Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Жавобидан саволлари кўп суҳбат

Баҳо:
+1 | -

Рустам Акрамовнинг фикрлари бир мен эмас, ўзбек футболига бефарқ қарамайдиган ҳар қандай киши учун қизиқ бўлса керак. Бу инсон бой тажрибага эга, футбол ҳақида теран мушоҳада қилади, турли тактик чизмалар хусусидаги гапларини соатлаб эшитиш мумкин.

Футболга ошно тутинган ҳар қандай мухлис бундай мулоҳазаларга эътиборсиз қарамаслиги турган гап. Бежизга Рустам Акрамовни «Футбол профессори», деб атамайдилар. Чунончи, шундай рутбага яраша ишларни бажариб улгаргани ҳам ҳақиқат. У кишининг суҳбати ҳар доим кўплаб саволларга жавоб янглиғ янграган.

Аммо тан олиш керак, Рустам аканинг охирги интервьюси ҳақида бундай дейиш ноўриндай. Яхши биласиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этиб қайтди. Айнан шу масалада ҳамкасбимиз Камолиддин Алимов газетамизнинг аввалги сони учун Рустам Акрамовдан интервью олибди. Шу суҳбатни ўқир эканман, очиғи, жуда ҳайрон қолдим. Баъзи жавоблар вазиятга ойдинлик киритиш ўрнига, яна бир нечта саволларни келтириб чиқаради. Майли, гапни кўпайтирмасдан, яхшиси, Рустам аканинг ўша гапларидан бирров келтириб ўтсак. «Терма жамоалар маркази» мутахассиси Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизлигига қуйидаги сабабларни келтириб ўтади: «Ҳозир нимаики гапирсам, ўқувчига баҳонадек туюлиши мумкин. Лекин айтар сўзларим факт ва буни инкор этиб бўлмайди. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларида миллий чемпионат ўйинлари ноябрь ойида ўз якунига етади. Табиийки, қиш қуруқ ва совуқ келади. Бу пайт аксарият футболчиларимиз таътилга чиқишади ва асосан январь ойидан машғулотларга қайтишади. Ўзи азалдан январь ойи биз учун ноқулай вақт бўлиб келган».

Таниш манзара, шундай эмасми? Баҳона эмас, факт, лекин баҳонадек янграйверади. Майли, гапни бўлмайлик, давом этамиз. Камолиддин Алимовга қойил қолиш керак, бу жавобдан сўнг дарҳол энг зарур саволни беради:

- Аммо миллий терма жамоамиз 2011 йилги Осиё кубогига бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида муносиб тайёргарлик кўриб, якунда ижобий натижа қайд этганди-ку. Буни ёддан чиқармадингизми?

- Тўғри, натижамиз ижобий бўлганди. Лекин мусобақадан кейин асосий таркибнинг бир қатор футболчилари жароҳатланиб, сафдан чиқишганди. Муайян мусобақага бир ой давомида кучли босим остида тайёргарлик кўрасиз. Бу ўз натижасини беради, аммо март ва апрель ойларига бориб ўша футболчиларда толиқиш аломатлари кўзга ташланиб қолади. Жароҳатланишга мойил бўлиб қолишади. Буни амалиётда кўрдик».

Очиғи, мана шу жавобга ҳеч ҳам тушунмадим. «Терма жамоалар маркази» мутахассиси қандай жароҳатлар ҳақида гапирган экан? Мана шу жавобдан сўнг атайлаб 2011 йил архивини кўтардим ва дарҳақиқат, Рустам ака айтган жавобга битта тасдиқ топдим. Сервер Жепаров Осиё чемпионатидан сўнг март ойида жароҳатланиб, 3та учрашувда майдонга тушолмаган экан. Агар Рустам Акрамов шуни назарда тутган бўлсалар, у киши ҳақ. Аммо бу далилга қарши чиқадиган яна бир қатор фактлар борки, уларга бирров тўхталиб ўтмасак бўлмас.

Қарангки, ўша «кучли тайёргарлик кўрилган ва натижага эришилган бўлса-да, футболчиларни чарчатиб қўйган» Осиё кубогидан сўнг Одил Аҳмедов «Анжи»га бориб, шу қадар кучли ўйин кўрсатиб юбордики, оқибатда махачқалъалик мухлислар Роберто Карлос қолиб, уни энг яхши футболчи сифатида эътироф этган ҳолатлар бўлди. Нимагадир ўша вақтларда Одил жароҳатланишни хаёлига ҳам келтирмаган, аксинча, унинг ўзи қўққисдан «Зенит» футболчиси Владимир Бистровга жароҳат етказган ва питерлик мухлислардан «Раҳмат сенга, Одил!» деган «миннатдорчилик»ни эшитган. Ёки бўлмаса, Осиё кубогидан сўнг Жанубий Кореяга йўл олган Темур Кападзе ва Александр Гейнрихни олайлик. Ҳар иккиси тезда ўз жамоаси етакчи футболчилари қаторида зикр этилган эди. Эътибор беринг, бу гап жароҳат олишга жуда ҳам мойил бўлган Александр Гейнрих ҳақида кетмоқда. Мен ҳали ўша мусобақадан сўнг «Бунёдкор» таркибида ажойиб ўйин кўрсатган ва «Ал-Шабаб»га бориб, дарҳол етакчи футболчига айланган Азиз Ҳайдаров ҳақида гапирмадим. Ёки Қатар чемпионатининг ҳар бир учрашувида майдонга тушган Шавкат Муллажонов ва Жасур Ҳасановни гапирсакмикан?

Майли, бу гапларни ҳам четга суриб турайлик. Рустам ака бир гапни тўғри айтганлар - январь ойи ҳақиқатан ҳам, ўзбек футболчилари учун оғир келади. Бу вақтда ҳали мавсум бошланмаган ва ўйинчиларимиз спорт формасини тиклаб олмаган бўладилар. Аммо шу ўринда битта эътироз: шундай муаммо ҳақиқатан ҳам бор экан, нима учун «Терма жамоалар маркази» уни бартараф этиш йўлида иш олиб бормаяпти? ТЖМ нима учун тузилган ўзи? Фақат илмий иш олиб бориш ва ҳисобот йиғиш учунми? Нима, январь биз учун оғриқли давр экани аввалдан маълум эмасмиди? Осиё футболи таркибида эканмиз, йилнинг бу қисмида албатта, ўйин ўтказишга мажбур бўлишимизни энди билдикми? У ҳолда келаси йили Австралия мезбонлик қиладиган Осиё кубогидан ҳозироқ умидни узиб қўяверайликми? Бу мусобақа ҳам январга белгиланган-ку. Футболчиларнинг чарчаб қолишлари ёмон, ахир...

Рустам ака бу саволларга қандай жавоб бераркинлар?...
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:12, 29.01.2014.
Ўқилди: 4222 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.