Бугун ОФК Ижроқўми 2019 йилги Осиё кубогидан бошлаб финал босқичида иштирок этувчи терма жамоалар сонини 16тадан 24тага кўпайтириш тўғрисидаги таклифни тасдиқлади.
ОФК президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа раислигида бўлиб ўтган йиғилишда, шунингдек, ОФК чақирув кубоги мусобақасига барҳам берилди. Шу йилнинг 19-30 май кунлари Мальдив оролларида бўлиб ўтадиган ОФК Чақирув кубоги сўнггиси бўлиб қолади.
Йиғилиш аввалида шайх Салмон Япония U17 қизлар терма жамоасини жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани билан табриклади. Шунингдек, ЖЧ-2014да иштирок этадиган Япония, Эрон, Жанубий Корея ва Австралияга бўлажак мусобақада омад тилади.
Шунингдек, Ижроқўм Осиё кубоги-2019 ва ЖЧ-2018 саралаш мусобақаларини бирлаштириш ҳақидаги таклифни ҳам тасдиқлади. Иштирокчи давлатлар сонига қараб, дастлаб жамоалар 8та гуруҳга бўлинишади. Ўз гуруҳларида 1-ўринни олган 8та жамоа ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та жамоа — жами 12та жамоа ЖЧ йўлланмаси учун курашни давом эттиришади ҳамда Осиё кубоги йўлланмасига эга бўлишади (хабарингиз бор, ҳозиргача ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида 10та жамоа кураш олиб борарди). Яна 24та жамоа эса 6та гуруҳга бўлинган ҳолда, Осиё кубогининг яна 12та йўлланмаси учун баҳсларда иштирок этишади.
Келаси мавсумдан бошлаб ОЧЛ квоталари клубларнинг сўнгги 4 йилдаги натижалари (70%) ва ФИФА рейтинги (30%) асосида тақсимланиши ҳам расмий тасдиғини топди. Рейтингда 1-24-ўринлар (12+12)ни эгаллаган ОЧЛ мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу билан бирга мамлакат клублари лицензиялаштиришдан ўтган бўлиши шарт. Рейтингда 25-32-ўринларда қайд этилганлар ОФК кубогининг гуруҳ босқичида иштирок этишлари мумкин. 33-47-ўриндаги мамлакатларга ОФК кубогининг саралаш баҳсидан иштирок этишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, 16, 19 ва 22 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасидаги Осиё чемпионатида тур ўйинлари орасидаги дам олиш кунларини бир кундан икки кунга ошириш ҳақидаги таклиф ҳам маъқулланди. Фақат бу 2017 йилдан бошлаб қўлланилади.