Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ярослав Крушельницкий: «Кубок финалида аламли мағлубиятга учрадик»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, жорий футбол мавсумида ўзбекистонлик икки ўйинчи Малайзия чемпионатида тўп суришяпти. “Пахтакор”нинг собиқ таянч ярим ҳимоячиси Дилшод Шарофетдинов суперлиганинг “Сайм Дарби” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, 31 ёшли марказий ярим ҳимоячи Ярослав Крушельницкий қишда “Шўртан”дан премьер-лиганинг “Фелда Юнайтед” клубига кўчиб ўтганди.

Ўтган шанба, 7 июнь куни “Фелда Юнайтед” Малайзия футбол ассоциацияси (МФА) кубоги финалида юқори лига вакили “Паханг” билан тўқнаш келди. Ҳамюртимиз жамоаси узоқ вақт давомида 1:0 ҳисобида олдинда юришига қарамай, якунда барибир мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Шу тариқа, ОФК кубоги-2015га бериладиган йўлланмани “Паханг” илиб кетди.

Биз финалнинг эртасига Крушельницкий билан мазкур ўйин ва умуман футболчимизнинг Жанубий-Шарқий Осиёда кечаётган фаолияти ҳақида суҳбат қурдик.

— Юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида сизнинг хориждаги фаолиятингиз ёритилмаяпти ҳисоб. Шунинг учун, аввало, пастки лига аъзоси нуфузли кубок финалига қандай қилиб етиб кела олгани тўғрисида гапириб берсангиз.

— Бунинг катта ҳайратланарли жойи йўқ, деб ўйлайман. Бу ерда беш ойга яқин даврдан бери тўп суриб, мен шунга амин бўлдимки, Малайзияда лигалар ўртасида деярли фарқ сезилмайди. Ўзбекистонда бунинг тескариси. Малайзия клубларининг асосий кучини легионерлар ташкил этишади. Суперлигада ҳам, премьер-лигада ҳам ҳар бир жамоа сафида савияли легионерлар кўп. Шу боисдан улар ўз клублари яхши даражада тўп суришларини таъминлашади. Шунинг ҳисобига қуйи лига жамоаси суперлиганинг хоҳлаган клубига бемалол қаршилик кўрсатишга қодир.

Бундан ташқари, Осиё футбол конфедерацияси қароргоҳи айнан шу ерда жойлашганлиги ҳамда маҳаллий чемпионатни кузатишга ОФК жуда яқин бўлганлиги сабаблими, ҳакамлик даражаси Малайзияда жуда юқори. Тарафкашлик йўқ. Яъни пастки лига клуби суперлига аъзоси билан ўйинда кўрсатадиган шижоатни ҳакамлик йўққа чиқармайди. Ҳаммаси тоза.

Мана, масалан, Ассоциация кубоги финалига қадар биз 1/16 финалда лигадошимиз “Негери Сембилан”ни енгган бўлсак, кейинчалик кетма-кет тарзда суперлиганинг уч аъзосини турнирдан чиқариб юбордик: 1/8 финалда “Сайм Дарби”ни, чорак финалда “Саравак”ни ва ярим финалда “Келантан”ни.

— “Паханг” билан ҳил қилувчи беллашув қандай кечди?
— Финал Куала-Лумпурдаги 70 мингли “Шоҳ Алам” стадионида бўлиб ўтди. МФА кубогининг ҳал қилувчи ўйини ҳар йили аслида мамлакатнинг бош аренаси – 100 мингли “Букит Жалил” миллий стадионида ўтади. Бироқ у ердаги реконструкция ишлари туфайли кубок финали бу гал “Шоҳ Алам”га кўчирилди.
Биз 15-дақиқада ҳисобни очган эдик. Аммо ўйиннинг энг охирида устунлигимизни бой бериб қўйдик ва аламли мағлубиятга учрадик. Рақиблардан 80— ва 90-дақиқаларда икки гол ўтказиб юбордик.

