Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эдгар Гесс: "Агрессив ва ҳужумкор футбол кўрамиз!

Баҳо:
+ | -

Бугун футбол! Орзиқиб кутган дамлар келди. Соат 16:30да Вобкентдаги "Ёшлик" ўйингоҳида "Бухоро" ҳамда "Нефтчи" жамоалари ўртасида қизиқарли учрашув бўлиб ўтади. Кеча Бош мураббийимиз Эдгар Гесс pfkbuxoro.uz сайти учун эксклюзив интервью берди. Сухбатни сизларга хавола этамиз.

- Эдгар Яковлевич мана чемпионат бошланишига хам саноқли соатлар қолди,умуман чемпионатга тайёргарлик сизни қониқтирдими? 
-Жамоа мавсумни деярли футболчиларсиз бошлади, ўтган йилги футболчиларнинг деярли барчаси жамоани тарк этди, уларнинг кўпчилиги ижарада ўйнашган эди ва улар ўзларининг жамоаларига қайтиб кетишди. Жамоада фақат Вахобов, Жураев ва Ильин қолган эди холос. Шу сабабдан биз жамоани қайтадан шакллантирдик. Ҳар бир жамоа ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда футболчиларни харид қилади. Жамоамизнинг имкониятлари чегараланган, шунинг учун биз юлдузларни ва номдор футболчиларни жамоага жалб қила олмас эдик. Шу сабабли раҳбарият билан келишган ҳолда асосан маҳаллий ёшларга таянган ҳолда жамоани шакллантира бошладик. Тошкентдаги йигинда 26 футболчидан 14 таси бухороликлар эди. Лекин ҳозирги кунга келиб фақат маҳаллий футболчиларга таяниб мавсумни бошлаш бу анча хавфли,чунки бу ёшлар ҳали олий лига жамоасини етаклашга тайёр эмслар.Шу сабабли биз ёшларга ўрнак бўла оладиган бир қанча тажрибали футболчиларни ҳам жамоага жалб қилдик.

- Мухлисларни энг хавотирга солаётгани бу, жамоа тўлиқ янгиланган. Бу ҳолат жамоанинг натижаларига, футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилишига тўсқинлик килади?
- Футболчиларнинг бир-бирини тушоноламай ҳаракит қилишига бу ҳолат таъсир кўрсатмаслиги керак. Сабаби биз икки ойдан зиёт вақт давомида машгулотларга зўр бердик,ҳам тактик ҳам назарий машғулотар етарлича бўлди. Салбий таъсири, футболчилар учун бу янги муҳит, янги мухлислар,янги стадион. Тошкентда назорат учрашувларини ўтказиш бошқа,лекин ўз мухлисларинг қаршисида ҳаракат қилиш умуман бошқа ҳолат. Ўзига хос катта босим футболчиларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин холос. Лекин улар профессионал, бу ҳолатни тезда енгиб ўтишлари керак.

- Жароҳатланганлар борми?
- Футболчининг энг ашаддий душмани бу жароҳат. Ҳозирги кунга келиб афсус футболчиларимиз орасида жароҳатланганлар ҳам бор. Булар Вахобов, Квесиешвили. Мана ёшлар лигаси доирасида кечган учрашув чоғида Кочнев ҳам жароҳатланди.

- Вобкентдаги майдон қандай ҳолатда?
-Биз бир неча кундан бери ўша майдонда машғулотларни ўтказиб келяпмиз. Бир нарсани тўғри тушуниш керак, агар биз биринчи учрашувни марказий стадионимизда ўтказадиган бўлсак, бу дегани бутун мавсум биз сифатсиз майдонда ўйнаймиз дегани. Шунинг учун биз 1-2 учрашувни бошқа стадионда ўтказишга мажбурмиз. Бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман,бош стадионимиз майсасини талаб даражасига чиқариш йўлида меҳнат қилаётган ўнлаб ишчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар совуқни совуқ демай, ёмғирни ёмғир демай меҳнат қилишмоқда. Очиғини айтадиган булсам, одамийлик нуқтаи назардан шунча одамларнинг меҳнатини битта ўйин билан ер билан яксон қилишни хохламадик. Вобкентдаги майдон масаласига келсак,майдон текис бўлишига қарамай, барибир майсаларнинг кўкариши энди бошланди. Идеал футбол кўрсатиб бўлмасада ўйнаб бўлади.

- Энди бевосита рақибларимизга тўхталиб ўтсак. Жамоа хориж йиғинида қатнашди, кучли спарринг-рақиблар билан назорат учрашувларини ўтказди?
- "Нефтчи" яхши футболчиларни ўз сафига жамлади. Анча тажрибали ёшлар билан таркиб бойитилди.

