"Атлетико" дарвозабони Тибо Куртуа "Реал"га қарши кечадиган Мадрид дербиси олдидан ўз жамоаси очко йўқотишга ҳақи йўқлигини таъкидлади.
"Якшанба куни бўладиган ўйинни финал баҳси деб аташ мумкинми? "Реал" биздан 3 очко олдинда. Бизнинг эса ғалаба қозонишдан бошқа иложимиз йўқ. Шунда яна мусобақа жадвалининг юқори қисмига қайтамиз. Ўйин жуда оғир бўлади, сабаби "Реал" яхши ўйин кўрсатмоқда. Улар деярли гол ўтказиб юборишмаяпти ва ўз навбатида ҳар бир ўйинда 2-3тадан гол уришмоқда. Биз ажойиб ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонишга умид қиламиз.
Биринчи даврадаги ўйинга нисбатан "Реал" футболчилари Карло Анчелоттти фалсафасига кўпроқ мослашиб олишди. Янги мураббий келганида бундай бўлиши табиий. Улар ҳимояда яхши ўйнай бошлашди. Биз "Шальке" эмасмиз — немислар ҳаддан ташқари очиқ ўйин қилишди ва "қаймоқранглилар"га жуда кўп бўшлиқ қолдиришди. "Реал" эса бундан фойдаланди", дейди Куртуа.
Шунингдек, Куртуа ўзининг жамоадаги келажаги борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Атлетико" жамоада қолишимни истамоқда, "Челси" эса - қайтишимни. Кўрамиз, қаерда менга яхшироқ бўларкан. Ҳозирча менда тўлиқ ишонч йўқ. Шунинг учун ҳали аниқ қарорга келмадим. "Реал"нинг қизиқиши? Бу ҳақида ҳеч нарса билмайман. Агар Европа жамоалари мен билан қизиқишса, "Челси"га мурожаат қилишларига тўғри келади", дейди бельгиялик дарвозабон.