— Жамоангиз январдан то шу кунгача чемпионатда 17та ҳамда кубокда 7та учрашувда майдонга тушди. Сиз уларнинг қанчасида иштирок этдингиз?
— Мен мавсумнинг илк баҳсида (бу кубок ўйини эди), бахтга қарши, жароҳат олдим. Шу боис 1-турни ўтказиб юбордим. Чемпионатнинг иккинчи турида мени асосий таркибга яна киритишди. Бироқ учрашув давомида жароҳатим буткул битиб улгурмаганини сездим. Шу сабабдан менга кейинги икки беллашувда дам беришди. Уларнинг биринчиси, афсуски, “Сайм Дарби” билан кубок ўйини эди. Шу тариқа, ўша учрашувда мен суперлигада ўйнаётган Дилшод Шарофетдиновга қарши тўп сура олмадим. Акс ҳолда, “ўзбекча дербини” кузатиш кўпчиликка қизиқарли бўларди.

Демак, мен ҳозиргача чемпионатда икки ва кубокда битта ўйин ўтказиб юборишга мажбур бўлдим. Ва яна биринчиликнинг бир баҳсида мени 80-дақиқада алмаштиришди. У ҳам бўлса биз “Перлис” билан уйдаги учрашувда 4:0 ҳисобида олдинда бораётган пайтимизда юз берди. Ўшанда ўрнимга ёш легионеримиз – австралиялик 22 ёшли ҳужумчи Ндумба Макечени туширишди. Чемпионат регламентига кўра, легионерни фақат легионерга алмаштириш мумкин.

... Қолган барча ўйинларда, кўз тегмасин, тўлиқ тўп суриб келяпман.

— Жамоада хорижлик қолган ўйинчилар кимлар?
— Австралиялик Макечени тилга олиб ўтдим. Айтганча, у ўзи аслида Замбияда туғилган. Қолган икки легионер ҳам Африка вакиллари. Иккаласи ҳам машҳур Жорж Веанинг ватандошлари, Либерия миллий терма жамоасининг амалдаги аъзолари — 25 ёшли ярим ҳимоячи Зах Рахан Крангар ва 29 ёшли ҳужумчи Эдвард Уилсон. Бу жуфтлик “Фелда Юнайтед”га қишда Индонезия чемпионатидан қўшилган. Уилсон жуда сермаҳсул ҳужумчи. У ҳозирда 17 тўп билан тўпурарлар карвонбошиси бўлиб турибди.

Жамоани эса 63 ёшли маҳаллий мутахассис Ирфан Бакти бин Абу Салим бошқаради. Легионерлар схемаси Малайзияда ҳам “3+1” кўринишида ва премьер-лиганинг барча 12 клуби хорижликлар лимитидан тўла-тўкис фойдаланган. Аксарият легионерлар Бразилия, Испания, Хорватия, Нигерия, Кот-д’Ивуар, Жанубий Корея, Австралия каби мамлакатлардан.

— Клуб ҳомийси бақувватми?
— Бош ҳомийимиз — Felda Global Ventures Holdings Berhad (FGV) компанияси. У кўп тармоқли холдинг компания саналади. Пальма мойи, шакар, резина, қишлоқ хўжалиги, нефть ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаради ва тўртта қитъанинг 10дан ортиқ давлатларига, жумладан, АҚШ, Канада, Европа, Туркия, Хитой, Индонезия ва Австралиягача етказади. Клубимиз президенти – мамлакат бош вазири.

“Фелда Юнайтед” машғулотларни Куала-Лумпур четидаги ўз базасида ўтказади. Уй учрашувларимиз эса шаҳар марказидаги “Селаянг” стадионида ташкил этилади. Айтганча, Дилшод Шарофетдиновнинг жамоаси “Сайм Дарби” ҳам рақибларини айнан шу ерда қабул қилади.

