Анталияда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган Жанубий Кореянинг «Сеонгнам» клуби 5 февраль куни Босния ва Гертсоговина чемпионатида 6-ўринда бораётган «Сараево» клубига қарши назорат ўйинини ўтказди. Миракл Спорт Комплексида ўтказилган ўйинда сеонгнамликлар 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди.
Биринчи бўлимда 0:1 ҳисобида ортда қолаётган «Сеонгнам» футболчилари иккинчи бўлимнинг 19-дақиқасида Сервер Жепаровнинг аниқ пасидан кейин 25 ёшли Корея терма жамоасига номзод Ким Донг Собнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчи бўлимда бош мураббий Парк Жонг Хван янги футболчиларни синаб кўриш мақсадида бир нечта ўзгаришларни амалга оширди ва ҳимоядаги хато туфайли иккинчи гол ўтказиб юборилди. Шунингдек, ўйиннинг сўнгги дақиқасида Сервер Жепаров жарима майдончасининг чап бурчагидан чап оёқда берган кучли зарбаси билан ҳам ёдда қолди.
Ўйиндан кейин Парк Жонг Хван: «Ўйин натижаси муҳим эмас. Кучли ўн битталикни аниқлаб олишим учун ҳам бундай ўйинлар жуда зарур деб ўйлайман. Жароҳатидан аста фориғ бўлаётган Хванг Йи Чо, терма жамоа йиғинида қатнашган Ким Тэ Хван ва Парк Жин По, шунингдек, янги харид қилинган легионер футболчилар таркибимизга етиб келса, тўлиқ ҳолда машғулотларни давом эттирамиз», дея таъкидлади.
Отабeк Йўлдошeв, Жанубий Корeя, Сeул