Болгариянинг София шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида барча вазн тоифаларида ярим финалчилар аниқланди.
Эътиборлиси, ярим финал баҳсларига йўлланма олиб, камида жаҳон чемпионатининг бронза медаллари ва Нанкин шаҳрида ўтказиладиган ўсмирлар Олимпиада ўйинлари лицензияларини қўлга киритган спортчилар орасидан тўрт нафар ҳамюртимиз, булар Сулаймон Латипов (-49 кг), Иқболжон Холдоров (-60 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг) ва Козимбек Мардонов (-75 кг) ҳам ўрин эгаллади.
Маълумки, қоидага кўра “Нанкин-2014” ўйинларига ҳар бир терма жамоа кўпи билан учта йўлланма олиши мумкин. Терма жамоамиз аъзолари эса тўртта йўлланмага эга бўлдилар. Энди ўсмирлар Олимпиадасига йўл оладиган уч нафар спортчининг номи Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан эълон қилинади.
Шу тариқа, жорий йилнинг 16-28 август кунлари Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган II ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз сафи 23 нафарга етди. Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Сингапурда бўлиб ўтган биринчи ўсмирлар Олимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини жами 21 нафар спортчи ҳимоя қилган.
Олдинда яна спортнинг қатор турлари бўйича лицензион мусобақалар мавжуд ва умид қиламизки, ўсмирлар Олимпиада ўйинларига йўл оладиган делегациямиз таркиби янада кенгаяди.
Ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳслари 23 апрель куни ўтказилади. Қуйида финал йўлланмаси учун рингга кўтариладиган ҳамюртларимизнинг рақиблари берилган:
49 кг. С.Латипов – Р.Ҳусейнов (Озарбойжон)
60 кг. И.Холдоров – А.Жусупов (Қозоғистон)
69 кг. Б.Мелиқўзиев – Ж.Солано (Доминикан)
75 кг. К.Мардонов – Д.Нестеров (Россия)