Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!

Баҳо:
+ | -

Ҳар қандай йирик спорт мусобақаси бўлиб ўтгандан сўнг сон-саноқсиз миш-мишлар пайдо бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Агар гап футбол бўйича дунё биринчилиги тўғрисида кетаётган бўлса, миш-мишларнинг сони янада ошиши турган гап. Бунақа пайтда уларнинг қай бирига ишонишни ҳам билмайсан киши. Хуллас, қуйида футбол бўйича жаҳон чемпионатларида юз берган энг қизиқарли ва ҳайратланарли воқеалар ҳақида ҳикоя қиламиз.

1930 йилги жаҳон чемпионати
Бундан роппа-роса 84 йил аввал Уругвай майдонларида дунё тарихидаги биринчи мундиаль бўлиб ўтганди. Томошабинларни энг кўп қизиқтирган ўйин, албатта, майдон эгалари ҳамда Аргентина термаси ўртасидаги финал матчи бўлди. Айнан илк чемпионатдаги ҳал қилувчи ўйинни бошқариб борган бельгиялик ҳакам Жон Ланженю учрашувдан аввал ўзини ечиниш хонасида эмас, балки, панжара ортида кўради. Гап шундаки, финал ўйинига қизиқиш шу қадар кучли бўлганки, стадионга кириш ҳаммага ҳам насиб қилмаган. Чипта ололмаганлар эса стадионга турли йўллар билан киришга уринишган. Бир неча ашаддий футбол ишқибозлари хавфсизлик хизмати ходимларини алдаб, финал ўйинини бошқариб борувчи ҳакамнинг гувоҳномасини сохталаштиришган ва шу йўл билан стадионга киришган. Аммо бахтга қарши, ҳақиқий ҳакамни полициячилар жиноятчига чиқариб, уни ҳибсга олишган. Турнир ташкилотчиларининг ўз вақтида қилган хатти-ҳаракатлари туфайли бельгиялик бечора ҳакам панжара ортида кўп ўтирмаган. Айтишларича, Уругвай термаси ғалаба қозонган ўша финал матчи белгиланган вақтдан бир соат кеч бошланган экан. Ким билади, балки, бош ҳакамни полиция бўлимидан стадионга олиб келиш учун бир соат керак бўлгандир.

1962 йилги жаҳон чемпионати
1962 йили Чилида ташкил этилган жаҳон чемпионатида ҳам эсда қоларли ҳангома юз берган. Бразилия ҳамда Англия термалари учрашуви чоғида хавфсизлик хизмати ходимлари кўзини шамғалат қилиб, майдонга кучукча югуриб чиққан. Ҳакамлар ва қўриқчилар анча уриниб, кучукчани тута олишмагач, бу иш билан футболчилар шуғулланишган. Бироқ майдонга шунчаки эмас, балки, футбол ўйнагани тушганми, кучукча ҳам ҳадеганда одамларга тутқич бермасди. Шу пайт Англия термаси ҳимоячиси Жимми Гривзнинг калласи ишлаб қолди. Футболчи худди ҳайвонларга ўхшаб тўрт оёқлаб олди-да, кучукчага қараб юрди. Кутилмаган бу ҳолатдан ҳайрон бўлган жонивор жойида тўхтаб қолди, пайтдан фойдаланган Гривз уни тутиб олди. Миш-мишларга кўра, ана шу воқеадан сўнг Англияда итларга «Жимми» ва «Гривз» деб ном қўйиш роса урф бўлган экан.

1966 йилги жаҳон чемпионати
Балки, мундиалда рўй берган баъзи воқеа-ҳодисаларни ишқибозларнинг ўзлари ўйлаб топишгандир, аммо Болгария термаси ҳимоячиси Иван Вуцовнинг бошидан кечирган кўргиликлар расмий тарзда қоғозга битилган. Айнан Вуцов 1966 йили жаҳон чемпионати финал босқичида нақ икки марта ўз дарвозасига гол уриб қўйган. Венгрия термаси билан кечган матчда Иван тепган тўп аввал ўйинчилардан бирига тегиб, кейин дарвоза тўридан жой эгаллаган бўлса, португалларга қарши ўйинда Вуцов йиқилаётиб ўз дарвозасига шунчалик чиройли тўп киритган-ки, бу гол ҳали-ҳануз энг ажойиб автоголлардан бири сифатида эътиро этилади.

