Жозе Моуриньо "Сток Сити"га қарши кечган уй ўйинида ўз мақсадига эриша олди. Жамоа ҳам 3 очкони қўлга киритди, ҳам "ПСЖ" қарши кечадиган ЕЧЛ чорак финал жавоб ўйини олдидан етакчиларга дам берди. Мавсум давомида унчалик кўп ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчилар учрашувда ғалабани таъминлай олишди. Тўғри, Моуриньо шогирдлари у қадар ёрқин ўйин кўрсатишмади, аммо, энг муҳими, ўз ҳисобларига 3 очкони ёзиб қўйишди.
"Челси" таркибида илк марта асосий таркибда майдонга тушган мисрлик Муҳаммад Салоҳ ўйин қаҳрамонларидан бири бўлди. У яққол ажралиб турмади, аммо муҳим эпизодларда ўзини кўрсатди. Биринчи бўлимда қанотдан етказилган тўпни дарвозага йўллаган бўлса, иккинчи бўлимда пенальти ишлади. Лэмпарднинг 11 метрли жарима зарбасини дарвозабон Бегович қайтарди, бироқ қайтган тўпни Френкнинг ўзи дарвозага йўллади. Лондонликларнинг ўйинини ташкил қилишда муҳим фигура бўлган Виллиан эса чиройли зарба билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Ушбу ғалабадан кейин "Челси" очколари сонини 72тага етказди ва жадвалда 1-ўринга кўтарилиб олди. Унда бир очко кам жамғарган "Ливерпуль" тур баҳсини эртага ўтказади. 70 очкога эга бўлиб турган "Сити" ҳисобида эса 2та захира ўйини бор.
Англия Премьер-лигаси, 33-тур
"Челси" – "Сток Сити" 3:0 (1:0)
Голлар: 1:0 – 32 Салоҳ, 2:0 – 61 Лэмпард, 3:0 – 72 Виллиан.
"Челси": Чех, Иванович, Кэйхилл, Терри, Аспиликуэта, Лэмпард (Давид Луиз, 70), Матич, Виллиан (Э. Коул, 78), Шюррле (Э. Азар, 59), Салах, Торрес.
"Сток Сити": Бегович, Кэмерон (Уилкинсон, 46), Уилсон, Шоукросс, Питерс, Уэлан, Нзонзи, Одемвинги, Паласиос (Адам, 46), Арнаутович, Крауч (Уолтерс, 78).