Бугун Россия Премьер-лигасининг 27-тури доирасида "Локомотив" клуби "Краснодар" меҳмони бўлади. Мазкур ўйинга тўхталар экан, "Спорт-Экспресс" нашри кутилаётган 3 тўқнашув ҳақида мулоҳаза юритди. Жумладан, "Краснодар" ҳужумчиси Жоаузиньо ва "Локомотив" ҳимоячиси Виталий Денисов тўқнашуви учрашув тақдирини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган.
ЖОАУЗИНЬО – Виталий ДЕНИСОВ
"Краснодар"нинг бразилиялик легионери ўйиндан олдин берган интервьюсида жамоа баҳорда Москванинг 3та жамоасини мағлуб этганини, анъана тўлиқ бўлиши учун эса "Локомотив" устидан қозонилажак камлик қилаётганини таъкидлади. Камтар Жоаузинью "Спартак" ва "Динамо"га қарши ўйинларда чиройли голли узатмаларга муаллифлик қилганини, шунингдек, "Зенит" дарвозасини ишғол қилганини тилга олмади.
Бразилиялик футболчи ўзининг энг яхши ўйинларини кучли рақибларга қарши ўйинларда кўрсатмоқда. "Локомотив" билан ўйинда Жоаузиньо ўзини кўрсатишга уринади. Боз устига, унга қарши бу ўйинда Премьер-лиганинг энг яхши ҳимоячиси сифатида тилга олинаётган Виталий Денисов ўйнайди.
Виталий Денисов темирйўлчилар сафига энди келиб қўшилган пайтда "Зенит" футболчиси Халкка қарши ҳеч нарса қила олмаганди. Ҳозир эса у ҳар қандай рақибни ўйиндан ташқари ҳолатда қолдириб, қанот бўйлаб ҳужумларга қўшилишга ҳам улгурмоқда. "Локо" баҳорги 7та ўйинда атиги 2та гол ўтказиб юборди. Бунда Денисовнинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор.
Олег Кононов сўнгги ўйинларда универсал Жоаузиньони ҳужумнинг ўнг қанотида ўйнатмоқда. Демак, бу ўйинда "моторли" Денисов ва техник жиҳатдан кучли бўлган Жоаузиньо тўқнашувини кўришимиз эҳтимоли юқори.
"Краснодар" - "Локомотив" ўйини Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади.