Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Мунозара: Эрматов финални бошқарадими?

Баҳо:
+ | -1

Кечадан бошлаб ўзбек матбуотида ҳам, жаҳон ОАВда ҳам битта мавзу асосий планга кўтарилди. ЖЧ-2014 финалини ким бошқаради? Финални бошқаришга асосий номзод ким? Stadion.uz журналистлари Қаҳрамон Асланов ва Олимхўжа Бўронов ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовнинг финални бошқариш имкониятларини икки хил ракурсдан чамалаб кўришади.

Қаҳрамон Асланов: «Мен финалга Эрматовни тайинламаган бўлардим»

Менимча, ФИФА Равшан Эрматовга финал ўйинини бошқаришни топширмайди. Ҳамюртимизнинг ўзига топширилган ўйинларда қандай ишлаётгани бу бир масала, бошқа тарафдан, барибир, у ҳақида иккиёқлама фикрлар бўлаверади. Мен буни нормал деб ҳисоблайман. Эрматов футболи ривожланмаган қитъа ва чемпионат вакили, биз қанчалик кўз юммайлик, бу факторнинг жуда муҳим экани ва қарор қабул қилишда аҳамият касб этишидан кўз юма олмаймиз. Эрматов яна 10 та ўйинда ўз савиясини исботласин, лекин ФИФАда бу ҳадик доим бўлади. Умуман, баъзи мутахассисларнинг ва бошқа юрт вакилларининг Эрматовга мана шу жиҳатдан эътирозини тўғри тушунишимиз керак. У биз учун Эрматов, биз учун қаҳрамон, бошқалар учун, ҳеч ким билмайдиган, ўйинини ҳатто ўша юрт вакиллари ҳам кўрмайдиган чемпионатдан келган ҳакамдир. “Қаранг зўр-ку” деб ҳар қанча таъкидламайлик, бу фактлигича қолади ва ягона хато туфайли унга мағзавалар ағдарилиши табиий.

Тасаввур қилинг, биз учун муҳим бир ўйинда футболи биздан анча паст бўлган юрт ҳаками зараримизга хато қилиши уёқда турсин, шунчаки, тайинланса нима бўларди? Худди шу гапни биз ҳам айтармидик? Тан олайлик, бир европалик учун Эрматов ҳеч қачон Уэбб ёки Риццоли бўла олмайди. Айтганимдек, ҳали майдонга тушмай туриб, Эрматовнинг улардан пасайтириб турадиган катта бир ўзгармас асос мавжуд бўлиб қолаверади.    

Йўқ, мен ФИФАда Эрматовга нисбатан ишончсизлик бор, демоқчи эмасман. Муҳим ўйинда бирор европалик ҳакамнинг қўпол хатосидан кўра, Эрматовнинг хатоси икки баробар кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлади ва бу ҳолда тўғридан-тўғри ФИФА айбланади. Ҳа, у ЖЧни бошқариш бўйича рекордсмен, аммо европалик ҳакамлар бир йилда 20-30талаб юқори савия ва темпдаги ўйинларни бошқараётган бир пайтда, Эрматов ҳар тўрт йилда бу имкониятни қўлга киритяпти холос. Бу жуда жиддий фарқ, назаримда.

ФИФА қўл остида савия ва методик тарафдан Эрматовдан кам бўлмаган бошқа ҳакамлар туриб, айнан ҳамюртимизга финални топшириб, ўзига қўшимча босим юклаб олишига ишонишим қийин бўляпти.  Ахир хатолардан ҳеч ким кафолатланмаган тўғрими?

ФИФАнинг эҳтиёткор сиёсатини ҳозир ҳам пайқаш қийин эмас. Биринчидан, ҳамюртимизга шу пайтгача топширилиб келган ўйинларга эътибор қаратинг: тан олайлик, энг муросасиз ўйинлар ҳали шу пайтгача берилмаган. Биргина, ЖАРдаги ярим финални эслашимиз мумкин ва аҳамиятли тарафи, ўша ўйинда Эрматов гол билан боғлиқ вазиятда кичик хатога йўл қўйган.

Бу сафар ФИФА янада эҳтиёткор бўлиб олди, ҳатто қитъалар принципидан ҳам воз кечди. Европалик ҳакамлар бемалол, қитъадошларининг бошқалар билан ўйинларини бошқаришмоқда. Бу ўзгариш Эрматовнинг имкониятларини кескин камайтириши шубҳасиз.     

