Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги 3-тур учрашуви «Бунёдкор»-«Фулад» ўйинини кўриб, хафсалам пир бўлди. Ўйинда на жозиба бор, на хилма-хиллик. Хаттоки стадионда деярли мухлислар ҳам йўқ. Хуллас ушбу ўйиндаги 2 та жиҳатга эътибор қаратиб ўтмоқчиман.
Мухлислар
Учрашув бошланаётган бир пайтда ўйинни шархлаётган Мирзаҳаким Тўхтамирзаев мазкур ўйин бир нечта давлатларга трансляция қилинаётганини таъкидлаб ўтдилар. Ўйинни томоша қилаётган Осиёнинг бошқа мамлакатлари стадиондаги манзарани кўриб, Ўзбекистонда футбол ривожланмаган экан ҳали деган фикрга борган бўлсалар не ажаб. 35 минглик стадионга атиги 1950 та мухлис тушибди холос. Аслида мухлислар сони бундан кам бўлган бўлса ҳам ажабланмасдим. Ривалдо тўп сурган пайтлари Эронда «Озоди» стадионида сал кам 100 минг мухлис кўз ўнгида ғалаба билан қайтган «Бунёдкор», ўз майдонида «нақ» 2000 га яқин мухлис кўз олдида Эроннинг бошқа бир клуби билан аранг дурангга эришди. «Фулад» устози стадиондаги «аншлаг»ни кўриб, хайрон бўлган бўлса керак. Осиё Чемпионлар лигасида якка-ю ягона клубимизнинг уйдаги ўйинига хаттоки 2000 та мухлис ҳам тушмаслиги бу шунчаки шармандалик холос. Очиғи ўйин бошлангач, «Бунёдкор» рақиби устидан шу қадар чиройли тарзда ғалаба қозонсинки, стадионга келмаган мухлислар аттанг деб қолишсин деган ният қилгандим. Йўқ адашибман, ўйинга кирмаган мухлислар бу ишларидан афсусланмаган бўлишса керак. Аслини олганда, стадионга келмаганликлари учун мухлисларни айблаш ноўрин бўларди.
Тактика
Осиёда сўнгги пайтлари бир хил, мазмунсиз тактикамиз устидан кулмаган мураббий қолмади хисоб. Ўйинни кўрган бошқа мамлакат фуқаролари Ўзбекистонда марказий ярим ҳимоячилар йўқ шекилли деб ўйлашса керак. Марказий ҳимоячиларнинг вазифаси нима ўзи? Тўпни фақатгина қанотларга етказиб беришми ёки тўпни рақибдан олиб қўйиш учун ўйнашми? Қанот футболчиларимизнинг вазифаси битта. Рақиб жарима майдони ичида ўз футболчилари борми ёки йўқ буни аҳамияти ҳам йўқ. Шунчаки тўпни ҳаволатиб жарима майдонига етказиб берса кифоя. Бошқача қилиб тўп тепишни билишмайди. Марказдан ёриб кирадиган ёки дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетадиган имконият умуман бўлмади. Буни сўнгги бир нечта учрашувларда кузатдик. Эътиборлиси рақибларнинг аксарият голлари марказдан ёриб киришлар орқали киритилмоқда. «Фулад» ҳам худди шундай тарзда гол урди. Очиғи Миржалол Қосимов бунақа расво тактикадан воз кечиб, янги тактикалар устида бош қотирмаса Осиё Чемпионлар лигасида жамоа ғалаба нималигини билмаса ҳам керак. Эсингизда бўлса Сколари «Бунёдкор»га келганидан кейин қанотда тўп сурадиган Жасур Хасанов тўпларни ҳаволатиб эмас, пастдан жарима чизиғи ёнига йетказиб беришни ўрганганди. Ўшанда бу рақиблар учун кутилмаган вазият бўлиб, Ривалдо ва бошқа футболчилар бир неча марта тўп киртитишган эди. Балки футболчилар футзал майдонида шуғулланиб кўришса, аниқ ва ерлатиб ҳам пас беришни ўрганишган бўлармиди.
Бу менинг кечаги ўйин ҳақида қисқача фикрларим эди холос. Унга қўшилиш ёки қўшилмаслигингиз ҳам мумкин. Саломат бўлинг!
Юсупов Фурқат