ФИФА томонидан бугун эълон қилинган янги рейтингда Ўзбекистон терма жамоаси 53-ўринда қайд этилди. Ушбу кўрсаткич орқали терма жамоамиз март ойи жадвалига нисбатан 2 поғона кўтарилишга эришган. Термамиз ҳисобидаги рейтинг очколари 12 баллга ошган. Ўзбекистон сўнгги 7 йил ичидаги ўзининг энг яхши кўрсаткичини такрорлади. Жамоамиз 2007 йилнинг март ойи рейтингида айнан 53-ўринда қайд этилганди.
Ўзбекистон Осиёда ҳамон 3-ўринни эгаллаб турибди. Қитъамизнинг энг яхши жамоаси бўлиб турган Эрон 5 ўрин кўтарилди ва 37-қаторга чиқиб олди (715 балл). Япония ҳам бир ўрин юқори чиқди — 613 очко. Жанубий Корея ва Австралия эса 4 сатр "сакрашди" ҳамда 56 ва 59-ўринларга жойлашишди. БАА эса 51 очко йўқотди ва 6-ўрин пастга тушиб кетди — 67-ўрин.
Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё кубоги-2015да бир гуруҳда ўрин олган Саудия Арабистони 75-ўринни эгаллаб турган бўлса, Хитой 96-поғонада қайд этилган. 137-қатор эса КХДРга тегишли бўлиб турибди.
Испания катта тафовут билан рейтингни бошқаришда давом этмоқда. Германия ҳам ҳали бери 2-ўринни ҳеч кимга бўшатмаса керак. Аргентина эса бирданига 3 поғона пастга тушиб кетиши оқибатида, Португалия, Колумбия ва Уругвай бир қатордан юқорига кўтарилишди. Бразилия ҳам Аргентина билан бир хил очко тўплаб, 6-ўринни эгаллаб турибди.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА сайтида танишиб олшингиз мумкин.