"Бавария" ва "Реал" жамоалари ўртасидаги ўйиннинг биринчи бўлими якунланди. Биринчи бўлимдан кейин мадридликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишмоқда. Биринчи ўйин натижасини ҳам қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, умумий ҳисоб 4:0. Иккинчи 45 дақиқаликда Гвардиола шогирдлари 5та гол уришади. Аммо бунга ким ишонади, боз устига, бундай ўйин билан?!
Ўйин бошиданоқ "Бавария"нинг ўйини қовушмади. Улар на ҳужумда, на ҳимояда ва даврозада ишончли ўйнашди. 9-дақиқада Мануэль Нойер ўз дарвозасини ташлаб чиқди ва бош билан тўпни олдинга эмас, ён томонга урди. Тўп эса Бэйлга келиб тушди. Гарет сакраб турган тўпни бўш қолган дарвозага жойлай олмади — дарвоза устидан ўтиб кетди. Ҳисобни очиш эса барибир "Мадрид"га насиб этди. 16-дақиқа бошланаётган пайтда Модрич бурчак тўпини ўйинга киритди ва Серхио Рамос бош билан дарвозани ишғол қилди. Ундан бир-икки қадам олдинда турган Роналду ҳам тўп сакраганди, бироқ тўп Криштианудан ўтиб кетди.
Орадан 4 дақиқа ўтиб эса Рамос ўз дублини нишонлади! Мюнхенликлар жуда қўпол ўйнай бошлашди ва жарима майдончасининг ўнг бурчагидан белгиланган жарима тўпини Ди Мария ўйинга киритди. Марказий ҳимоячилар яна Роналду билан овора бўлишди ва Серхио Рамос бош билан Нойерни иккинчи марта доғда қолдирди. Энг қизиғи, ЕЧЛнинг ушбу мавсумида ҳали бирорта ҳам гол урмаган мадридлик ҳимоячи, қандайдир 4 дақиқа ичида иккита гол муаллифига айланди-қолди.
Мавсум сўнгига келиб "Бавария" жуда ёмон формада етиб келишди. Аслида Гвардиола яратган ўйин услуби учун ҳар бир футболчи жуда юқори формада бўлиш талаб этилади, акс ҳолда бу услуб жамоанинг зарарига ишлайди. Тўпни назорат қилишга асосланган ўйинда йўқотилган ҳар бир тўп рақиб учун ажойиб совға ҳисобланади (футболчиларнинг кўпчилиги майдоннинг иккинчи ярмида бўлади).
Бундай совғани эса "Альянц Арена" эгалари "Реал"га тақдим этишди. "Мадрид" жарима майдончаси остонасида йўқотилган тўп охир оқибат гол билан якунланди. Тўп майдон марказининг ўнг қанотида очилган Ди Марияга етказилди. Анхель эса Бенземани олдинга бошлади. Тезлиги у қадар юқори бўлмаган Карим жарима майдончаси яқинигача бориб, чап қанотда ёлғиз турган Роналдуга тўп билан таъминлади. Криштиану эса жамоасининг ўйиндаги учинчи, ўзининг ЕЧЛ-2013/14даги 15-голини киритди. Португалиялик футболчи 15 рақамига бармоқлари билан ишора қилди.
Ўйин тугашига яна 45 дақиқа бор, аммо "Реал" деярли финалда. "Мадрид" мухлисларининг дилини хира қиладиган ягона ҳолат — Хаби Алонсо финалда ўйнамайдиган бўлди.
ЕЧЛ, ярим финал, жавоб ўйини
"Бавария" – "Реал Мадрид" - 0:3 (биринчи бўлимдан сўнг)
Голлар: 0:1 – 16 Рамос, 0:2 – 20 Рамос, 0:3 – 34 Роналду.
"Бавария": Нойер, Лам,Ж.Боатенг, Данте, Алаба, Кроос, Швайнштайгер, Роббен, Мюллер, Рибери, Манжукич.
"Реал Мадрид": Касильяс, Карвахаль, Рамос, Пепе, Коэнтрау, Ди Мария, Алонсо, Модрич, Бэйл, Бензема, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Данте (17), Алонсо (38).