Британиялик супероғир вазн тоифасидаги боксчи Тайсон Фьюри 15 февраль куни америкалик Жо Абеллага қарши бўлиб ўтиши кутилётган жангдан кейинги режаларини тузиб қўйди. У ушбу жангдан сўнг яна бир бор Дерек Чисора билан жанг ўтказишни ва уни мағлубиятга учратганидан сўнг Владимир Кличкога қарши рингга чиқиш истаги борлигини билдирди.
“Дерек билан яхши жанг бўлган эди, шунинг учун хам уни ҳурмат қиламан. Бу сафар Чисорани янада кучлироқ формада бўлишини истайман. Яна умид қиламанки, у ҳеч қандай баҳона излаб ўтирмайди. Ўша пайтда унда жангга тайёргарлик кўриш учун уч ой вақт бўлган эди, бундан ортиқ яна қанча вақт керак унга? Дерек билан жанг ўтказганимдан кейин Владимир Кличкони рингга чорлайман. У жуда кучли боксчи. Шу боис, уни мағлубиятга учратган боксчи афсонага айланади. Ўша инсон айнан мен бўламан ва бунга ишончим комил” - дейди Тайсон Фьюри.