Бугун Жанубий Корея футболини таҳлил қилувчи "ОСEН" нашри терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров ҳақида мақола эълон қилди. Ушбу мақола шундай сўзлар билан бошланади: "1 миллион доллар маош олувчи футболчи майдонга туширилмаяпти. Сезганингиздек, бу Сервер Жепаров."
Нашр бугун Корея Футбол Ассоцияцияси эълон қилган хорижлик футболчиларнинг даромадлари ҳақидаги рейтингдан иқтибос келтиради ва давом этади: "Сервер Жепаров кей-лигада тўп сураётган катта маош олувчи маҳаллий футболчилар рейтинги карвонбошиси Ли Донг Гукдан 2 минг доллар, Корея терма жамоаси ва Улсан хужумчиси Ким Шин Вукдан 4 минг доллар кўп маош олмоқда. Аммо ўйин ва кўрсаткичлар бўйича улар билан таққослаб бўлмайди. Бунга Жепаровда имконият ҳам бўлаётгани йўқ. Якунланган 8 та тур ўйинларида у 2 марта майдонга тушди. У ҳам бўлса қисқа муддатларга майдонда пайдо бўлди. Муаммо шундаки, Жепаров Сеонгнамнинг янги бош мураббийи Парк Жонг Хваннинг ўйин услубига мос келмаяпти. Ҳар ҳолда Парк Жонг Хван шундай фикрда. 13 апрел куни ўз уйида "Сангжу Сангму" билан ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилди ва ҳужумда анча ўткир бўлган Сервер Жепаров қайдномадан ҳам жой ололмади.
Ушбу ўйиндан кейин Парк Жонг Хван: "Бизда алмаштириб бўлмас футболчи йўқ. Ким Донг Соб ва Валдивия бундан мустасно. Қолган футболчилар бирор жойга кафолатланмаган. Яримҳимоя чизиғимиз жудаям бўшаб қолган. Майдонга футболчи туширишга футболчи топишда жуда қийналаман ", - деди. Лекин жисмоний ҳолати ёмон бўлмаган Сервер Жепаровни майдонга туширмаётганлиги жуда тушунарсиз. Шу куни бош мураббий Жепаровни анчагина танқид қилди. Жисмоний ҳолати яхши бўлишига қарамасдан, у Парк Жонг Хваннинг футбол фалсафасига мос тушмаяпти. Аслида Жепаров кей-лигада топиш қийин бўлган ажойиб плеймейкерлардан бири ҳисобланади. У бугун ухлаб, эртага эрталаб уйғониб ўйин услубини ўзгартириб юбориши қийин. Шундай экан у бош мураббийнинг режаларидан ташқарида қолаверишини тахмин қилиш мумкин. Ижара ёки сотиб юборишга эса унинг катта маоши ва ёши тўсқинлик қилади.
Сеонгнам ушбу мавсумдан эътиборан Сеонгнам шаҳар ҳокимияти қарамоғига ўтди ва молиявий ҳолати мақтангулик даражада эмас. Заҳирага ҳам киритилмаётган ва кей-лигада юқори маош олувчи футболчини ушлаб ўтиришганига эса кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан. Сервер Жепаров ўз ўйин услубини ўзгартириб, Парк Жонг Хваннинг қарашларига мослашадими ёки бошқа жамоага ўтиб кетадими? Сеонгнам ушбу вазиятга қандай ечим топади? Бу бошни оғритадиган топишмоқлигича қолмоқда".
Отабек Йўлдошев.
Жанубий Корея, Сеул.