Эртага Австралиянинг Сидней шаҳрида Осиё кубоги-2015 финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Қитъамизнинг энг кучли 16 жамоаси келаси йили январь ойида Австралия яшил майдонларида бош соврин учун кураш олиб боришади.
Хабарингиз бор, жамоаларни саватчаларга ажратишда ФИФАнинг март ойидаги рейтинг асос қилиб олинди. Натижада Осиё кубоги-2015да 3-ўринни эгаллаган, ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритган Жанубий Корея 2-саватчага тушиб қолди. Натижада Корея ўрин оладиган гуруҳ "ўлим гуруҳи" бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон эса 1-саватчадан жой олган. Шунингдек, юқори саватчадан мезбон Австралия, Япония ва Эрон термалари ҳам қуръа тортилишади.
Қуръа эса 4-саватча вакилларидан бошланади. Дастлаб номи чиққан жамоа "А" гуруҳининг 4-поғонасига жойлашади (ушбу жамоа очилиш ўйинида қатнашади). Ундан кейинги жамоалар "В4", "С4" ва "D4"дан жой олишади. Худди шундай жараён 3 ва 2-саватча жамоалари билан ҳам давом эттирилади.
Мезбон жамоа автоматик равишда "А" гуруҳининг 1-поғонасини эгаллайди. Ушбу саватчанинг бошқа вакиллари қуръанинг сўнгги қисмида "В", "С" ва "D" гуруҳларига жойлашишади. Демак, Ўзбекистон жой оладиган гуруҳ номини қуръа сўнгида билиб оламиз.
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичидаги илк ўйинини 4-саватча вакили билан ўтказади. 2-турда 3-саватча жамоаси билан ўйнасак, сўнгги тур 2-саватча жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Осиё кубоги мусобақаларида Япония барчадан кўп 4 марта ғолибликни қўлга киритган. Саудия Арабистони ва Эрон ҳисобида 3тадан ғалаба бор.
Осиё кубоги мусобақаси 2015 йилнинг 9 январь куни бошланиб, 31 январь куни ниҳоясига етади. Ўйинлар Австралиянинг 5та шаҳрида бўлиб ўтади.
Қуръа ташлаш маросими эртага, 26 март куни Тошкент вақти билан соат 13:00да бошланади. Ушбу маросимни сайтимиз орқали тўғридан-тўғри ёритиб борамиз.
Осиё кубоги-2015 қуръаси саватчалари таркиби:
1-саватча: Австралия, Эрон, Япония, Ўзбекистон
2-саватча: Жанубий Корея, БАА, Иордания, Саудия Арабистони
3-саватча: Уммон, Хитой, Қатар, Ироқ
4-саватча: Баҳрайн, Кувайт, КХДР, ОФК Чақурув кубоги-2014 ғолиби