Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

«Нефтчи» ва мухлис!

Баҳо:
+ | -

Ҳозирги кунда «Нефтчи» жамоасининг ҳолати ҳақида нафақат Фарғона вилоятининг ўзида, балки водий ҳамда Республикамизнинг ҳар бир жойида гапиришмоқда. Ўзбекистоннинг байроқдор, шонли тарихига эга бўлган жамоаси бундай аҳволга тушиб қолиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта. Маълумки, жамоанинг кўрсатаётган натижаларига мураббийлар штаби жавобгар саналади. Аввало шу мавзуга тўхталиб ўтсак.

Жамоа ҳа деганда ғалаба қозона олмагач, жамоамизнинг талабчан ва ғалабаларга ўрганиб қолган мухлислари жамоа бош мураббийи Мурод Исмоиловни танқид қилиб, уни истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Тўғри, мухлис доимо ҳақ. Чунки футбол аввало мухлислар учун ўйналади. Улар жамоаси юқори ўринларда юришини истайди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, танқид қилиш – бировни шахсиятига тегадиган сўзларни айтиб, ҳақорат қилишга ҳам рухсат дегани эмас-ку.

Ҳозирги кунда, интернетдаги футбол сайтларида «Нефтчи» жамоасига тааллуқли янгилик ёки мақола чиқса, мухлислар Мурод Исмоиловни ҳақорат қилиб, ҳар хил бўлмағур сўзлар ёзиб қолдиришмоқда. Ўзининг севимли жамоасига бундай тарзда мухлислик қилиш ва уни бошқариб бораётган мураббийга бундай муносабатда бўлиш тўғри эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аксинча, жамоанинг ҳақиқий ва жонкуяр мухлиси ўз жамоасини оғир вазиятларда унга далда бўлиб, қўллаб-қувватлаши керак эмасми? «Нефтчи» ўз уйида ўйнаётган ўйинларда жамоа бош мураббийини тинмай ҳақорат қилиб туриш жамоа ўйинчиларига ва шу орқали ўйинга ва натижага таъсир қилмайди деб ўйлайсизми? Йўқ, адашасиз. Албатта, бу нарса ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунки майдонда ўйнаётган ҳар бир ўйинчи мухлислар босимини ҳис этиб туради. Уларни ўйинга тайёрлаб, майдонга олиб тушган мураббийни мухлислар тинмай ҳақорат қилиб туришса аниқки, бу ўйинчиларга жуда катта руҳий зарба бўлади. Бу ҳолатни футболнинг ҳақиқий мухлислари яхши тушунишади. Хўш, энди ўйлаб кўрайлик, ўзининг севимли жамоасига мухлислик қилиш шундай намойиш этиладими?!

Кўпчилик футбол ишқибозларига маълумки, ҳеч қайси мураббий 4-5 ой ичида таркиби тўлиғича янгиланган жамоа билан натижа кўрсата олмайди. Жамоани шакллантириб мураббий ўз услубига тушириб олиши учун маълум вақт керак бўлади. Унинг устига жамоанинг етакчи ўйинчилари  жароҳат олиб сафдан чиқиши жамоанинг керакли очколарни қўлга кирита олмаслигида ўз таъсирини кўрсатди.  Кўпчилик мухлислар, ҳозирги кундаги жамоа таркибидаги айрим ўйинчиларнинг салоҳияти паст, тажрибаси кам эканлигидан нолишмоқда. Бунда ҳам мухлислар бош мураббийни айблашмоқда.   Мурод Исмоилов жамоага олиб келган ўйинчилари фойда келтирмаётганлигини айтишмоқда. Бу мураббий жамоага келган вақтда ҳозирги таркибнинг аксарият ўйинчилари билан шартнома тузиб бўлинган эди. Мураббий жамоага фақат Жаҳонгир Жиямуродов, Абдуллоҳ Олимов ва Александру Оникани таклиф қила олди, холос. Мурод Исмоилов келган вақтда жамоанинг ички муҳити ҳозиргидан бошқача эди. Бу кўпчилигимизга аён. Бу мураббий катта тажрибага эга. Фақат унга жамоа билан керакли натижаларга эриша олиши, ўзини кўрсатиши, ўйин услубини шакллантириб олиши учун  вақт бериш керак. Унда ёшлар билан ишлаш салоҳияти кучли. Бунга мисол тариқасида «Пахтакор»да олиб борган фаолиятига қараш кифоя. Тўғри «Пахтакор»нинг натижаларига Самвел Бабаян эришган деб бот-бот гапиришади. Лекин бу натижалар остида Исмоиловни машаққатли меҳнати ётади. У эмасми ёш футболчиларни тайёрлаб жамоани шакллантирган. Бабаян ҳам ақлли ва футбол фалсафасидаги тажрибаси катта инсон. «Пахтакор»дек жамоада ўзига ёрдамчи қилиб бекорга Исмоиловни олмаган. Қолаверса, олимпия терма жамоамизда Шуҳрат Махсудовга ёрдамчи бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Агар унинг тажрибасига ишонишмаганда уни терма жамоага таклиф қилишмаган бўлар эди. Эътибор бериб ўқинг, биз бу ерда ҳеч нарсани бўрттириб ёзганимиз йўқ, фақат бор нарсани холисона ёздик холос. Ишонинг, биз ҳам «Нефтчи»нинг оддий мухлисимиз биз кимнингдир тарафини олаётганимиз ҳам йўқ.

Жамоанинг янги раҳбарияти ва мутасаддилари жамоадаги ҳолат яхшиланиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилишмоқда. Жамоага раҳбар сифатида Фарғона футболининг ҳақиқий жонкуярларидан бири Тоҳир Кападзе тайинланди. Бу барчамизга аён. Асли Тоҳир Кападзе Мурод Исмолиовнинг устози саналади. Ўз ўрнида устоз-шогирд  «Нефтчи»ни олдинги даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилишмоқда. Бунга оддий мисол, йил бошида жамоадан кетиб қолган севимли ўйинчиларимизни ортга қайтариш учун бел боғлашган. Шу қаторда маҳалллий мураббийлар Андрей Фёдоров ва Сергей Лебедовни жамоага таклиф қилишди. Шундай экан, биз мухлислар бу йўлда уларга ишонч билдирайлик,  далда бўлайлик.  Ҳозирги вақтда бизни қўллаб-қувватлашимизга  ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турган севимли жамоамизни ва мураббийларни қўллаб-қувватлайлик! Умид қиламизки, бу икки фарғона фарзандлари севимли жамоамиз «Нефтчи»ни яна юқори чўққиларга олиб чиқишади.

Бу мақолани ёзишдан мақсад, кимнингдир тарафини олиш эмас, балки «Нефтчи» (жамоанинг  ўйинчилари, мураббийлар ва раҳбарияти) ва мухлислар ўртасида ўзаро ишончни кучайтиришдир. Хулоса чиқариш ўзингиздан. Биз  доимо «Нефтчи» билан биргамиз. Олға «Нефтчи», олға мухлислар!

-BEK-

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:19, 13.05.2014.
Ўқилди: 7984 марта.
Фикрлар: 44 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.