— “Фелда Юнайтед” раҳбарияти маиший шароитларни ҳам керагича қилиб яратиб бергандир?
— Ҳа. Зарур барча масалалар нуқсонсиз ҳал этилган. Тўрт хонали уй, йўлимни яқин қилиш учун “Хонда” автомобили ажратишган. Рафиқам ва иккала қизчаларим ёнимда, барчамиз хурсандмиз. Катта қизим инглиз тилидаги маҳаллий боғчага қатнаяпти.

— Шарофетдинов билан ҳам алоқадамисизлар? Унинг ўйинларини кузатяпсизми?
— У билан доимий алоқадаман. У ўзи ҳақида яхши таассурот қолдиряпти. Жамоаси ҳам ёмон эмас. Айниқса, уларнинг легионерлари ҳам, юқорида таъкидлаганимдек, кучли ўйинчилар.

— Ўзингизнинг ўйинларингизни қандай баҳолайсиз?
— Мен Малайзия футболи билан илк бор рўбарў келдим. Шунинг учун биринчи йил мен учун танишиш мавсуми бўлмоқда. Ҳали барча клубларнинг асл кучи, уларнинг тактик схемаларини яхши билмайман. Шунга ҳар бир ўйинга энг кучли клубга қарши қандай бўлса, шундай тайёргарлик кўряпман. Барча жамоада маҳоратли легионер ҳужумчилар бор. Уларга қарши ўйнаш осон кечмаяпти. Ўзимга “5” баҳо қўя олмайман-у, аммо катта “4+” қўйишим мумкин. “Беш” қўйишим мумкин эди, қачонки бирорта гол ура олган бўлганимда. Бироқ ҳар қанча уринмай, ҳозирча рақиблар дарвозасини нишонга ололганим йўқ.

— Баланд бўйингиз ҳисобига аввалгидек стандарт вазиятлар вақтида рақиб дарвозаси олдига боряпсизми?
— Албатта. Бурчак ва жарима зарбалари пайтида боряпман. Аммо ҳозирча омад кулиб боқмаяпти.

— Тил муаммосини енгиб бўлдингизми?
— Инглизчада кўп терминларни ва анча сўз бирикмаларини эскитдан билардим. Аммо дастлаб барибир таржимон орқали муомала қилиб турдим. Эндиликда эса инглизчада, озми-кўпми, ўзим гаплашяпман. Инглизчада сўзлашиш даражамни анча яхшилаб олганман.

— Мавсум якунларига кўра, премьер-лигадан суперлигага икки клуб йўл олади. “Фелда Юнайтед” чемпионатда 17-турдан сўнг 2-ўринда бормоқда. Қолган бешта турда жамоа шу мавқени ушлаб қола оладими?
— Бизнинг мақсадимиз фақат ва фақат шунга йўналтирилган. Лекин бу жуда қийин кечиши турган гап. Биринчи ўриндаги “Полис”да ҳозир 43, бизда – 37 очко. 3-поғонада бораётган “Пулау Пинанг”да – 35. Аммо “Пинанг”да битта ўйин кам.

Тақвим борасида эса енгиллик бироз биз тарафда. Чунки 19-турда принципиал рақибимиз “Пинанг”ни уйда қабул қиламиз.

— 24-25 июнь кунлари Малайзияда мавсумдаги иккинчи турнир, яъни чемпионат ўз ниҳоясига етади. У ёғига қайси мусобақа старт олади?
— Июлнинг ярмидан бошлаб Малайзия кубоги беллашувлари йўлга чиқади. Мусобақада суперлига ва премьер-лига клублари аралаш ҳолда иштирок этишади. Бу кубок баҳслари биринчи босқичда гуруҳ тизимида уюштирилиб, кейинчалик плей-офф раундлари билан ноябргача давом эттирилади.

— Ярослав, сиз ва жамоангизга ўзбекистонлик ишқибозлар номидан омад тилаймиз. Суперлигага чиқиш вазифасини ижобий бажариш насиб этсин!
— Раҳмат. Танишларимга ва умуман барчага менинг саломимни етказишингизни сўрайман.

Улуғбек Мирзаев

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:26, 12.06.2014.
Ўқилди: 4262 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.