Бугун Жанубий Корея Кей-лигасида 10-тур ўйинлари бошланди. Дастлаб «Чонбук» ўз майдонида «Кёнгнам»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Жежу Юнайтед» - «Пусан» ўйинида 2:1 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонишди.
Терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров тўп сурадиган «Сеонгнам» ушбу турда ўз майдонида «Чоннам»ни қабул қилди. Хабарингиз бор, бу ҳафта «Сеонгнам» бош мураббийи лавозимида ишлаб келган Парк Жонг Хван можароли тарзда истеъфога чиққан эди. Унинг ўрнини клуб мураббийлар штабида фаолият юритган Ли Санг Юн эгаллади. Аммо унинг мураббийлик дебюти муваффақиятли чиқмади ва бугун «Сеонгнам» 0:1 ҳисобида аламли мағлубиятга учради.
Сервер Жепаров бу турда ҳам ўйин қайдномасига киритлмади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Ли Санг Юн:
"Жудаям ҳаяжондаман. Биз ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. «Чоннам» устози Ха Сок Жу менинг ҳаётдаги дўстим. Шунинг учун қийин ва қизиқарли ўйинга гувоҳ бўламиз", деди ва Жепаров масаласига ҳам тўхталиб ўтди:
"Мен Сервер Жепаровни яхши футболчи деб ҳисоблайман. Унинг мухлислари ҳам кўплигидан хабарим бор. Лекин ҳозир Сервер бўлиб ўтган воқеалардан кейин руҳий томондан қийин вазиятда турибди. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам маълум қилган. Мен кейинги ўйинларда уни албатта майдонга тушираман. Мен мураббийлар билан маслаҳатлашиб, ундан қандай фойдаланиш усулларини ўйлаб кўраман", деди. Бугунги мағлубиятдан кейин «Сеонгнам» турнир жадвалининг пастки поғоналарида қоладиган бўлди.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул