Ўта драматик ва голларга бой бўлган ўйинда "Ливерпуль" ғалаба қозонди. "Суонси Сити" "мерсисайдликлар"ни анча қийнади.
"Қизиллар" ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ ҳисобни очишди. Раҳим Стерлинг майдон марказидан туриб офсайд чизиғидаги Дэни Старрижга ажойиб тўп узатишини амалга оширди. Ҳужумчи эса ҳимоячидан ўтиб кетди, дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, бўш дарвозага тўпни жойлаб қўйди. 20-дақиқага келиб эса ҳисоб 2:0га етди. Старриж чап қанотдан ҳимоячиларни алдаб ўтиб, тўпни жарима майдони ичидаги Ҳендерсонга узатди. Ҳендо эса юқори тўққизликни аниқ нишонга олди.
"Ливерпуль" қанчалик осонлик билан иккита гол уриб олган бўлса, шунчалик осон ва тез ўз дарвозасидан 2та гол олиб чиқди. 24-дақиқада Шелви Бонидан тўпни қабул қилиб олди ва 30 метрлардан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, меҳмонлар жарима зарбасини қўлга киритишди. "Стандарт"дан кейин Бони бош билан зарба берди ва тўп Шкртелнинг елкасига тегиб, дарвозадан ўрин олди.
"Ливерпуль" танаффусга ғолиб тарзда чиқиб кетишнинг имконини топди. 36-дақиқада Луис Суарес қанотдан тўпни қабул қилиб олди ва Старрижга ажойиб тўп узатишини амалга оширди. Дэни эса бош билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлим бошида жарима майдони ичида Шкртел Бонига нисбатан қўполлик ишлатди ва ҳакам мезбонлар дарвозаси томон пеналти белгилади. Зарбани Бонининг ўзи аниқ амалга оширди ва ҳам ҳисобни тенглаштирди, ҳам дублни расмийлаштирди.
Ўйин тугашига 16 дақиқа қолганида эса "Ливерпуль" ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлди. Луис Суарес жарима майдонига кирмай жуда кучли зарба йўллади. Уильяамс биринчи зарбани қайтарди, Ҳендерсон зарба берди, дарвозабон қайтарди. Иккинчи уринишда Ҳендерсоннинг ўзи ҳисобни 4:3га етказди.
Ушбу ғалабадан кейин "Ливерпуль"да юқоридаги учликни қувишда давом этади.
Англия Премьер-лигаси, 27-тур
Ливерпуль – Суонси 4:3 (3:2)
Голлар: 1:0 – 3 Старриж, 2:0 – 20 Ҳендерсон, 2:1 – 23 Шелви, 2:2 – 26 Бони, 3:2 – 36 Старриж, 3:3 – 47, пенальти Бони, 4:3 – 74 Ҳендерсон.
"Ливерпуль": Миньоле, Джонсон, Шкртел, Аггер (Туре, 63), Фланаган, Джеррард, Ҳендерсон, Стерлинг (Аллен, 58), Коутиньо, Старриж (Мозес, 79), Суарес.
"Суонси": Ворм, Ранхель, Чико, Уильямс, Н. Тэйлор, Бриттон, де Гузман (П. Эрнандес, 73), Дайер (Нгог, 78), Шелви (Каньяс, 46), Раутлеж, Бони.
Огоҳлантириш: Шкртел (26).