"Машъал"нинг асосий, ёшлар ва биринчи лига жамоалари иккинчи давра учун тайёргарликларни давом эттиради.
"Машъал" (АСОСИЙ ТАРКИБ)
Клубининг асосий таркиб жамоаси 14 июль куни "Олмалиқ"қа қарши майдонга чиқди. 2:1 ҳисобида вакилларимиз ғалабаси билан якунланган учрашувдан сўнг асосий таркиб жамоамиз қисқа таътилга чиқди. Энди ушбу жамоа эртадан бошлаб яна Янгиерда тайёргарликни давом эттиради. 18-25 июль кунларига бўлиб ўтадиган йиғин давомида иккита назорат учрашувини ўтказамиз. Жумладан 22 июль куни Тошкентда Самарқанднинг "Динамо" жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтса, 24 июль куни Янгиерда Фарғонанинг "Нефтчи" клубига қарши майдонга чиқамиз.
Таркиб борасида айтадиган бўлсак, айни вақтда жамоамизга янги футболчилар келиб қўшилмаган. Жамоамизни эса маълум муддат кўрикда бўлган украиналик легионер Руслан Качур мураббийлар штабининг қарори билан тарк этди. Ундан ташқари Отабек Нарзуллаев билан шартнома бекор қилингани хақида хабар берган эдик. Элдор Эргашев эса айни вақтда "Олмалиқ" клубида кўрикдан ўтмоқда. Қаҳрамон Баҳодировга мураббийлар жавоб берган. Молдовалик легионер Виктор Гонца эса яна таркибга қайтади ва кейинги йиғинда ҳам иштирок этади.
"Машъал" (ЁШЛАР ТАРКИБИ)
Жамоамизнинг ёшлари эса кеча Қашқадарёнинг тоғли "Чашма" оромгоҳидан қайтиб келди ва машғулотларини Муборакда олиб бормоқда. Ўн кунлик тоғдаги машғулотлар давомида Вали Келдиев шогирдлари сафига янги футболчилар келиб қўшилгани йўқ. Жамоани эса ёшлардан ҳеч ким тарк этмаган. Мавсум бошланиши олдидан ушбу жамоамиз битта назорат учрашуви ўтказади.
"Машъал-2" (БИРИНЧИ ЛИГА)
Биринчи лига жамоаси биринчи босқичдан сўнг бир ҳафталик таътилга чиқди. Бугун таътилни якунлаб жамоа аъзолари Янгиерда йиғилди. Эртага биринчи лига жамоамиз Тошкент шаҳрида тиббий кўрикдан ўтади ва Қашқадарёга қайтади. 19 июлдан бошлаб ушбу жамоа "Чашма" дам олиш оромгоҳида 10 кунлик машғулотларни олиб боради. Йиғин якунида эса биринчи лига жамоамиз иккита назорат учрашувида майдонга чиқади.