиев (-91 кг) ва Шоҳрухбек Эркинов (+91 кг) эндиликда баҳсларга киришадилар.
Ёшлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионати 30 январга кадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2000 йили Сидней шаҳри (Австралия)да ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида бир неча жангларни бошқариб борган ҳамюртимиз Раҳматхон Тиллаев мазкур Осиё чемпионатида ҳам ҳакамлар бригадасидан ўрин эгаллаган.
Маълумот учун. Ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатларида мунтазам юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Бугунгача ёш боксчиларимиз ушбу нуфузли мусобақаларда 10 олтин, 7 кумуш ва 10 бронза, жами 27 медаль жамғаришган.