Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Темур Кападзе: «Терма жамоага ёрдамим тегса, юрагим билан ўйнашга тайёрман»

Баҳо:
+ | -

Дам олиш кунлари Қозоғистон премьер-лигасида 13-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Темур Кападзе тўп сураётган «Актобе» клуби сафарда «Спартак» меҳмони бўлиб, ғалаба қозонди — 1:0. Меҳмонлар сафида Кападзе тўлиқ ўйнади. Шу тариқа актобеликлар пешқадамлик мавқеларини мустаҳкамлашди. Биз «Спартак»ка қарши кечган учрашувдан сўнг терма жамоамиз таркибида энг кўп ўйин ўтказган Темур Кападзедан интервью олдик.

— Яқинда «Актобе» таркибидаги ўнинчи голингизни урдингиз. Буни қандай қабул қилдингиз? Ўзи статис­тикангиз билан қизиқасизми?
— Албатта. Ҳар бир гол футболчига ёқимли онларни тақдим этади, ўз кучига бўлган ишончни янада оширади. Статистикага келсак, ҳар бир учрашувдан олдин мезбон жамоа томонидан тайёрланган «програмкалар» беришади. Қозоғистон профессионал футбол лигаси томонидан бу шарт ва мажбурий қилиб қўйилган. Ўйинга чиқарилган бу дастур орқали ҳар бир футболчи қанча ўйин ўтказгани, нечта тўп киритгани-ю яна қанчасига ҳаммуаллифлик қилгани ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб боради. Табиийки, мен ҳам ўз статистикам билан танишиб, кузатиб бораман.

— Жамоадошингиз Александр Гейн­рих бу йил асосий таркибда кўп майдонга туширилмаяпти. Айтишларича, у жамоадан кетиши ҳам мумкин экан. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Матбуотда бу нарса нотўғри ёзилган. Тўғри, бошида Саша шамоллаб қолди ва бунинг натижасида бир нечта ўйинда майдонга туша олмади. Бу орада унинг ўрнини эгаллаган бошқа ҳужумчи ўзини кўрсатиб, бирин-кетин голлар урди. Бундай ҳолатда бош мураббий гол уриб турган ҳужумчига ишонч билдирди. Мураббийни ҳам тўғри тушуниш керак. Гейнрих ҳамиша рақобатга тайёр бўлган. Шунчаки, бу ҳолатни Қозоғистон матбуоти бироз бўрттириб юборди ва Гейнрих ўзига янги жамоа излаяпти, қабилидаги хабарларни чоп этди.

— 29 май куни Максим Шацких, Виктор Карпенко ва Улуғбек Бақоев Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан хайрлашишади. Бу хабарни шахсан сиз эшитган чоғингизда қандай қабул қилдингиз?
— Менимча, бу ҳар бир футболчига ачинарли ҳолат бўлса керак. Чунки сен футбол билан, севган ишинг билан хайрлашяпсан. Тўғри, бу уч нафар тажрибали ўйинчимиз ҳали катта футбол билан хайрлашгани йўқ. Шунчаки, миллий терма жамоадаги фаолиятларини якунлаш­япти. Начора, бу ҳаёт, ҳар бир нарса ўз вақтида бўлгани яхши. Ўйлайманки, улар ҳали узоқ йиллар ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишади. Балки мураббий, балки футбол агенти бўлишар?

— Максим билан жуда кўп ўйинларда бирга терма жамоада ўйнагансиз. Бу футболчи ҳақида қандай фикрдасиз?
— Макснинг шахсий ҳаётда қандай инсон бўлганини билмайман. Аммо ўша терма жамоага келган пайтлари машғулотларда астойдил ҳаракат қиларди. Учрашувларда ҳам ўз ишига профессионал тарзда ёндашган. Муомала маданиятига ҳам гап йўқ. Ҳеч қачон мен юлдузман, деб ўзини катта олмаган. Ҳамма билан бирдек гаплашиб кетаверган. Киевнинг «Динамо» клубидаги ўзининг гуллаган даврида Европанинг қандай гранд жамоаларига қарши майдонга тушганининг ўзи, унинг қандай савиядаги футболчи бўлганидан дарак беради. Тўп киритган жамоаларини ҳам бир ёдга олинг. Шацких савиясидаги футболчилар ҳар доим ҳам туғилавермайди.

— Бақоев билан терма жамоада ҳам, Қозоғистон чемпионатида ҳам биргасизлар. Улуғбек ҳақидаги фикрингиз қандай?
— Улуғбек ҳам профессионаллик бобида Шацкихдан қолишмайди. Ҳам футболчи, ҳам инсонийлик жиҳатидан унга ҳурматим баланд. Бақоев билан тез-тез гаплашиб турамиз. У Қозоғистонда катта ҳурматга сазовор. Бир неча бор Қозоғистон чемпионати тўпурари, йилнинг энг яхши футболчиси совринларини қўлга киритган. Бу Ўзбекистон футболи учун катта ютуқ.

— «Бунёдкор»да бирга ўйнаган Виктор Карпенко ҳақида ҳам гапирмасангиз бўлмайди...
— Мен Викторни «Бунёдкор»да ўйнашидан олдин ҳам таниганман. Миллий терма жамоада у билан узоқ йиллар давомида бирга тўп сурганмиз. Карпенко ўз ўйинлари билан ҳамиша яхши таассурот қолдирган. Бу учала футболчимиз ҳам фаолиятлари мобайнида катта ҳурматга лойиқ иш қилишган ва бу жараён ҳамон давом этяпти. Ҳозирда ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, уларга соғлиқ, шахсий ҳаётларида омад ёр бўлишини тилайман. Афсуски, навбатдаги тур ўйинларимиз бўлгани сабабли, уларнинг хайрлашув учрашувига бора олмайман.

— Миллий терма жамоамизда энг кўп ўйин ўтказган футболчи ҳисобланасиз. Дўстларингиз терма жамоа билан хайрлашишяпти. 109та учрашув ҳали сўнггиси бўлмаса керак?
— Терма жамоага ҳали ёрдамим тегадиган бўлса, бор куч ва маҳоратим, юрагим билан ўйнашга тайёрман!

— Европа Чемпионлар Лигасининг финалида қайси жамоага мухлислик қилдингиз?
— «Реал»га. Шанба оқшомида катта байрам қилдик (кулади). Лекин ўйин осон бўлгани йўқ. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Рамос яна жамоа жонига оро кирди. Бу гол «Атлетико» футболчиларига кутилмаган зарба бўлди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 22:22, 01.06.2014.
Ўқилди: 4566 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.