"Атлетико" бош мураббийи Диего Симеоне "Барселона"га қарши кечадиган ЕЧЛ чорак финал жавоб ўйинида Диего Костанинг ўрнини тўлдира олишига ишончи комил. Каталонияда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда (1:1) Коста жароҳат олганди.
"Диего Костанинг аҳволини кечқурунги машғулот пайтида кўздан кечирамиз. Агар у ўйинга тайёр бўлмаса, у ҳолда Адриан ўйнайди. Ҳеч бўлмаса 90 фоизга тайёр бўлган футболчиларга жамоа муҳтож. Футболчининг тайёргарлиги бор-йўғи 50 фоиз бўлса, бундан ёмони йўқ. Бу Миранда, Годин ёки Диего Коста бўлса ҳам. Адриан яхши формада. Ишончим комил, у гол ура олади.
Сўнгги ўйинларда таркибда ротация қилиб келдим. Бу орқали футболчиларнинг ҳолатини бир маромда ушлаб туришга интилдим. Футболчиларнинг функционал тайёргарлиги борасида катта ишларни амалга оширяпмиз. Бу эса бизга мавсумнинг ушбу қисмида тонусда бўлиб туришимизга ёрдам бермоқда.
"Барселона" ўз услубини ўзгартирмайди. У ҳамиша тўпни назорат қилишга ҳаракат қилади. Ҳар бир жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Улар ўз ўйинларини тўпни назорат қилиш эвазига қуришса, биз қарши ҳужумда имконият қидирамиз. Биз босимни ҳис қиляпмизми? Бу босим эмас, бу масъулият. Ўз оиласини боқиш учун пулга муҳтож бўлган инсон босимни ҳис қилади", - дейди Диего Симеоне.