"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Дэвид Мойес Чемпионлар лигаси чорак финалининг жавоб учрашувида "Бавария"га бой берилган имконият ҳақида фикр билдирди (1:3).
"Ҳатто мактаб боласи ҳам ўйин бошида гол ўтказиб юбориш керакаслигини билади. Биз буни уддаладик. Урилган голдан кейин хотиржам бўлиш учун 5-10 дақиқа керак бўлади, аммо "Бавария" тезда ҳисобни тенглаштирди.
Ишонч била айтишим мумкинки, бизга тажриба етишмади, йўқса тезда гол ўтказиб юбормас эдик. Ўз ўйинимизда қониқдим, аммо бир-икита кичик нарсалар омадни рақиб томонга буриб юборди.
"Бавария" ҳақиқатдан ҳам яхши жамоа, бугун буни исботлади. Биз ғалаба учун ҳамма нарса қилдик деб ҳисоблайман. Биз мюнҳенликларни қийнадик. Ўйинда тактик режаларимизни аъло бажардик. Аммо гол уриб туриб, тезда ўтказиб юбориш вазиятни мураккаблаштирди.
Келгуси мавсумда биз Чемпионлар лигасида ўйнамаймиз, аммо бу даражага яқинмиз. Умид қиламанки, мусобақа билан бир мавсумгагина хайрлашамиз. Биз ўзимизни қайта қурамиз, кучлироқ бўламиз ва Чемпионлар лигасига қайтамиз. "Бавария"га мағлуб бўлиш уят эмас. Бу ҳақиқатдан ҳам яхши жамоа, аммо биз яхши футбол кўрсатдик", - дея Мойеснинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.