Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннис устаси Денис Истомин Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказиладиган АТР Dubai Duty Free Tennis Championships мусобақаларининг илк учрашувида дунёнинг иккинчи ракеткаси сербиялик Новак Жоковичга қарши ўйнайдиган бўлди.
Умумий соврин жамғармаси $2,359,935 дан иборат Дубай турнирининг биринчи рақамли теннисчиси Жокович ушбу мусобақаларнинг амалдаги чемпиони ҳисобланади.
Дунёнинг 43-ракеткаси Истомин шу кунгача Жоковичга қарши тўрт маротаба кортга чиқиб (2010 йилда Австралия очиқ чемпионати иккинчи босқичи, 2011 йилда Майамидаги турнирнинг иккинчи босқичи, 2013 йилда Монреалдаги турнирнинг учинчи босқичи, 2014 йилда Австралия очиқ чемпионати учинчи босқичи), уларнинг барчасида мағлубиятга учраган. Бу учрашувлардаги Истоминнинг энг яхши кўрсаткичи ҳозирча Монреалда ютилган сет бўлиб турибди.
Шунга қарамай, Жокович Австралиядаги охирги учрашувдан кейин Истоминни «ўта кучли рақиб ва юқори маҳоратли теннисчи» сифатида баҳолади. «У катта истеъдод эгаси, коптокка зарбаларни яхши беради ва ҳар қандай кортда бирдек ўйнай олади. Мен ажойиб ўйинни кўрсатдим, аммо ғалабага осонликча эришолмадим. Чунки Истомин қаттиқ қаршилик кўрсатиб, бор кучим билан ўйнашга мажбур этди», — тан олди Новак Жокович.
Ўз ўрнида Истомин кейинги сафар Жоковичга қарши бутунлай бошқача ўйин намойиш этишини маълум қилди. «Бу баҳс етарли ишламаганлигимни, янада яхшироқ ишлайверишим кераклигини кўрсатди. Ўйлайманки, кейинги сафар унга бошқача ўйинни кўрсата оламан», - деб ҳисоблайди Истомин.