Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Ўзбекистон Суперкубоги ўйинини ўтказмасдан ҳам кубокни қўлга киритишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда, ЎзПФЛ матбуот хизмати хабарига кўра, Абрамов Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви арафасида 6 март куни ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилган.
2014 йилги Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви 7 март, жума куни Тошкентдаги «Жар» стадионида ўтказилади (ўйин Тошкент вақти билан 15:00да бошланади). Ушбу учрашувда 2013 йилги Ўзбекистон чемпиони ва Кубоги соҳиби «Бунёдкор» 2013 йилги вице-чемпион «Локомотив»га қарши тўп суради.
Ўйиндан аввал ташкил этилган матбуот анжуманида биринчи бўлиб «Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этган ва Суперкубок учрашувидан 11 март куни ОЧЛ-2014 гуруҳ босқичи доирасидаги Қатарнинг «Ал-Жаиш» жамоасига қарши ўйин учун тайёргарлик сифатида фойдаланмоқчи эканлигини айтиб ўтган.
«Биз Суперкубок учрашуви учун асосан ёшлар таркибини туширмоқчи эдик, бироқ ЎФФ ва ЎзПФЛга нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Шу сабаб биз «Локомотив»га қарши аралаш таркибни туширишни режалаяпмиз», – деди Қосимов.
Ўз навбатида, «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов бўлажак баҳс совринлари «Бунёдкор»никичалик кўп бўлмаган «темирйўлчилар» учун соврин қўл киритиш имконини берадиган ўйинлардан бири эканлигини таъкидлаб, мухлислар учун ҳақиқий байрам бўлишини тахмин қилди.
«Агар уларга керак бўлмаса, Суперкубокни ўзимиз олишга розимиз – агар хоҳлашса, ёзиб беришсин, ўйнамасдан ҳам олаверамиз совринни», – дея ҳазил аралаш фикр билдирди «Локомотив» бош мураббийи.
Маълумот учун, Ўзбекистон Суперкубоги шу вақтгача фақат бир марта – 1999 йили Фарғонада ўтказилган. Ўшанда 1998 йилги Ўзбекистон чемпиони «Пахтакор» 1998 йилги Кубок соҳиби «Навбаҳор»га 2:4 ҳисобида имкониятни бой берган.
Қўшимча сифатида, Ўзбекистон Суперкубоги ғолиби 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.