Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси барча жамоалар каби янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мурод Исмоилов бошчилигидаги жамоа айни пайтда “Ҳоким Кубоги-2014” мусобақасида иштирок этиш орқали бир нечта ёш футболчиларни назоратдан ўтказмоқда.
Хабарларга кўра “Нефтчи” жамоаси “Бунёдкор” клуби ёшлари таркибида бўлган ўйинчи З.Нурматовни ҳам кўрикдан ўтказган. Икки ҳафта давомида Мурод Исмоилов синовидан ўтган асли фарғоналик бўлган футболчи мураббий талабларига тўлиқ жавоб берган. Бироқ футболчини жамоага олиб қолишда клуб раҳбари қаршилик қилган. Бунинг сабаби сифатида футболчининг трансфер нархи кўрсатилмоқда.
Маълумотларга кўра, футболчи “Нефтчи” аъзосига айланадиган бўлса, жамоа “Бунёдкор” клуби ҳисоб рақамига 48 миллион сўм ўтказиши керак бўлган. Ёш футболчи учун бундай сумани тўлашни истамаган раҳбарият футболчига жавоб бериб юборган.
"Нефтчи" янги футболчилардан легионерлар — Александру Оника, Эльман Тагаев, шунингдек, маҳаллий футболчилар — Максимилиан Фомин, Александр Клецков ҳамда Абдуллоҳ Олимов каби футболчилар билан келишувга эришган.