Моуриньо ҳали "Челси" бош мураббийлигида АПЛнинг 74 уй учрашувида мағлубиятга учрамаган, Англия кубогининг охирги учтасида бир хил исмли мураббийлар ғолиб чиққан, Льорентенинг бош билан урган голлари "Фиорентина"нинг барча ўйинчиларининг кўрсаткичлариникидан юқори - шу каби фактлар билан Европада дам олиш - футбол кунлари анонсини эътиборингизга тақдим этамиз.
АНГЛИЯ КУБОГИ. "АРСЕНАЛ" - "ЭВЕРТОН"
Шанба куни оқшомда, 17:45.
- "Арсенал" Англия кубогини 10 марта қўлга киритган, "Эвертон"
- 8. Мусобақанинг энг омадли жамоаси - ҳамон "Манчестер Юнайтед" (11та кубок).
- "Арсенал" ва "Эвертон" Англия кубогида сўнгги бор 1981 йили тўқнаш келган ва унда "Эвертон" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
- "Арсенал" шу мавсум Англия кубогида "Ливерпуль"ни мағлуб этди. Агар пойтахт жамоаси "Эвертон"ни ҳам мағлуб этса, 1984/85 йиллар мавсумидан буён илк марта Англия кубоги доирасида иккала Ливерпуль шаҳри жамоасини мағлуб этган илк жамоага айланади.
- "Арсенал" 18-марта Англия кубоги финалига чиқиши мумкин. Агар лондонликлар бунинг уддасидан чиқишса, бу борада "МЮ" рекордини такрорлашади.
- Англия кубогини ютган охирги уч мураббийнинг исми - Роберто: Манчини (2011, "Манчестер Сити"), Ди Маттео (2012, "Челси") ва Мартинес (2013, "Уиган").
АПЛ. "ЧЕЛСИ" - "ТОТТЕНҲЭМ"
Шанба куни оқшомда, 22:30.
- "Челси" ва "Тоттенҳэм" АПЛ доирасида 131 марта тўқнаш келган. Чемпионатдаги Лондон дербиларининг 54тасида "Челси", 43тасида "Тоттенҳэм" ғалаба қозонган, 34 ўйинда дуранг қайд этилган.
- "Челси" "Тоттенҳэм"га қарши чемпионатдаги охирги 7 ўйиндан буён ютқазмай келмоқда (2 ғалаба, 5 дуранг). Сўнгги марта 2010 йил апрелида 1:2 ҳисобида имконият бой берилган эди.
- "Тоттенҳэм" чемпионатнинг 23 ўйинидан буён (1990 йил февралидан бошлаб) "Челси" майдонида ғалаба қозона олмаяпти (15 ғалаба, 2 дуранг). Бу кўрсаткич Англиянинг барча жамоалари учун рекорд натижадир.
- Жозе Моуриньо "Челси" устози сифатидаги 74 уй учрашувининг бирортасида ютқазмаган: 58 ғалаба ва 16 дуранг.
- Адебайорнинг АПЛдаги сўнгги 10та голидан 9таси сафарда урилган.
ИТАЛИЯ А СЕРИЯСИ. "ЮВЕНТУС" - "ФИОРЕНТИНА"
Якшанба куни, 16:30.
- "Ювентус" "Фиорентина"га қарши охирги 21 уй ўйинида фақат бир марта имкониятни бой берган. 2008 йилнинг 2 мартида меҳмонлар 3:2 ҳисобида устун келишганди. Ўшанда "Фиорентина"га ғалаба келтирган голни "Ювентус"нинг ҳозирги ўйинчиси Пабло Освальдо киритган бўлиб, у 93-дақиқада голни қоидага номувофиқ равишда нишонлагани учун майдондан четлатилган.
- "Ювентус" мусобақа стартидан уй учрашувларида ғалаба қозониш бўйича "А" серияси рекордини такрорлаши мумкин. 1975\76 йиллар мавсумида "Торино" ўз майдонидаги дастлабки 14 ўйинда ғалаба қозонган. "Ювентус"да ҳозирча бундай ютуқлар 13та бўлди.
- "Фиорентина" чемпионат доирасида "Ювентус"га қарши сўнгги 27та сафар ўйинида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаган (1981 йил 29 ноябридан буён).
- Охирги марта "Фиорентина" "Ювентус"ни бир мавсумда икки марта мағлуб этгани 1968/69 йиллар мавсумига тўғри келади.
- Ушбу мавсум "Ювентус" ҳужумчиси Льоренте боши билан 6та гол урди. Бу "Фиорентина"нинг барча ўйинчилари урган шундай голлардан кўра кўпроқдир.
ИСПАНИЯ. "РЕАЛ" - "ЛЕВАНТЕ"
Якшанба куни тунда, 23:00.
- "Реал" чемпионат доирасида "Леванте"га қарши ўтказилган ўз майдонидаги 8 ўйиннинг 7тасида ғалаба қозонган. Ягона мағлубият 2007 йил қайд этилган бўлиб (0:1), ўшанда ушбу мағлубият пойтахтликлардан чемпионлик унвонини олишга ҳалал бермаганди.
- Мавсумнинг биринчи даврасида 2013 йил 5 октябр куни Криштиану Роналду 94-дақиқада жамоасининг 3-голини уриб, ғалабани таъминлаган.
- "Леванте" чемпионатнинг сўнгги 8 ўйинидан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Ушбу турда эса жамоа ўз мағлубиятсиз серияси рекордини такрорлаши мумкин. 2011 йил августдан октябрга қадар "Леванте" қаторасига 9 ўйинни мағлубиятсиз якунлаган.
- 2002/03 йиллар мавсумида дебют қилган Криштиану Роналду ва Виктор Вальдес ўзлари қатнашган ички биринчиликларда 266тадан ўйинда ғалабага эришган бўлиб, бу кўрсаткич кўҳна қитьанинг етакчи чемпионатлари учун ушбу даврдаги энг яхши натижа ҳисобланади.
- "Реал" 28 расмий ўйиндан буён мағлубиятга учрамаяпти: 23 ғалаба, 5 дуранг. Охирги мағлубият 2013 йил октябрида "Барселона"дан қайд этилганди (2:3).
ИТАЛИЯ. "НАПОЛИ" - "РОМА"
Якшанба куни тунда, 00:45.
- "Рома" Италия чемпионатида 11та гол ўтказиб юборди. Римликларда ҳамон 15тагина тўп ўтказиб юборилган 1974/75 йиллар мавсумидаги ижобий рекордни такрорлаш имконияти бор.
- "Рома" мавсумдаги 49 голидан 18тасини стандарт вазиятлардан киритди: 6таси жарима тўплари, 7таси бурчак зарбалари, 5таси эркин зарбалар маҳсули.
- "Наполи"нинг рақиблари мавсумда 7та қизил карточка олган. Бу чемпионат иштирокчилари учун ("Ювентус" рақиблари билан бир қаторда) энг юқори кўрсаткичдир.
- "Рома" чемпионатдаги охирги 4 ўйинида гол ўтказиб юбормади. Аммо ушбу вақт оралиғида Италия кубогида айнан "Наполи"дан 3та гол қабул қилган.
- Биринчи даврада "Рома" ўз майдонида "Наполи"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди. Клуб охирги марта 1997\98 йиллар мавсумида "Наполи"ни ҳар икки ўйинда ҳам мағлуб этишни уддалаган.