Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг чорак финал босқичи кутилмаган натижаларга бой бўлди.
4 - 6 март кунлари пойтахтнинг Молия институти спорт мажмуасида футзал бўйича XVIII Ўзбекистон миллий чемпионатининг чорак финал (плей-офф) баҳслари бўлиб ўтди. Ушбу баҳслар якунига кўра, бир неча фаворит жамоалар мусобақадаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлишди. Айниқса, мамлакатнинг кўплаб совринлари соҳиби “Максам-Чирчиқ” жамоасининг Андижоннинг “Турон-С” клуби томонидан чиқариб юборилиши кўпчиликни ҳайратда қолдирди десак адайшмаймиз. Ушбу жамоалар ўртасида кечган иккала баҳс ҳам андижонликлар фойдасига ҳал бўлди – 7:2, 4:2.
Ҳабарингиз бор, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон чемпионатининг чорак финал босқичи ўйинлари плей-офф тизимида ўтказилади ва иккита ғалабага эришган жамоа кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади. Акс ҳолда, учинчи ўйин ўтказилади. Мусобақалар регламентига кўра, жамоалар чемпионатнинг 1-босқич 4 тури якуни бўйича эгаллаган ўринларига мувофиқ жуфтликларга бўлиб чиқилган (тартиб рақамлари: 1-8, 2-7, 3-6, 4-5).
Чемпионатнинг биринчи босқичи давомида жуда яхши ўйин кўрсатиб келган, ва плей-оффга 3-ўринни эгаллаб чиққан “Когон” жамоаси ҳам чорак финалнинг ўзида тўхтади. Когонликларнинг кучи биринчи босқич якунига кўра 6-ўринни олган қаршининг “Дўстлик-AIN” жамоасига етмади. Ушбу жуфтлик ўртасида кечган баҳснинг биринчиси 3:3 ҳисобида якун топди, аммо ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида “Дўстлик-AIN” 4:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Иккинчи баҳсда эса, қаршилик футзалчилар рақиб дарвозани 5 маротаба ишғол қилиб, ўз дарвозаларидан атиги 1 бор тўп ўтказиб юборишди.
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” клубининг чорак финалдаги рақиби “Пахтакор” бўлди. Иккала учрашувда ҳам “темирйўлчилар” ишончли ўйин кўрсатиб, “Пахтакор”ни мос тарзда – 4:1 ва 5:2 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
Чорак финалнинг фақатгина битта жуфтлиги ўртасидаги тўқнашув 3 “раундга” чўзилди. Пойтахтнинг икки клуби “Ардус” ва “Бунёдкор” кетма-кетлик билан бир бирлари мағлубиятга учратиб, жуфтлик ғолиби учинчи қўшимча ўйинда аниқлаб олишди. Энг қизиғи, учинчи баҳс ҳам ғолибни аниқлаб бермагач (3:3), жамоалар пеналтилар сериясига мурожаат қилишди. Ўйиннинг ушбу қисмида омад “Бунёдкор” томонида бўлди – 5:4.
Шу тариқа, чемпионатнинг ярим финал босқичига “Локомотив”, “Дўстлик-AIN", "Бунёдкор" ва "Турон-С" жамоалари йўл олишди.
Ўзбекистон чемпионати
Чорак финал (плей-офф)
04.03.2014
Локомотив – Пахтакор 4:1
Ардус – Бунёдкор 4:2
Турон-С – Максам-Чирчиқ 7:2
Когон – Дўстлик-AIN 3:3 (2:4 пен.)
05.03.2014
Пахтакор – Локомотив 2:5
Бунёдкор – Ардус 4:2
Турон-С – Максам-Чирчиқ 4:2
Дўстлик-AIN– Когон 5:1
06.03.2014
Ардус – Бунёдкор 3:3 (4:5 пен.)