Уимблдон турнирининг ярим финалида жаҳоннинг тўртинчи ракеткаси швейцариялик Рожер Федерер ҳамда канадалик Милош Раонич ўзаро тўқнаш келди.
Беллашувда Рожер 23 ёшли Милошга қарши ажойиб ўйин кўрсатди. Ўйин бошларида канадалик теннисчи Рожерга қарши кучли зарбалар йўллаб, уни саросимага солиб қўйди. Лекин бу каби ўйинларни кўплаб ўтказган швейцариялик теннисчи тезда ўзини тиклаб олди. Бунинг натижасида эса якунда Рожер Федерер 6:4, 6:4, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жаҳонинг иккинчи ракеткаси сербиялик Новак Жокович Уимблдон турнирининг финал йўлланмаси учун ўтган курашда болгариялик Григор Димитров билан беллашди.
Қизиқарли ўтган баҳсда Новак ўзининг аниқ зарбалари орқали “мистер Шарапов”га қарши шиддатли ўйин намойиш этди. Биринчи сетни 6:4 ҳисобида ютиб олган серб ўғлони иккинчи сетда 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Учинчи ва тўртинчи сетда эса Григор ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. Бироқ якунда 7:6, 7:6 ҳисобида омад Новак Жоковичга кулиб боқди.