Хабарингиз бор, Фарғонанининг “Нефтчи” жамоаси айни дамда Анталияда навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини ўтказмоқда. Мазкур йиғиндаги энг сўнгги янгиликларни сизларга кундалик сифатида етказиб боришга ҳаракат қиламиз.
Тошкентдан Туркияга
Маълумки, жамоамиз Туркияга келишдан олдин Тошкентда тўпланганди. У ердаги назорат учрашувида “Қизилқум”га имкониятни бой берганимиз ҳақида олдин хабар бериб ўтгандик. Эртгасига тонгда Туркия сари йўлга чиқилди.
Туркиядаги йиғинда иштирок этаётган футболчилар ва клуб раҳбарияти билан танишинг:
Футболчилар:
Дарвозабонлар: Ғайрат Ҳасанов, Сардор Қобулжонов.
Ҳимоячилар: Дилёрбек Эрматов, Максимилиан Фомин, Жаҳонгир Меҳмонов, Александр Клецков, Игорь Петкович, Вячеслав Понамарёв, Иқбол Бобохонов, Сардор Раҳмонов.
Ярим ҳимоячилар: Азиз Алижонов, Сайдулло Раҳматов, Жавоҳир Расулов, Александру Оника, Маъруф Муродов, Абдуллох Олимов, Умид Қодиров, Отабек Зокиров, Музаффар Музаффаров.
Ҳужумчилар: Рўзимбой Аҳмедов, Зоҳид Абдуллаев, Павел Смоляченко, Отабек Исроилов.
Раҳбарият: Комилжон Мирзабоев (клуб раиси), Муроджон Исмоилов (бош мураббий), Шамиль Исеев (катта мураббий), Элдар Сакаев (жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий), Вячеслав Томилин (дарвозабонлар мураббийи), Зоҳид Ғофуров (маъмур), Данил Сапегин (массажчи), Геннадий Черепанов (массажчи), Аброр Деҳқонов (матбуот хизмати).
Носир Отақўзиев, Давид Ония ва Сарвар Абдуллаев турли сабабларга кўра Туркияга кела олишмади.
Узоқ парвоз
Айтиш жоизки, Анталиянинг Белек шаҳрига етиб келгунимизга қадар жамоамиз делагацияси узоқ парвозни амалга оширди. Аввалига Тошкент - Истанбул йўналиши бўйича йўлга отланган самолёт маҳаллий вақт билан соат 13:15 (Тошкент вақти билан 16:15)да “Ота турк” аэропортига келиб қўнди. Туркиянинг энг катта аэропортлардан бири бўлмиш “Ота турк”да беш соат самолёт кутишимизга тўғри келди. Ниҳоят, маҳаллий вақт билан соат 19:50 (Тошкент вақти бўйича 22:50)да Истанбул-Анталия самолёти билан манзилимиз томонга йўлга отландик. Бир соатлик парвоздан кейин ниҳоят, 32 кишидан иборат делегация аъзолари Анталияга етиб келди. У ердан эса Белек шаҳрига отландик. Меҳмонхонага келганимизда соат маҳаллий вақт билан соат 22:00ни кўрсатаётганди.
“Нефтчи” Туркияга етиб келди
Жамоамиз Белек шаҳридаги International Comfort (IC Honel) меҳмонхонасида истиқомат қилмоқда. Мазкур меҳмонхона денгиз бўйида жойлашган. Бу ерда “Нефтчи”дан ташқари бир қатор жамоаларни ҳам учратиш мумкин. Масалан, Москванинг ЦСКА жамоаси ўринбосарлари, Красноярскнинг “Енисей”, Чимкентнинг “Ордабаси” ва ҳоказо.
Барча футболчиларнинг кайфияти яхши. Футболчиларимиз бор кучлари билан машғулотларда иштирок этишмоқда.