Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида ярим финалчилар номи маълум бўлганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу босқичга етиб келган 40 нафар спортчи 22 давлат вакили ҳисобланади.
Эътиборлиси, ярим финалга чиққан энг кўп (4 нафардан) спортчи Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон терма жамоаларига тўғри келади.
Украина, Россия, Хорватия терма жамоаларининг уч нафардан аъзоси ярим финалга етиб келган бўлса, АҚШ, Буюк Британия, Куба, Озарбойжон, Болгария ва Япония терма жамоаларидан икки нафардан спортчи финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Хитой, Италия, Ж. Корея, Ҳиндистон, Руминия, Доминикан Республикаси, Беларус, Арманистон, Норвегия, Венгрия ва Германия терма жамоаларидан эса бир нафардан спортчи ярим финалга етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу босқичга етиб келган спортчилар камида бронза медали ҳамда жорий йил Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган II ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритишди. Қоидага кўра, ҳар бир терма жамоа кўпи билан учтадан Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлиши мумкин.
Демак, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўз олдиларига қўйган мақсадни ортиғи билан бажардилар. Ушбу терма жамоалардан Нанкинга йўл оладиган уч нафардан боксчи кейинроқ эълон қилинади.
Жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари 23-апрель куни ўтказилса, финал мусобақалари 24-апрелга белгиланган.