"Арсенал" бош мураббийи Арсен Венгер Премьер-лига доирасида "Тоттенҳэм" мағлуб этилгач (0:1), жамоасининг марказий ҳимоя чизиғини ва "Челси"га қарши ўйиннинг муҳимлиги ҳақида гапириб ўтди.
"Мертесакер ва Косьелни ажойиб ўйин ўтказдилар. Улар "Бавария"га қарши ҳам жуда яхши ўйнашганди, бугун эса Вермален ҳам майдонга тушди ва биз уч марказий ҳимоячи билан ўйинни якунладик. Шу боисдан ҳам рақиб дарвозамиз олдида ҳеч қандай вазият ярата олгани йўқ.
Бу натижа бизни "Челси"га бирмунча яқинлаштирди. Бу эса кейинги тур ўйинини янада қизиқарли ўтишини таъминлайди. Ҳозир "Челси"дан тўрт очко ортда қоляпмиз, аммо захирада ўйинимиз бор, шунингдек, бешта ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. Кўрамиз, барчаси қандай кетаркан. Шубҳасиз, "Челси"га қарши ўйин катта аҳамиятга эга. Ушбу баҳсни ҳаёт-мамот жанги деб атаган бўлардим.
"Эвертон", "Бавария" ва "Тоттенҳэм"га қарши ўтказган охирги уч ўйинимизда юқори савияда ўйнадик. Айниқса ҳимоячиларимизга гап йўқ. Улар бутун тўқсон дақиқа давомида бор эътиборларини ўйинга қарата олишди", - деди француз мутахассиси.