Бокс бўйича терма жамоамиз аъзолари Баҳодир Жалолов ва Камолжон Мелиевлар Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган анъанавий 65-халқаро «Странжа» мусобақалари ярим финалига чиқиб, камида бронза медалларини нақд қилиб қўйишди.
91 кг вазн тоифасидаги мусобақалар чорак финалида Жалолов украиналик Алексей Жукни енга олди. Унинг ярим финал бўйича рақиби ринг соҳиби Петар Белберов бўлади.
49 гача бўлган вазн тоифасидаги мусобақалар чорак финалида Камол Мелиев украиналик Максим Чулячеевни мағлубиятга учрата олди. Энди финал босқичига чиқиш учун ирландиялик Хюман Тагарихуларга қарши рингга кўтарилади.
AIBA қоидалари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда Россия, Украина, Ўзбекистон, Англия, Уэльс, Италия, Германия, Бразилия, Хитой, Эквадор каби 20 дан ортиқ мамлакатлардан келган энг кучли боксчилар қатнашишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақаларда терма жамоамиз биринчи маротаба ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоалари билан иштирок этмоқда. Чорак финал баҳсларида Рўзиматова Насиба (51 кг) болгариялик Яна Борумга, Низомова Шаҳноза (75 кг) эса голландиялик Явонна Коледемейджга ютқазиб қўйишди. Ушбу босқич эркаклар ўртасидаги мусобақаларда Маҳмудов Ботиржон (69 кг) грузиялик Заал Квачадзега, Расулов Элшод (81 кг) эса россиялик Павел Сильяжинга имкониятни бой бериб қўйишди.