Назаримда, ФИФА Эрматовнинг савиясини жуда юқори баҳолайди, шу билан бирга, катта ўйинларни топширишдан қўрқади. Бу муносабатни хаспўшлаш ниятида Эрматовга енгилроқ ва оддийроқ ўйинлардан кўп кўп бериб, сон жиҳатдан рекордсменга айлантирди. Қайсидир маънода, юқори савияси учун тақдирланиши шарт бўлган ҳакамни унга финални бериш орқали эмас, бошқа жиҳатдан эътирофини намойиш қилаётганга ўхшайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, менинг тахминим - Равшан Эрматовга учинчи ўрин учун баҳс топширилади ва ҳамюртимиз мундиалда беш ўйинни бошқарган ягона ҳакам бўлади. Буям катта натижа. Финални эса европалик ҳакам бошқаради. Ҳамма хурсанд, ҳамма жим.
(Албатта, бир ўзбекистонлик сифатида, фикрларим оқибатда нотўғри бўлиб чиқишини чин дилдан истайман).

Олимхўжа Бўронов: «Эрматовнинг имконияти юқори»
Дарҳол айтаман, Равшан Эрматовнинг ЖЧ-2014 финалини бошқариши кўп жиҳатдан ҳал қилувчи ўйинга қайси жамоалар чиқишига боғлиқ. Финалга Европанинг иккита жамоаси чиқса, ўйинга катта эҳтимол билан европалик ҳакам тайинланади. Чемпионлик жангида Жанубий Американинг икки терма икки жамоаси қатнашадиган бўлса, бу ўйинни ҳам Европа ёки КОНМЕБОЛ вакили бошқариши мумкин.

Финалга Европа ва Жанубий Америка терма жамоалари чиқадиган бўлишса, Эрматовнинг финални бошқариш имконияти жуда юқори. Финалда эса бу икки қитъа вакили тўқнаш келиш эҳтимоли - 50/50. Германия-Аргентина ёки Бразилия-Голландия.

Айтишингиз мумкин, "ФИФА ҳакамларни тайинлашда қитъалар принципига амал қилмаяпти-ку" дея. Тўғри, масалан, узоққа бормаймиз, Голландия ва Аргентина ўртасидаги ярим финал баҳсини туркиялик Жунайт Чақир бошқариб боради. Аммо, унутмаслик керакки, бу финал. Финалда барча нарса имкон қадар идеал даражада бўлиши керак. Ҳакамлар ҳам инсон, хатога йўл қўйиши мумкин. Европалик ҳакам Европа жамоаси фойдасига хато қилса, ФИФА катта босим остида қолиб кетади. Нейтрал қитъа ҳакамининг хатоси эса "атайлаб" дея баҳоланмайди. Шу боис, шахсий фикримча, финални нейтрал қитъа ҳаками бошқаргани маъқул.

Яна бир савол туғилиши мумкин? Эрматовнинг ўзи финални бошқаришга муносибми? Ахир у футболи ривожланмаган юрт вакили бўлса. Олий лига савияси билан ЖЧ финалини таққослаб бўлмайди-ку, тўғрими? Бир қарашда асосли фикр. Лекин масалага "ичкари"дан ёндашадиган бўлсак, Эрматов бундай фикрни аллақачон йўққа чиқариб бўлган. Қандай қилиб, буни тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Маълумки, ФИФА ҳар  тўрт йилда бир марта бўладиган ЖЧ учун юздан ортиқ ҳакамларни тахминан 2 йил давомида саралаб боради. Бу вақт давомида ҳакамлар турли туман семинарлар орқали жисмоний  тайёргарлик ва назарий имтиҳонлардан ўтишади. Бундан ташқари, ЖЧ ўйинларини бошқаришга номзод ҳакамлар ФИФА ҳакамлар қўмитаси билан интернет орқали доимий алоқада бўлиб, турли вазифаларни олишади ва натижаларини ФИФАга жўнатишади. Ҳакамлар ФИФА режаси асосида кундалик жисмоний машқларни бажаришади (икки кун шуғулланишади, бир кун дам олишади). Машғулотга киришишдан олдин ҳакамлар ўз баданларига организмнинг ишлашини, юракнинг уришини ўзига ёзиб оладиган "датчик" ўрнатишади. Бу қурилма организм олаётган юкламанинг қай даражада бўлаётганини ёзиб боради. Машғулотдан кейин ушбу қурилмадаги маълумотлар компьютерга туширилади ва ФИФАга юборилади. ФИФА ҳакамлар қўмитаси ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, хулоса чиқариб боради. Эрматов эса машғулотни режадан ортиқ бажарса бажарадики, кам шуғулланмайди. У дам олиш учун тоғли ҳудудларга чиққанда ҳам машғулотни асло канда килмайди.