- Рақибларимизнинг айнан қайси футболчисидан купроқ хавф кутса бўлади?
- Мен бирон бир футболчини ажратиб кўрсатолмайман. Лекин легионерлари анча яхши, грузиялик легионер "Алания"да ўйнаган пайтларида менга илиқ таасурот уйғотган эди.

- Ўтган мавсум кўпчилик бухоролик мухлислар очиқчасига ўз норозиликларини намоиш этишди. Хусусан "Бухоро" жамоасига бир марталик жамоа сифатида қарашди. Сабаби жамоада умуман маҳаллий футболчи йуқ эди ва кўпчилик футболчилар ижарада туп суришди. Мухлислар эртага янги "Бухоро"ни куришадими?
- Янги, махаллий футболчиларига асосланган жамоани кўриш учун футболчиларни бунга тайёрлаб бориш керак, хар бир учрашувда 10-15 дақиқадан майдонга тушуриб тажрибасиз ёшларга тажриба тўплашларига имконият бериш керак, шундагина мақсадга эришилади. Ҳозир биз бу ёшларни барчасини майдонга тушурсак,"Нефтчи" ҳеч қандай қийинчиликсиз жамоани тор-мор этади. Шу сабабдан биз ёшлар билан бирга тажрибали футболчиларни ҳам жамоага жалб қилганмиз. Йил давомида биздаги маҳаллий ёшларимизнинг 14-15 таси секин-асталик билан майдонга тушурилаверади. Бу ишлар секин-асталик билан қилинади. Улар ёш, уларнинг психикаси анча заиф, ёппасига ёшларни майдонга тушуриб,ҳа деб мағлуб бўлиб юриш бу авваломбор футболчига катта зарба. У футболчи майдонга чиқишга қўрқиб қолади. Ўринбосарлар таркибида у 100-200 нафар қаршисида уйнаши бу нормал, лекин асосий таркибда 10 мингдан зиёд мухлис қаршисида у довдираб қолади.

- Саволимга қўшимча қиламан, мухлисларимиз бир марталик жамоа бўлишини хохлашмайди! Бизга бир неча йиллик жамоа керак. Сиз бу ишни қила олишингизга кафолат бера оласизми?
- Мен биринчи марта бу ерга келганимда, биринчи айтган гапим айнан шу масалада бўлди. Мен хохлайман-ки,бу жамоада асосан бухороликлар тўп сурсин. Бу учун албатта вакт керак. Мураббийга имконит берилса, албатта қилиб бўладиган иш. Лекин жамоа ютқазаверса, жамоа мураббийи олиб ташланади ва бу ғоя амалга ошмай қолади. Мисол учун шу мавсум 4-5 нафар маҳаллий футболчи рақобатбардош даражага чиқса,келаси йил улар сони 10-12 тага етади ва қарабсизги биз бошлаган иш ўз самарасини бера бошлайди. Шунинг учун биз йиғинларимизга нақт 14 нафар маҳаллий футболчиларни олиб кетдик. Бунақаси ҳали бўлмаган.

- Маҳаллий футболчи деганда нимани тушунасиз? Маҳаллий футболчи қанақа бўлиши керак?
- Яхши савол. Мен маҳаллий футболчи деганда ҳақиқий патриот, ватанпарвар инсонни тушунаман. Махаллий футболчи пулни биринчи ўринга эмас, трибунадаги инсонларни, ёзнинг жазирама иссиғида пахта далада ишлайдиган инсонларни устун қўйиши керак. Патриот футболчи деб айнан қайсидир мураббий қўл остида футбол сирларини ўраганаман деб келган инсонни тушунаман. Менга пул деб келган футболчи керак эмас.

- Ушбу мавсум чемпионатимизда қайси жамоалар етакчилик қилишади деб ўйлайси?
- Сўзсиз бу "Локо" ҳамда "Бунёдкор". Чунки уларнинг молиявий ҳолати ҳам,жамланган футболчилари ҳам бунга имконият беради. Улардан кейин "Пахтакор", балки "Насаф" ҳамда "Олмалиқ" жамоалари ҳам ўзларини кўрсатишлари мумкин. Биз эса сeкин-асталик билан жамоамизни шакллантиришда давом этамиз ва 1-2 йилдан сўнг биз ҳам ўз "тиш"ларимизни кўрсата бошлаймиз ва шундай кўрсатамизки кам кўринмайди!

- Учрашувдан нима кутяпсиз?
- Бир нарсани аниқ айтаман, кескин кураш!Агрессив, хужумкор ва тезкор курашни кўрамиз. Майдонга кайси жамоа тез мослашса ўша жамоада ташаббус бўлади.

Олим Жўраев ёзиб олди.

Тайёрлади: Азиз Салихов

Манба: pfkbuxoro.uz
Киритилди: 15:46, 15.03.2014.
Ўқилди: 4037 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.