Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида теннис бўйича мукофот жамғармаси 1.399.700 долларни ташкил этган “Citi Open” халқаро турнирининг асосий тўр баҳслари давом этмоқда.
Дунёнинг кўплаб етакчи ракетка усталари иштирокида ўтаётган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин яккалик баҳсларининг иккинчи даврасида австралиялик Бернард Томични 6-4, 7-6 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқди.
Энди Денис Истомин 31 июль куни ўтказиладиган нимчорак финал баҳсида Дональд Янг (АҚШ) – Жюльен Беннето (Франция) учрашуви ғолиби билан куч синашади.
***
Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов ҳам Канаданинг Ванкувер шаҳрида старт олган “Челленжер” туркумига кирувчи халқаро турнирни ғалаба билан бошлади.
Мукофот жамғармаси 100.000 АҚШ долларидан иборат мусобақанинг яккалик баҳси биринчи давра учрашувида Дўстов америкалик Райан Уильямсни 6-0, 3-6, 6-4 ҳисобида мағлуб этди.
Фаррух иккинчи даврада италиялик Андреа Колларинига қарши кортга чиқади.