1974 йилги жаҳон чемпионати
1971-1997 йиллар оралиғида Заир жамоаси сифатида ном қозонган Конго Демократив Республикаси термаси 1974 йилги мундиалда жуда муваффақиятсиз иштирок этган. Футболчилар гуруҳ босқичини тўплар нисбатига кўра 0:14 билан сўнгги ўринда якунлашган. Миш-мишларга кўра, ушбу омадсиз иштирокидан сўнг ватанига қайтган футболчилар мамлакат раҳбарларининг қарорига мувофиқ ҳарбий хизматга жўнатиб юборилган. Шу ўринда БАА термаси футболчиси билан боғлиқ бир воқеани ҳам эслаб ўтиш жоиз. ГФР дарвозасига киритган ягона голи сабаб БАА футболчисига маҳаллий шайхлардан бири «роллс-ройс» совға қилган, гарчи ўша ўйинда амирликлар 1:5 ҳисобида ютқазиб қўйишган бўлсалар-да.

1982 йилги жаҳон чемпионати
Испанияда ташкил этилган 1982 йилги жаҳон чемпионатида ҳам ўзига хос воқеа юз берган. Франция ҳамда Қувайт термалари ўртасидаги учрашув чоғида европаликлар ҳужумга ўтиб турган бир пайтда қайсидир ишқибоз худди бош ҳакамникига ўхшаш тарзда ҳуштак чалган. Натижада қувайтлик футболчилар ўйин тўхтатилди деган ўйда тўхтаб қолишган, французлар эса гол уришган ва бу гол бош ҳакам томонидан ҳисобга олинган. Баҳсли вазият юзага келгани боис бош ҳакам Ступар ўйинни тўхтатиб, трибуна остидаги хонага кириб кетган. Айтишларича, ҳакам у ерда шахсан Қувайт футбол федерацияси президенти билан гаплашган. Ростдан ҳам шундайми ёки йўқми, бу ёғи бизга қоронғи, аммо 20 дақиқалик танаффусдан сўнг Ступар майдонга чиқиб келиб, голни бекор қилган. Айтиш жоизки, французлар ўша матчда, барибир, ўз сўзларини айтишган ва 3:1 ҳисобида қувайтлик футболчилардан устун келишган. Голлардан бирига эса афсонавий Мишель Платини муаллифлик қилган.

1990 йилги жаҳон чемпионати
1990 йили Италияда бўлиб ўтган мундиалда Камерун термаси ҳужумчиси Роже Милла ўзига хос ҳангомалар қаҳрамонига айланган эди. Гап шундаки, 38 ёшли ҳужумчи жаҳон чемпионатининг бутун саралаш беллашувлари давомида ёрқин ўйин намойиш этолмаган, аммо бошқарув аппаратидаги таниш-билишлари кўмагида асосий таркибдан жой эгаллаганди. Жаҳон чемпионатии давомида журналистлар унинг шарафига бирорта илиқ сўз айтишмади, футболчининг ўзи ҳам ОАВ ходимларига жуда қўпол муносабатда бўлди. Ҳатто Милла агар бирорта тепган тўпи ноаниқ кетса, репортёрлардан кечирим сўрашини ҳам маълум қилди. Лекин журналистлардан узр сўрамади, чунки чиндан ҳам Роже хатога йўл қўймади. Турнир давомида рақиблар дарвозасига тўрт бор гол урди, Камерун термаси эса чорак финалгача етиб борди.

2006 йилги жаҳон чемпионати
Ҳеч кимга сир эмаски, майдонда бош ҳакамлар кўп нарсани ҳал қилади. 2006 йилги жаҳон биринчилигида ҳам британиялик судья Грэм Полл ўйинни кузатиб турган ишқибозларни роса ҳайрон қолдирди. Австралия ва Хорватия ўртасида кечган матчда Полл номаълум сабабларга кўра, хорватлар ҳимоячиси Йосип Шимунични иккинчи сариқ карточкадан сўнг ҳам майдондан четлаштирмади ва футболчи ўйинни давом эттирди. Йосип учинчи сариқ карточкадан кейингина майдонни тарк этди. Учрашувдан сўнг ҳакам Полл ўз хатосини тан олди ва эътиборсизлик туфайли огоҳлантиришни бошқа ўйинчига, бунинг устига, рақиб жамоа аъзосига ёзиб қўйганини тан олди. Баъзи гувоҳларнинг айтишича, бош ҳакамни Хорватия термаси футболчисининг лаҳжаси чалғитган бўлиши ҳам мумкин. Чунки у бир пайтлар айнан яшил қитъада тўп сурган экан.

Манба: “7 мўъжиза” газетаси

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 00:27, 01.08.2014.
Ўқилди: 15586 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.