Колумбиялик юлдуз Шакира бу сафар ҳам жаҳон чемпионатини ўз ижроси билан безатди. У бу сафар Рио-де-Жанейрода, “Маракана” стадионида чемпионатнинг ёпилиш маросимида қўшиқ куйлади. Поп-юлдуз ижросидаги “Ла Ла Ла” таронаси эса аллақачон ўз мухлисларини топиб улгурди.
“Метро” нашри ёпилиш маросими якунланганидан сўнг Шакира билан интервью уюштирди. Қуйида ана шу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Агар карьерангиз футбол билан боғлиқ бўлганида, ўйинчи бўлармидингиз ёки мураббий?
— Албатта, мураббий, чунки у майдондаги ўйин стратегиясини билишга мажбур. Шахсан мен бошқарувни жуда яхши кўраман. Мен фаолиятимни шахсан футбол билан боғлашга интилмадим, чунки шундоқ ҳам футбол ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ҳаётим футбол майдони, дўстларим, ҳамроҳларим футболчилар. Футбол нафасини ҳис қилишим учун ҳамма нарса етарли.
— Агар супер қобилиятингиз бўлганида, уни нималарга ишлатган бўлардингиз?
— Супер қобилият?.. Таълим соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантирган бўлардим.
— Машҳурлик сизга нима беради?
— Машҳурликми? Мамнуният, ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Масалан, сиз мен эришган ютуқлардан томошабинларни бохабар қиласиз. Мен эса бундан завқ оламан. Шунчалик завқ оламанки, мухлисларга янгидан-янги қўшиқларимни ҳадя қиламан. Умуман олганда, машҳурлик менга овозимдан фойдаланиш, журналистлар билан турли нарсалар ҳақида суҳбатлашиш, халқнинг эътибор марказида бўлиш имконини беради. Мен мухлисларим ҳаётининг ажралмас бўлагига айланишни истайман. Айни дамда эса ўғлим ва туғилажак фарзандларим ҳақида ўйлаяпман. Чунки улар яхши таълим олишлари керак, айниқса, Лотин Америкасида бу муҳим масала. Ҳозир ана шу муаммонинг ечимларини излаяпман.
— Ўзингизни қандай аёл деб ҳисоблайсиз?
— Мен кўп қиррали ва ҳаёти рангларга тўла аёлман. Баъзида эса ана шу ранглар ўрнини қора булутлар эгаллаб олиши мумкин. Лекин бундан асло чўчимайман. Чунки булутлар, барибир, тарқайди.
— Фарзандли бўлганингиздан кейин ҳаётингизда қандай ўзгаришлар содир бўлди?
— Ғайратим янада ошди, ҳаётимиз ҳиссиётларга, саргузаштларга бой бўлди. Мен ҳам ижодий танаффус қилдим, ахир оиламга, фарзандимга вақт ажратишим керак эди. Бор эътиборимни ўғлимнинг тарбиясига қаратдим. Жерар (Пике) ҳам мен ва ўғлимга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиляпти. У биздан узоқда бўлишни ёқтирмайди ва оиласини ҳимоя қила олади, масъулиятни чуқур ҳис этади.
— Жаҳон чемпионати қандай таассурот қолдирди?
— Қувонтиргани рост, чунки мен мундиалнинг ажралмас қисмига айландим. Лекин азоблагани ҳам бор гап. Сабаби, мен Испания ва Колумбияга мухлислик қилгандим. Колумбия терма жамоасининг ажойиб ўйинларини, ғалабаларини кўриб, кўз ёшларимни тия олмадим. Бу футболчилар, шак-шубҳасиз, жаҳон чемпионатлари тарихидан муносиб жой олишди. Аммо Колумбия мусобақани эрта якунлагач, финални кутдим. Барча қитъадошларим каби Аргентинанинг ғалабасига умид қилгандим. Аммо афсус...
— Жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида қўшиқ куйлаш сиз учун қандай аҳамиятга эга?
— Футбол миллионлаб мухлисларига эга. Мен ана шу кенг аудитория, кўплаб мухлисларим учун қўшиқ куйлайман. Бунинг ҳис-ҳаяжонини сўз билан таърифлаш қийин. Ҳозир фақат шуни айта оламанки, ёпилиш маросимида қўшиқ айтишдек масъулиятни менга топширишганидан жуда мамнунман.
Низомжон ИСЛОМОВ