Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилаётган XXII қишки Олимпиада ўйинлари ҳам тобора поёнига етиб бормоқда.
Бугун хотин-қизлар ўртасида слалом бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ҳамюртимиз Ксения Григорьева ҳам баҳс олиб боради. Биринчи уринишда жами 88 нафар спортчи рўйхатдан ўтган бўлиб, Ксения Григоьева 81-рақам остида мусобақаларда иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз 18-февраль куни бўлиб ўтган гигант-слалом мусобақасида икки уриниш якунларига кўра 64-натижани қайд этган эди.
Бугунги кунга келиб спортнинг фигурали учиш, тармплиндан сакраш, скелетон, чана спорти ва чанғи иккикураши бўйича мусобақалар ниҳоясига етди.
Бугун эса фристайл, шорт-трек ва кёрлинг бўйича сўнгги мусобақалар бўлиб ўтади. Кёрлинг бўйича эркаклар ўртасида бугун барча совриндорлар номи маълум бўлади. Дастлаб, Хитой ва Швеция термалари (Тошкент вақти билан соат 13:30да бошланади) Олимпиада ўйинларининг бронза медали учун кураш олиб боришса, соат 18:30да бошланадиган ҳал қилувчи финал баҳсида Канада ва Буюк Британия терма жамоалари ўзаро куч синашадилар.
Айни пайтга қадар бўлиб ўтган мусобақалар якунларига кўра умумжамоа ҳисобда Норвегия давлати вакиллари 10 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритган холда биринчи ўринда боришмоқда. Иккинчи ўринда бораётган АҚШ спортчилари 8 та олтин, 6 та кумуш ва 11 бронза медалига эгалар. Германияликлар ҳисобида 8 та олтин ва 4 тадан кумуш ҳамда бронза медаллар мавжуд.