Иккинчидан, ФИФА ҳакамлар учун махсус сайт яратган ва реферилар вақти-вақти билан ушбу сайтда берилаётган видео-тестлардан ўтиб туришади. Равшан Эрматов бундай назарий имтиҳонларни доимо юқори баҳоларга топширади. У бир ойда бир марта топшириладиган мажбурий тестлар билан чекланиб қолмасдан, яна ихтиёрий равишда жуда кўп тест машқларини ечади. Ушбу натижаларнинг барчаси ФИФА ҳакамлар қўмитасида йиғилиб боради.

Қисқа қилиб айтганда, Эрматов — "аълочи талаба". ЖЧ эса "талабалар" учун имтиҳон. Бутун дунё ҳакамларга ана шу "имтиҳон" орқали баҳо бераётганда, ФИФА ҳар бир ҳакамнинг қилган меҳнатини, нималарга қодирлигини чуқурроқ билади. Эрматов Ўзбекистон чемпионатини бошқарса-да, у жисмоний ва назарий тайёргарлик машқларини ЖЧ финали даражасида бажаради. Ҳар куни, ҳар доим. У шу пайтгача ЖЧнинг 9та ўйинини юқори савияда бошқардими, ўнинчисини ҳам бошқаришга тайёр.

Ҳамюртимизнинг финални бошқаришга муносиб эканига менда шубҳа йўқ. Юқорида айтиб ўтганимдек, финалга қайси жамоалар чиқишига кўп нарса боғлиқ.

Равшан Эрматовнинг яна бир ютуғи шундаки, у финалга қайси жамоалар чиқишидан қатъи назар ўйинга тайинланиши мумкин. Унга тўсқинлик қиладиган ҳеч нарса йўқ. У ОФК вакили, ярим финалда эса Осиёдан жамоалар қолмаган. Нимага энди УЕФА ҳаками Европа жамоаси иштирокидаги ўйинни бошқариши мумкину, Эрматов Европа ёки Жанубий Американинг икки жамоаси ўртасидаги ўйинни бошқармаслиги керак?

Кеча ФИФА қолган 4та ўйинни бошқариш учун номзод бўлган 15та ҳакамлар гуруҳи рўйхатини эълон қилган бўлса-да, финал ва 3-ўрин учун баҳсни бошқариш учун асосан 3та гуруҳ қолди. Ҳакамлар сони 15тани ташкил этгани билан аслида ўйинларни бошқариш учун 7та гуруҳ ажратиб олинди, яъни 7 нафар асосий ҳакам бўлса, яна 7 нафари захира ҳаками сифатида қолдирилди (мезбон ҳакам ҳам ҳар эҳтимолга қарши рўйхатдан чиқарилмади). Масалан, Эрматов гуруҳи учун Юичи Нишимура захира ҳаками вазифасини ўтайди. Қисқа қилиб айтганда, "асосий гуруҳ+захира ҳаками" принципи асосида ҳар битта қитъадан биттадан ва Европадан 3та гуруҳ олиб қолинди (Океаниядан йўқ). Ярим финалларга КОНКАКАФ (Мексика+АҚШ) ва УЕФА (Туркия+Швеция) тайинланишди ва улар финал баҳси учун номзодлар сафидан чиқишди. Африка вакиллари шунчаки "сиёсат" учун эканлиги сир эмас. Финал ва 3-ўрин учун ўйинларда КОНМЕБОЛ терма жамоалари иштирок этиб қолса, жанубий америкалик ҳакамлар ҳам сафдан чиқишади. Натижада Европанинг иккита гуруҳи ва Эрматов жамоаси қолади.

Шу боис, Равшан Эрматов ЖЧ-2014да яна битта ўйинни бошқариш эҳтимоли жуда юқори, финални бошқариш имконияти эса эликка-эллик. Юқорида айтганимдек, финал қитъалар бўйича қандай жуфтлик ҳосил қилишига боғлиқ.

Демак, фикри ожизимча, финалда Ўзбекистон вакили бўлиши учун ҳал қилувчи баҳсда Европа ва Жанубий Америка жамоалари чиқишлари лозим.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:17, 08.07.2014.
Ўқилди: 13071 марта.
Фикрлар: 30 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.