Темур Олимхўжаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси Дубай шаҳридаги йиғинини якунлаб Тошкентга қайтиб келди.
Шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган ўсмирлар (U-16) ўртасидаги Осиё Чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси 20-26 апрель кунлари БААнинг Дубай шаҳрида йиғин ўтказди. Йиғин давомида Олимхўжаев шогирдлари БАА U-16 ўсмирлар терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.
Дастлаб, 22 апрель куни ўтказилган илк ўйинда БАА ўсмирлар термаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 24 апрель куни ўтказилган иккинчи учрашув ҳам амирлик ўсмирларнинг ғалабаси билан якунланди - 2:1.
Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси Осиё Чемпионатига тайёргарликни Тошкентда давом эттиради ва май ойининг оҳирида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган «Каспий Кубоги» мусобақасига йўл олади. Темур Олимхўжаев шогирдларининг «Каспий Кубоги»даги рақиблари ҳақида аввалроқ маълумот берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси шу йилнинг 6-20 сентябрь кунлари Таиланд мамлакати мезбонлик қиладиган U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида иштирок этади. Қуръа натижаларига кўра, Олимхўжаев шогирдлари мусобақанинг «С» гуруҳида Кувайт, Непал ва КХДР ўсмирларига қарши майдонга тушади.