Sportbox.ru сайти Россия Премьер-лигасининг ҳар бир туридан кейин энг яхши 11 нафар футболчисини аниқлаш орқали, Россия терма жамоаси бош мураббийи Фабио Капеллога ёрдам беришга қарор қилди. Албатта, сайт ходимлари мазкур рамзий терма жамоага Россия терма жамоаси ўйнаш ҳуқуқига эга бўлган футболчиларни киритишга қарор қилишди. Қайсидир чизиқда терма жамоага мос Россия фуқаролигига эга бўлган футболчи кўзга ташланмаса, ўша позицияни "вакант" сифатида қолдиришга қарор қилишди.
Эътиборли томони, чап қанот ҳимоячиси амплуасини ҳам журналистлар бўш қолдиришди ва 20-турда аслида рамзий терма жамоага ўзбекистонлик Виталий Денисов муносиб бўлганини таъкидлашди.
"Чап қанот ҳимоячиси: —
Назаримизда, 20-турда ушбу амплуанинг энг яхши футболчиси Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов бўлди. Дмитрий Комбаров терма жамоамизга «таклиф олиш» учун муносиб ўйин кўрсатмади", дейилади мақолада.
Эслатиб ўтамиз, "Локомотив" Премьер-лиганинг 20-турида "Крилья Советов" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва жадвалда 1-ўринга кўтарилиб олди. "Темирйўлчилар"нинг биринчи голига Виталий Денисов ассистентлик қилди. Унинг қанотдан етказиб берган тўпини Н'Дойе бош билан дарвозага йўллади.