Олий лига 7-турида Бекободнинг "Металлург" клуби Фарғонанинг "Нефтчи" клубини қабул қилиб 2:1 ҳисобида устун келди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқов журналистларнин саволларига жавоб берди.
- Ўйиндан сўнг дарҳол мукаммал фикрлар айтиш қийин. Ўйиннинг видотасмасини кўрилганда, ким қандай ўйнади, ким хатога йўл қўйди, ҳаммаси ойдинлашади.
Дастлабки хулосаларимга келсак, жамоамнинг руҳий ҳолати бироз ташвишга солди. Футболда кўпинча шундай: Яхши ўйин кўрсатсангиз, кейинги ўйинда бунинг аксини кўришингиз мумкин. Бу руҳият билан боғлиқ.
Ўтган турда "Насаф"га қарши ажойиб ўйинимиздан сўнг, бу ўйинда ўйинчиларимнинг хотиржамликка берилишларини ва руҳий томондан шайлиги пастроқ бўлишини кутгандим. Худди шундай бўлди ва ўйиннинг бошидаёқ гол ўтказиб юбордик. Яхшики, ўйин натижаси биз учун кўнгилдагидай тугади.
- Янги ўйинчи Сардор Соибов кутганингиздай ўйин кўрсатдими?
- Сардор бизга Фарғонадан келган. Бугун у собиқ жамоасига қарши ўйнади. Аксарият футболчилар собиқ жамоасига қарши нималарнидир исботлаш учун ўта фаол ўйнайди. Шунинг учун уни бугун майдонга туширдик. Ҳаракатлари чаккимас. Жамоа ўйинларига мослашиш учун бироз вақт керак бўлади. Тезкор ўйинчи, тарбияласа ундан яхши футболчи чиқади.